“Бели оғримай” миллионерга айланган америкалик бойваччалар рўйхати эълон қилинди
Бу қизиқ
−
25 Январь
12647АҚШда дунёдаги энг катта трансмиллий корпорациялар эгалари ва бадавлат шахслар жамланган. Ўз навбатида улар корхонаси, бизнеси ҳамда бойликларини фарзандлари, турмуш ўртоғи ва ҳатто севимли уй ҳайвонларига ҳам мерос қилиб қолдириши мумкин. “Investing” нашри худди шундай бой ва таниқли ворислар рўйхатини тузиб чиқди. Рейтингдаги машҳур шахсларнинг меросхўри бўлган ёки ўзи кўпчиликка танилиб улгурган америкаликлар ҳақида баъзи маълумотларни тақдим этишга қарор қилдик.
Голливуд юлдузи Скарлетт Йоханссоннинг соф бойлиги 140 миллион долларни ташкил қилади. Бу пуллар унга ота-онаси Карстен Олаф Йоханссон ва Мелани Слоандан мерос бўлиб ўтган. Скарлетт Йоханссон ажойиб истеъдод соҳиби бўлса-да, у ота-онасининг ёрдами туфайли оёққа турганини яширмайди.
Ўзбек томошабинларига “Саҳро шаҳзодаси” фильмидаги роли билан таниш актёр Жейк Жилленхол машҳур Голливуд режиссёри Стивен Жилленхолнинг ўғлидир. Унга отасидан 65 млн доллар қийматидаги бойлик мерос бўлиб қолган. Актёр Лос-Анжелесда туғилган ва Колумбия университетини тамомлаган. У болалигидан актёрликни танлаган, унинг дебюти 1991 йилда суратга олинган "Siti slickers" фильмида бўлган.
Бир неча бор "ўлиб-тирилган" америкалик молиячи Жорж Сороснинг ўғли Александр Соросга ҳам отасидан 20 млрд долларлик мерос қолган. Александр Нью-Йорк университетида таҳсил олган бўлиб, у ҳатто Ph.D. даражасини ҳам ёқлаган. У ўз илмий ишларини "Politico" , "The Guardian" , "The Forward" сингари йирик нашрларда эълон қилиб боради. У ҳам отаси сингари хайриялар билан шуғулланади, жумладан "Яҳудий Адолат" жамғармасини бевосита қўллаб-қувватлайди.
Америкалик қўшиқчи ва актриса Ариана Гранденинг бойлиги 50 млн долларни ташкил қилади. Санъаткорнинг пуллари унга отаси, таниқли график дизайнер Эдвард Бутера ҳисобидан ўтган. Шунга қарамай Ариана қобилияти, кенг вокал диапазони туфайли альбомларининг муваффақияти ортидан Grammy мукофотини қўлга киритган.
Голливуднинг машҳур актрисаларидан бири Кристен Стюарт ҳисобига ҳам отаси Жон Стюартдан 70 млн доллар қийматидаги мол-мулк ўтган.
Шунга қарамай Кристен 2010-2012 йилларда дунёдаги энг кўп маош олувчи актрисалар рўйхатига киритилган. Актриса Лос-Анжелесда туғилган ва унинг ота-онаси, жумладан, телепродюсер Жон Стюарт шоу-бизнес вакили бўлган. Шу боисдан ҳам актриса болалигиданоқ бир-нечта роллар ижро эта бошлаган. Жумладан, 2002 йилда суратга олинган “Ваҳима хонаси” фильмидан сўнг у кўпчиликнинг эътиборига тушган.
Айни пайтда АҚШдаги сайловларда ғалаба қозониш учун тиш-тирноғи билан курашаётган собиқ президент Дональд Трампнинг қизи Иванка Трамп ҳам отасидан яхшигина пул ундирган. Қария Трамп қизи учун бойлигининг 375 миллион долларини ажратиб берган. Иванка ҳам тадбиркорликда отасидан қолишмайди. Унинг бизнеси мода оламидан тортиб, нашриётгача бўлган соҳаларни қамраб олган. У отасининг ҳам асосий маслаҳатчиларидан бири ҳисобланади.
Рокфеллерлар сулоласининг аъзоси Ариана Рокфеллер Standard Oil компаниясининг энг бой меросхўрларидан бири саналади. Банкир Дэвид Рокфеллернинг набирасига 2,8 млрд долларлик мерос қолган. Унинг ота бобоси ўз вақтида нефть компаниясига асос солиб, миллиардлаб пул ишлаб топишга муваффақ бўлган.
Ариана мода саноатига жуда қизиқади ва у Колумбия университетида таҳсил олган. Миллиардер хоним Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ҳам амалиёт ўтаган, бироқ кейинчалик у ўзининг мода брендини яратишга қарор қилган.
Таниқли актриса, ёзувчи ва продюсер Рашида Жонс ҳам бадавлат меросхўрлар қаторидан ўрин олган. Унга отаси – машҳур мусиқа продюсери Куинси Жонсдан 25 млн долларлик активлар мерос бўлиб қолган. У, шунингдек, аёллар ҳуқуқлари фаоли ҳисобланади. У ўзи муаллифлигидаги картиналарида кўпинча Америкада аёлларнинг жинсий эксплуатация қилиниши муаммосига тўхталган.
Қарийб 28 млрд долларлик даромад келтирадиган Dell Technologies компаниясининг меросхўри Алекса Делл ҳам Американинг энг таниқли аёлларидан биридир. Унинг отаси Майкл Делл дунёнинг энг бой одамлари қаторидан жой олган.
Том Круз ва Кэти Холмснинг қизи Сури Круз ҳам гарчанд ота-онаси ажрашиб кетган бўлса-да, 300 млн доллардан кўпроқ мерос эгаси ҳисобланади. У актёр ва продюсер Том Крузнинг ягона ҳақиқий фарзанди.
Ер юзидаги бадавлат болалардан бири шубҳасиз – Шимолий-Ғарб (North West). Ўзининг ноодатий исми билан эътиборни тортувчи қизалоқ реалити-шоу юлдузи Ким Кардашьян ва таниқли рэпер Канье Уэстнинг фарзанди. Айни пайтда у ота-онасининг 130 млн долларлик бойлиги эгаси ҳисобланади. Шунга қарамай қизалоқ истеъдоди туфайли реклама роликларида, телевидениеда ва ҳатто Пол Маккартнининг мусиқий видеосида суратга тушиб мўмайгина пул ишлаб олган.
Яна бир пули кўп қизалоқ бу Блю Айви Картердир. У Американинг супер юлдуз қўшиқчилари Бейонсе ва Жей-Зининг меросхўри ҳисобланади. Фақат у 1,2 млрд долларлик бойлигини келажакда эгизак укалари билан бўлишишга мажбур.
Лиза Жобс Apple асосчиси ва собиқ бош директори Стив Жобснинг қизи бўлиб, унга отасидан 18,8 млн доллар қолган. Лиза Орегон штатининг Портленд шаҳрида туғилган ва Гарвард университетида таҳсил олган. У Жобснинг биринчи рафиқаси Кризан Бреннан билан турмушидан дунёга келган. Жобс вафот этганида Лизага унинг миллиардлаб бойликлари ва акциялари мерос бўлиб қолган.
Марҳум поп юлдузи Майкл Жексоннинг қизи Пэрис Жексоннинг бойлиги ҳам 100 млн долларга чамаланмоқда. Майкл Жексоннинг орттирган мол-мулки Пэрис ва унинг икки укаси ўртасида тақсимланган. У 1998 йилда АҚШнинг Беверли-Хиллз шаҳрида туғилган бўлиб, йигирма ёшидан бошлаб моделлик билан шуғуллана бошлаган.
LiveБарчаси