Бекободдаги боғча фаолияти вақтинча тўхтатилди, масъулларга чора кўрилади
Жамият
−
29 Сентябрь 2019
5283Шу йилнинг 27 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида жойлашган Мактабгача таълим муассасасида 11 бола овқатдан заҳарлангани ҳақида хабар бергандик.
"Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Бекобод шаҳар тиббий бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимига 19 нафар бола "Ўткир диарея, гастроэнтерит" дастлабки ташхиси билан келтирилди. Оғир ҳолатлар қайд этилмаган, 3 боланинг ҳолати ўрта оғирликда, 15 нафариники қониқарли, бир бола уйга жўнатилган. Даволашдан сўнг, болаларнинг барчасида тузалиш томон ижобий динамика кузатилмоқда".
Мазкур воқеа ҳақидаги хабар етиб келиши билан Бекободга Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи жўнатилган.
Ишчи гуруҳ Бекободдаги 15-сонли МТТдаги озиқ-овқатдан заҳарланиш ҳолатини ўрганиб чиқди. Қайд этилишича, заҳарланиш сабабини аниқлаш мақсадида сув, озиқ-овқат, ошхона жиҳозлари, ходимлар қўли ва кийимларидан суртмалар, овқатнинг суткалик намунаси, шунингдек касалхонага ётқизилган болалардан анализлар олинган. Барча материаллар Давлат Санитария-Эпидемиология Марказига юборилган.
.Ўрганиш жараёнида қуйидагилар аниқланди:
• МТТ янги маиший музлатгичлар билан жиҳозланган ва улар ишчи ҳолатида;
• ходимлар тиббий кўрикдан ўтганлар ва санитар китобчасига эга;
• МТТ сув таъминотида узилишлар бўлиб туради. "Аriston" сув иситгичи ишчи ҳолатида эмас;
• дезинфекция ва ювиш воситаларининг захираси мавжуд бўлишига қарамай ходимлар уларни ишлатишмайди;
• гуруҳларда эмалланган идиш-товоқ етарли эмас;
• гуруҳларга ичимлик суви қўйилмаган;
• 27 сентябрь кун таомномасига бир-бирига мос келмайдиган таомлар киритилган (бодринг ва кисель, қуюлтирилган сут ва олма);
Ўтказилган текширув жараёни овқат тайёрлаш блоки ҳамда гуруҳларда санитария қоидаларига риоя қилинмаганини кўрсатди.
МТТ фаолияти ва эпидемиологик текширув натижалари асосида раҳбар, ҳамшира ва озиқ-овқат блоки масъул ходимларига нисбатан лавозимдан озод этишгача бўлган маъмурий чоралар кўрилиши мумкин.
Айни вақтда Бекободнинг 15-сонли МТТси фаолияти вақтинча тўхтатилган, ташкилотда ювиш ва дезинфекция тадбирлари амалга оширилмоқда.
LiveБарчаси