Беморларни оғирлик даражаси бўйича саралайдиган шошилинч қабул бўлимлари ташкил этилади
Жамият
−
17 Июнь 2022
4446Ҳудудий тиббиёт муассасаларида беморларни оғирлик даражаси бўйича саралайдиган шошилинч қабул бўлимлари ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида белгиланди.
Қарорга кўра, 2022 йил якунига қадар мавжуд шифо ўринлари ва штат бирликлари доирасида:
• марказий туман (шаҳар) шифохоналаридаги шошилинч тиббий ёрдам бўлимларидаги шифо ўринлари педиатрия, терапия ва хирургия бўлимлари таркибига ўтказилиб, беморларни оғирлик даражаси бўйича саралайдиган (триаж) туну-кун ишлайдиган шошилинч қабул бўлимлари;
• республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудий филиаллари ҳамда барча туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида шошилинч қабул бўлимлари;
• Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманидаги 1-сон, Яшнобод туманидаги 4-сон, Юнусобод туманидаги 7-сон шаҳар клиник шифохоналари ҳамда Учтепа туманидаги шаҳар тез ёрдам шифохонаси таркибида алоҳида юридик мақомга эга бўлмаган туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилади.
Шунингдек, Республика тез тиббий ёрдам маркази ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, уларнинг ҳудудий филиаллари ҳамда туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизмат турларидан ташқари хизматларни пуллик асосда ташкил этишга рухсат берилади.
Янги ташкил этилаётган туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларини жиҳозлаш учун Жаҳон банкининг “Ўзбекистонда COVID-2019 коронавируси инфекциясига қарши курашиш бўйича шошилинч чораларни кўриш” лойиҳаси доирасида иқтисод қилинган маблағлар йўналтирилади.
Қарорда белгиланишича, 2022 йил 1 сентябрга қадар шошилинч қабул бўлимларининг янгиланган штат нормативлари тасдиқланади. 2022 йил 1 декабрга қадар марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг шифо ўринлари фонди аҳоли сони ва касалликлар йўналишларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқилади
LiveБарчаси