Беларусдан Литвага дрон учирилди

Олам

image

Беларусдан Литвага номаълум турдаги дрон учиб келди. У тахминан 200 метр баландликда кузатилган ва охирги марта Вильнюс яқинида кўрилган. Бу ҳақда бугун, 28 июль куни Инқирозларни бошқариш миллий маркази хабар берди.

“Полиция барча кучларни сафарбар этди, барча хизматлар хабардор қилинди. Дронни пайқаган аҳолига зудлик билан 112 рақамига қўнғироқ қилиш ва ҳеч қандай ҳолатда унга яқинлашмаслик тавсия этилади. Бу қандай дрон экани номаълум, қўшимча маълумот тақдим этилади”, дейилади марказ баёнотида.

Ижтимоий тармоқларда учувчисиз самолётнинг фотосуратлари ва видеолари эълон қилинди, улар Россия армияси томонидан Украинага қарши урушда Украина Қуролли кучлари ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига босимни кучайтириш учун фойдаланилган Россиянинг “Гербера” дрони бўлиши мумкин. Охирги маълумотларга кўра, учувчисиз самолёт Вильнюс устидан учиб ўтган ва шимоли-ғарбга, Укмерге шаҳри томон учмоқда.

“Уни қидиришга барча полиция кучлари ва бошқа хизматлар жалб қилинган”, деди Литва полиция департаменти вакили Ревита Янавичюте ELTA агентлигига.

Литва Мудофаа вазири Довиле Шакалене Беларусдаги ҳарбий машғулотларга тайёргарлик кўрилаётганига ишора қилди. Унинг сўзларига кўра, бу билан боғлиқ ҳолда “ҳар қандай ҳодисалар, жумладан, тасодифий ҳодисалар эҳтимоли” ортади.

“Мен ҳозиргина Ички ишлар вазири ва армия қўмондони билан гаплашдим, маълумотларга аниқлик киритилмоқда. Эътибор беринг, бугунги кунда об-ҳаво шарлар учун қулай, контрабандачилар ўз юкларини етказиб беришда фойдаланади”, деди Шакалене LRT радиосида.

Литванинг ҳаво ҳаракатини бошқариш оператори Oro navigacija хабар беришича, Литвада учувчисиз самолёт туфайли ҳаво қатнови тўхтатилмаган.

“Парвозлар одатдагидек давом этмоқда”, дейди Ингриди Даугирде.

Худди шундай ҳодиса 10 июль куни ҳам содир бўлиб, кўринишидан Shahed ҳужумчи дронига ўхшаш “Гербера” дрони Беларусдан Литвага учиб келган. Литва расмийлари тергов олиб бормоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Литва Беларусь дрон Вильнюс

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг