Бемор хусусий шифохона коронавирусни нотўғри даволагани сабабли вафот этди. ССВ клиникага чора кўрди
Жамият
−
06 Август 2021
10451Коронавирус бўйича даволаш стандартларига амал қилмаган хусусий шифохонанинг ушбу йўналишдаги фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, айрим хусусий тиббиёт муассасаларида коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш стандартига зид равишда шифокорлар томонидан беморларга антибиотик, гормон ва бошқа дори воситаларини буюриш ҳолатлари кузатилмоқда. Бунинг натижасида ушбу тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморлар аҳволи янада оғирлашиб, ҳатто, уларнинг ўлимига ҳам сабаб бўлмоқда.
“Бугунги кунда пойтахтимиздаги 25 та, вилоятлардаги 6 та хусусий шифохонага “COVID-19”га чалинган беморларни даволаш бўйича рухсат берилган. Афсуски, сўнгги вақтларда тегишли тартибда рухсат олмаган айрим хусусий шифохоналар томонидан лаборатор (ПЗР) тасдиқланмаган пневмония касалликларини “бу коронавирус эмас” деган асос билан даволаш ҳолатлари кузатилмоқда”, дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Фарҳод Раҳимқулов
Қайд этилишича, натижада етарли даражада жиҳозланмаган, билим ва савияга эга бўлмаган, санитария талабларига риоя этилмаган бундай шифохоналарда даволанаётган беморлар оғир асоратлар билан коронавирусни даволашга ихтисослашган давлат тиббиёт муассасаларига ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, COVID-19 инфекциясига чалинган беморларни даволаш учун ихтиёрий шартнома имзолаган айрим хусусий шифохоналарда ҳам даволаш стандартларига амал қилмаслик оқибатида беморларнинг аҳволи янада оғирлашиб, бошқа тиббиёт муассасаларига ўтказилаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди.
Хусусан, коронавирус касаллигини даволашга рухсат олган Тошкентдаги “ASIA SHINE HOSPITAL” хусусий шифохонасида ўтказилган мониторинг давомида бу ерда беморларга юритилган касаллик тарихлари тўлиқ ва сифатли тўлдирилмагани, COVID-19 га чалинган шахсларни даволаш бўйича стандарт талабларига тўлиқ риоя қилинмагани, ташкилот “bemor.ssv.uz” электрон ахборот тизимига уланмагани ҳамда коронавирус бўйича ҳисоботларни мунтазам равишда тақдим этмасдан келгани аниқланган. Натижада йўл қўйилган камчиликлар ушбу шифохонада даволанган бемор аҳволининг оғирлашишига, кейинчалик эса давлат тиббиёт муассасисида вафот этишига сабаб бўлган.
Шу боис, ушбу хусусий муассаса билан Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси ўртасида коронавирусга чалинган беморларни даволаш бўйича 2021 йил 19 июлда имзоланган шартномани бир томонлама бекор қилиш бўйича қарор қабул қилинган.
Қолаверса, 10 августга қадар ушбу шифохонада коронавирус билан даволанаётган 16 нафар беморни бошқа шифохоналарга ўтказиш ҳамда мазкур санадан бошлаб бу йўналишда беморларни даволаш бўйича фаолиятини тўхтатишга мажбурий кўрсатма берилган.
Шу билан бирга, ушбу даволаш муассасасида йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан прокуратура органларига ҳам маълумот юборилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь