Бекхэм қиролича Елизавета II билан хайрлашиш учун 13 соатдан ортиқ навбатда турди

Спорт 4656
image

Англия терма жамоаси ва “Манчестер Юнайтед”нинг собиқ футболчиси Дэвид Бекхэм Буюк Британиянинг марҳум қироличаси Елизавета II билан ҳайрлашиш учун 13 соат навбатда турди. Бу ҳақда ESPN нашри хабар берди.

Дэвид Бекхэм бобоси, бувиси ва оиласи номидан Қиролича билан ҳайрлашиш учун келганини айтган.

“Мен қиролларни (яхши кўрувчилар – таҳрир) оиласида ўсганман. Мен шундай тарбияланганманки, агар бобом ва бувим тирик бўлганида, улар ҳам шу ерда бўлишни хоҳлашларини биламан. Шунинг учун мен уларнинг номидан ва оилам номидан шу ердаман. Албатта, атрофдагилар билан бирга Қироличанинг хотирасига ҳурмат бажо келтирмоқчиман”, деган собиқ футболчи.

Шунингдек, “Манчестер Юнайтед”нинг собиқ футболчиси Қироличанинг қўлидан Британия Империяси орденини олганини ва у билан гаплашганини ҳаётидаги энг муҳим лаҳза, деб атаган.

“Мен ўз мамлакатим шарафини ҳимоя қилган, (Англия) сардори бўлган давримда ва у билан (Елизавета II) кўп марта учрашиш имконига эга бўлганимдан жуда бахтиёрман. Ҳар сафар терма жамоа либосида турганимизда, қўлимда сардорлик боғичи бор эди ва биз “Худо қироличани асрасин” қўшиғини куйлардик. Бу биз учун катта аҳамиятга эга эди. Ҳар сафар бу алоҳида ҳис-туйғу бўлган. Эҳтимол, мен учун энг муҳим дақиқа Британия Империясининг орденини олган пайтим бўлган. Мен нафақат мукофот олдим, балки Ҳазрати Олиялари билан гаплашдим. У менга саволлар берди... Ҳаётимда шундай лаҳзалар бўлганидан жуда бахтиёрман”, деган Бекхэм.

Бекхэм 2003 йилда футболдаги хизматлари учун қиролича томонидан Британия Империяси ордени (Order of the British Empire) билан тақдирланган.

Қиролича билан ҳайрлашиш олдидан Дэвид қора костюм, тўқ кўк пальто ва текис қалпоқ кийган эди. Бекхэмнинг айтишича, 13 соатдан ортиқ навбатда турганига қарамай, унинг тиззалари оғримаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 сентябрь куни Буюк Британия Қироличаси Елизавета II 96 ёшида вафот этди. У 1952 йилнинг 6 февралида тахтга ўтирган эди.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 64
Рейтинг: 3.1
t
×