Беларусда руҳоний 34 йил ичида биринчи марта қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Олам
−
31 Декабрь 2024
6283Минск вилоят суди католик руҳонийси Генрих Околотовични “давлатга хиёнат”да айблаб, 11 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда кеча, 30 декабрь куни Беларуснинг “Catholic Life” портали хабар берди.
Унга кўра, Минск яқинидаги Воложин шаҳридаги черков руҳонийси 64 ёшли Околотовичга шифокорлар оғир хасталик ташхисини қўйган. Суддан олдин руҳоний бир йилни Давлат хавфсизлик қўмитасининг тергов ҳибсхонасида ўтказган. Бундан ташқари, хавфсизлик кучлари черков пулларини мусодара қилган.
Суд жараёни ёпиқ ўтган, Генрих Околотовичга қўйилган айбловларнинг моҳияти номаълумлигича қолди. Порталнинг ёзишича, у “давлатга 1 миллион евро зарар етказганликда” айбланган. Бошқа маълумотларга кўра, руҳоний яширин маълумотни кимгадир узатган. Околотовичнинг ўзи айбига иқрор бўлмаган. У билан бирга худди шу иш юзасидан икки нафар маҳаллий аҳоли қўлга олинган. Кейин улар қўйиб юборилган, аммо улар иш ҳақида ҳеч нарса айтмаган. Ҳукм ҳақида расмий маълумот йўқ. Беларусь давлат оммавий ахборот воситалари у ҳақида ёзмайди.
“Беларусда коммунистик режимдан бери биринчи марта католик руҳонийси жиноий сиёсий модда бўйича судланди, шунингдек, на метрополитан, на бошқа епископлар, на руҳонийлар ҳукм чиқармаган”, дея ёзган “Catholic Life”.
“Весна” инсон ҳуқуқлари маркази вакили Павел Сапелко бу ҳукм январь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари олдидан юзлаб бошқа руҳонийларни қўрқитиш ва овозини ўчиришга қаратилганини айтган.
Генрих Околотович Беларусь ССР “Новая Миш” қишлоғида туғилган, руҳоний бўлиш учун яширинча ўқиган ва Ригадаги семинарияни тугатган. Совет даврида у Беларусдаги католик черковининг тикланишига ёрдам берган. Ишда ҳам, уйда ҳам руҳоний беларусча гапирган. Тергов ҳибсхонасидан туриб ёзган мактубларда у Рим Папасининг шафоатига умид қилишини ёзган.
LiveБарчаси