Ғарб давлатлари Беларуснинг бурни тагида ҳарбий машғулот бошлади
Олам
−
14 Октябрь
3388Бугун, 14 октябрь куни Литванинг Беларусь билан чегараси яқинида жойлашган Пабраде шаҳридаги генерал Сильвестрас Жукаускас номидаги полигонда Самогития пиёдалар бригадаси томонидан ташкил этилган Brave Griffin 2024/2 халқаро ҳарбий машғулотлари бошланади. Бу ҳақда Литва Қуролли кучлари маълум қилди.
Билдирилишича, ушбу машғулотларга АҚШ, Буюк Британия ва Польшадан 2,5 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчилар ҳамда 250 та техника жалб этилади. Маълумотларга кўра, ҳар йили ўтказиладиган ушбу манёврлардан мақсад Самогития бригадаси бўлинмаларини иттифоқчи бўлинмалар билан ҳамкорликда мудофаа операцияларини режалаштириш ва ўтказишга ўргатишдир.
Қайд этилишича, 14 октябрь куни Клайпеда – Казлу-Руда йўналиши бўйлаб, 20 октябрда эса Казлу-Руда – Пабраде йўналиши бўйлаб ҳарбий техниканинг интенсив ҳаракатланиши режалаштирилган. Brave Griffin машқлари икки ҳафта, 31 октябргача давом этади.
Машқлар Россиянинг 2022 йил февралидан бери давом этаётган Украинага қарши кенг кўламли ҳарбий агрессияси фонида ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 14 октябрь куни НАТОнинг альянсга аъзо мамлакатларни ҳимоя қилиш бўйича икки ҳафталик йиллик манёврлари бошланиши, улар давомида ядро қуролидан фойдаланиш амалиёти ўтказилиши хабар қилинганди. Steadfast Noon машғулотларида Европанинг саккизта ҳаво базасида жойлашган 2000 га яқин аскар иштирок этади. Ҳаво манёврларида 60 дан ортиқ самолётлар, жумладан, АҚШнинг Европада жойлашган ядро бомбаларини олиб юришга қодир замонавий қирувчи самолётлар, узоқ масофали бомбардимончи самолётлар, шунингдек, кузатув ва ёнилғи қуйиш самолётлари иштирок этади.
LiveБарчаси