Берлинда россиялик журналистларга қарши терактнинг олди олинди

Олам

image
0:00
0:00
download

Кеча, 6 май куни Берлинда Россияга тегишли турар-жой мажмуасида яшовчи россиялик журналистлар ва уларнинг оила аъзоларига қарши террорчилик ҳаракатини амалга оширишга бўлган эҳтимолий уринишнинг олди олинди. Бу ҳақда Россиянинг Германиядаги элчихонаси маълум қилди.

Қайд этилишича, бинонинг деразаларидан бири шиша билан синдирилган. Кейин уйда суюқлик билан тўлдирилган катта идиш, пластик шиша ва симлар ёпиштирилган газ баллонидан иборат шубҳали нарса топилган.

Воқеа жойига етиб келган Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ушбу ашё қўлбола портловчи қурилма бўлганини тасдиқлаган. Портлаш хавфи бўлгани сабабли қурилма жойида зарарсизлантирилган. Операция натижасида ҳеч ким жабрланмаган. 

Хабарга кўра, Берлин полицияси воқеа юзасидан тергов олиб бормоқда.

“Россиялик журналистлар ва уларнинг оила аъзоларига хавфсиз жойга кўчиб ўтиш имконияти берилди. Воқеа факти юзасидан элчихона Германия Ташқи ишлар вазирлигига жиноятчиларни аниқлаш талаби билан нота юборди”, дейилади хабарда.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Германия ва бошқа Европа Иттифоқи ҳамда НАТО давлатларидан россиялик журналистлар ва уларнинг оила аъзоларини ўз ҳудудида ҳимоя қилиш учун зудлик билан чоралар кўришни талаб қилмоқда.

“Биз буни Ғарбда Россия оммавий ахборот воситалари ва уларнинг ходимларига нисбатан бошланган таъқибларнинг бевосита натижаси деб биламиз. Россия телеканалларининг ЕИ давлатларида тақиқланиши ҳақидаги сиёсийлаштирилган қарор журналистларнинг жисмоний қўрқитилишига олиб келди. Германия ҳукумати ушбу жиноятни ҳар томонлама чуқур текширишга мажбурдир”, дейилади Россия ТИВ баёнотида.

Вазирликка кўра, демократиянинг асосий тамойиллари – сўз эркинлиги ва журналистлар хавфсизлигига қаратилган бу қўпол ҳужумга холис баҳо БМТ, UNESCO ва ЕХҲТнинг журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ихтисослашган тузилмалари томонидан берилиши керак.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

84

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг