“Беруний”да нима бўляпти ёхуд яхши яшаш учун овоз жанги
Жамият
−
20 Март
7989“Open Budget” бўйича овоз бериш жараёнлари якунланишига атиги бир кун қолди.
Тошкентнинг Олмазор тумани “Беруний” метро бекати атрофида эса турли вилоятлардан келган тумонат одам ўз маҳалласидаги муаммоларни ҳал этиш мақсадида овоз учун курашяпти. Нарх 100 минг сўмгача. Улар орасида овоз учун ҳатто ўз машинасини тикканлар ҳам бор.
“Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидан келганмиз. Қишлоғимизнинг йўллари мен туғилганимдан буён таъмир, асфальт кўрмаган. Бу бизнинг ягона имкониятимиз. Бир овознинг нархи 25-50 минг сўм. Бунинг учун қишлоғимиз аҳли 500 миллион пул йиғдик”, деди овоз йиғиш учун келганлардан бири.
“Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидан келдик. Ҳозирча 11 минг овоз йиғдик. Худо хоҳласа, ютамиз”, деди бошқа бир овоз йиғувчи.
Аммо чекка қишлоқнинг узоқ йиллик муаммолари билан бирга яшаган ва ундан безиган одамлари аслида бу муаммоларни давлатнинг ўзи ҳал қилиб бериши кераклигини айтмоқда.
“Аслида булар давлат қилиб бериши керак бўлган йўллар. Мол-мулк солиғи ёки бошқа солиқларни, масалан, йўлда радарга тушсангиз, тезда ундириб олишни билишади. Лекин нима учун инфратузилмани вақтида жойига қўйиб қўйишмайди? Ахир биз солиқ тўловчилармиз-ку”, демоқда улардан бири.
Шунингдек, турли вилоятлардан овоз йиғиш ва маҳалласининг муаммосини ҳал этиш учун келган одамлар ўз тумани, вилоятининг ҳокимини танимаслиги, улар халқ ҳолидан хабар олмаслиги, келмаслигидан эътироз билдирди.
“Бирон тадбир қилиб, халқни йиғиб, мана мен сизнинг ҳокимингизман. Нима муаммоингиз бор? Мен ҳал қиламан, дейдиган одам йўқ”, деди қашқадарёлик йигит.
LiveБарчаси