Бельгия собиқ қиролининг никоҳсиз қизи ДНК тести орқали малика мақомини олди
Олам
−
02 Октябрь 2020
5262Бельгия собиқ қироли Алберт II нинг никоҳсиз қизи, рассом Дельфин Боэль малика унвонига эга бўлиш ҳуқуқига эришди. Қарор Брюссель Апелляция суди томонидан қабул қилинган.
Шунингдек, Боэлнинг ўғли ва қизи, яъни собиқ қиролнинг набиралари ҳам шаҳзода ва малика мақомига эга бўлишлари мумкин.
Боэль отаси Албертнинг Саксен-Кобург-Готск фамилияси ва унинг исмига “Ҳазрати олиялари” фахрий унвони қўшиб айтилиш ҳуқуқини ҳам олган. Бундан ташқари, Дельфин собиқ монарх меросининг саккиздан бир қисмини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
"Судда ғалаба қозонган билан отанинг меҳри ўрни босилмайди. Лекин бу кишига адолат туйғусини беради", деган Боэлнинг адвокати Марк Уйттендал.
Маълумот учун, Дельфин Боэль 1968 йилда Алберт II ва баронесса Сибилла де Селис Лоншаннинг ишқий муносабатлари натижасида туғилган. Ўша пайтда иккисининг ҳам алоҳида турмуши бўлган. Жамоатчиликка уларнинг муҳаббат тарихи 1999 йилда маълум бўлган.
2013 йилда Алберт II тахтдан воз кечган ва қонуний дахлсизлигини йўқотган. Ўшанда Боэль унга қарши оталикни тан олишини сўраб судга мурожаат қилган.
2019 йилда суд собиқ қиролга ДНК тести топширишни буюрган. Натижада Боэль унинг қизи эканлиги исботланган. Жорий йил бошида Алберт II никоҳсиз туғилган қизини расман тан олган.
LiveБарчаси