Бепуштликни даволашда уруғлантириш усулларидан фойдаланиш тартиби белгиланади

Жамият

image

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатга асосан, ёрдамчи репродуктив технологиялар уруғлантиришнинг айрим ёки барча босқичларида аёлнинг организмидан ташқарида амалга ошириладиган ҳомиладорликка эришишга қаратилган тиббий технологиялар, даволаш усуллари ва муолажаларидан иборат.

ЁРТ эркак ва аёлнинг ЁРТни қўллаш бўйича ихтиёрий розилик аризаси асосида қўлланилади.

ЁРТ усуллари репродуктив саломатликни сақлаш соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилади.

Репродуктив саломатликни сақлаш соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи тиббиёт ташкилотлари томонидан ЁРТ қўлланилган беморларни ҳисобга олиш ҳужжатлари юритилади. Бунда, ЁРТ қўлланилиши тўғрисидаги, шунингдек ЁРТ иштирокчиларининг шахси ҳақидаги маълумотлар шифокорлик сирини ташкил этади ва улар тўғрисидаги ахборот махфий бўлиши керак.

Бепуштлик сабабларини аниқлаш ва ЁРТдан фойдаланиш мақсадида беморлар қуйидаги бирламчи текширувлардан ўтказилади:

•  эндокрин ва овулятор ҳолатини баҳолаш (қон таркибида пролактин, гонадотропинлар, стероидли гормонлар ва шу кабилар даражасини аниқлаш);

•  кичик тоз аъзоларини ультратовушли трансвагинал текшириш;

•  гистеросальпингография, контрастли эхогистеросальпингоскопия
•  ва лапароскопия усулларидан фойдаланган ҳолда бачадон найчаларининг ўтказувчанлигини баҳолаш;

•  эндометрий аҳволини баҳолаш (эндометрийни ультратовушли трансвагинал текшириш, гистероскопия, эндометрий тўқималарининг биопсияси);

•  эркак ва аёлларни урогенитал инфекциялар мавжудлигига текшириш;

•  эркак манийси (эякулятини) текшириш;

•  сперматозоидлар агглютинацияси аниқланган ҳолда сперматозоидларнинг аралаш антиглобулин реакциясини ўтказиш.

Қайд этилган текширувлар олти ойдан кўп бўлмаган муддатда ўтказилиши лозим.

Ўтказилган бирламчи текширув натижасида бепуштлик сабаби аниқланган беморларда консерватив ва жарроҳлик даволаш ўтказилгандан сўнг 9–12 ой давомида ҳомиладорлик кузатилмаса, мазкур беморлар ЁРТ ёрдамида даволанишга юборилади.

Ўтказилган бирламчи текширув натижасида бепуштлик сабаби аниқланган 35 ва ундан катта ёшдаги аёллар консерватив ва жарроҳлик даволаш ўтказилмасдан, 9–12 ой муддатсиз шифокорлар консилиумининг қарори бўйича ЁРТ ёрдамида даволашга юборилиши мумкин.

ЁРТ ёрдамида даволашга юборилган беморлар Низомга мувофиқ ЁРТ ёрдамида даволаш усулларини қўллашга қарши кўрсатмаларни аниқлаш юзасидан қуйидаги текширувлардан ўтказилади:

•  қон таҳлилида рангпар трепонемага антитаначаларни, одам иммун танқислиги вируси (ОИВ) М, G синфи антитаначаларини, В, С вирусли гепатити антигенига 1 ва 2-антитаначаларни, қондаги қизилча вирусига антитаначаларни аниқлаш;

•  қонда 1 ва 2-тур оддий герпес вируси, цитомегаловирус (ЦМВ) молекуляр-биологик таҳлилини ўтказиш;

•  хламидиялар, микоплазма ва уреаплазма мавжудлигига микробиологик текшириш;

•  токсоплазмоз, бруцеллёз мавжудлигига текшириш;

•  жинсий йўл ажралмаларини (қин ажралмаси, эякулят) микроскопик текшириш.

Мазкур асосан текширувлардан ташқари аёллар қуйидаги текширувлардан ўтказилади:

•  қоннинг умумий (клиник) таҳлили, қоннинг биокимёвий таҳлили, коагулограмма (зарур ҳолларда гемостаз тизимини батафсил текшириш ва гематолог маслаҳати);

•  бачадон бўйинини цитологик текшириш (Папаниколау усулида);

•  пешобнинг умумий таҳлили, буйракларни ультратовуш текширувидан ўтказиш;

•  ўпка флюорографияси (бундай текширувдан 12 ойдан ортиқ вақт давомида ўтмаганлар учун);

•  электрокардиограмма;

•  қонни гормонлар мавжудлигига текшириш (ФСГ, ЛГ, пролактин, эстрадиол ва антимюллер гормони);

•  ҳомиладорликни давом эттириш имконияти юзасидан шифокор-терапевт кўриги (тиббий кўрик, маслаҳат);

•  35 ёшгача бўлган аёлларда сут безларини ультратовуш текшируви, сут безларининг хасталиги аниқланган тақдирда эса маммография текшируви;

•  35 ва ундан катта ёшдаги аёллар учун маммография текшируви.

•  Анамнезида ёки яқин қариндошларида ривожланишнинг туғма нуқсонлари ва хромосом хасталиклари мавжуд бўлган, бирламчи аменорея касаллигига чалинган, 35 ва ундан катта ёшдаги, ЁРТдан фойдаланиш ҳаракатлари самарасиз кечган аёлларга шифокор-генетик кўриги (маслаҳати) ва хромосом аппарати текшируви (кариотиплаш) ўтказилади.

Текширув натижасида эндокрин ўзгаришлар аниқланган аёлларга шифокор-эндокринолог маслаҳати, қалқонсимон без, қалқонсимон олди бези, буйрак усти безларининг ультратовуш текширувлари тайинланади.

Мазкур Низомда назарда тутилган текширувлардан ташқари эркакларга эякулят таҳлили ҳамда 35 ва ундан катта ёшдаги эркакларга генетик текширув ўтказилади.

Текширув натижаларига кўра, ЁРТ ёрдамида даволаш усулларини қўллашга қарши кўрсатмалар аниқланмаган беморларга қуйидаги даволаш усуллари қўлланилади:

•  экстракорпорал уруғлантириш;
•  сунъий уруғлантириш;
•  хэтчинг;
•  криоконсервация;                                                                                   
•  сперматозоиднинг интрацитаплазматик инъекцияси (бундан буён матнда ИКСИ деб юритилади).

Текширув натижаларига кўра беморларда ЁРТ ёрдамида даволаш усулларини қўллашга қарши кўрсатмалар аниқланганда, мазкур беморларга ЁРТ қўллаш тақиқланади.

ЁРТ усуллари қўлланилишидан аввал беморларга бу усулларнинг афзалликлари ва камчиликлари тўғрисидаги тўлиқ маълумот берилиши шарт.

ЁРТ усулларидан бирининг қўлланилиши самара бермаганда, ЁРТнинг бошқа усуллари қўлланилиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Бепуштлик буйруғи лойиҳаси

Баҳолаганлар

103

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар