Бензин нархи қачон пасайиши айтилди
Жамият
−
16 Ноябрь 2021
21832Бугун, 16 ноябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Фаррух Қорабоев бензин нархи 10-15 кунда ўзгаришини маълум қилди.
Таъкидланишича, бензин нархларига таъсир қилувчи омиллар ўрганилган, кўрсатмалар берилган, чоралар кўрилмоқда. Ушбу масала бўйича идоралараро ишчи гуруҳ ишламоқда.
“Қаерда бозор механизмлари асосида табиий ўсишга эришилган бўлса, биз унга таъсир кўрсата олмаймиз. Лекин сунъий равишда юзага келтирилган, келишиб қилинган, манипуляция ҳаракатларига таъсир кўрсатиш мумкин”, дейди Фаррух Қорабоев.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосарининг сўзларига кўра, бензин нархи ошишида ҳам манипуляция ҳолатлари, арзон нархдаги бензинни сунъий равишда аннуляция қилиш аломатлари аниқланган.
“Бензин нархини барқарорлаштириш, тушириш бўйича ҳаракатлар давом этяпти, бу вақт талаб қиладиган масала. Лекин яқин кунларда нархларда ўзгариш бўлади. Айни пайтда бозорни тўйинтириш, арзон нархлар асосида кичик харидорларга имконият бериш масаласига эътибор қаратиляпти”, дейди Фаррух Қорабоев.
Ҳозир нима бўляпти? Йирик, улгуржи харидорлар жуда кичик рентабелликка ишлайди, уларнинг савдо жараёнида баландроқ таклиф бериш имкони кўпроқ.
Шунинг учун ҳам лотлар кичик ҳажмда қилинмоқда, бундан мақсад – оддий АЁҚШларнинг бензинни олиши ва захирасини тўлдиришига имконият яратишдан иборат. Бу нархлар сунъий равишда кўтарилишининг олдини олишга ёрдам беради.
LiveБарчаси