Бегона эркак Бош вазир Мадьярнинг юзига шароб сепди (видео)

Олам

image

Венгрия Бош вазири Петер Мадьяр Сексард шаҳридаги вино фестивалида овқат олиш учун навбатда турган вақтида бир эркак унинг юзига шароб сепиб юборди. Бу ҳақда 19 сентябрь куни Мадьяр ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.

Қайд этилишича, Бош вазир Печ шаҳридаги чиқишидан сўнг уйига қайтаётиб, маҳаллий аҳолининг таклифига биноан Сексард ҳосил байрами (Szekszárdi Szüreti Napok) фестивалида тўхтаган. У фестивалдаги овқатланиш шохобчаларидан бирида навбатда турган вақтда бир эркак унинг устига бир стакан шароб сепган.

Видеода номаълум эркак аввал қўлидаги стакандан ичимликдан бир қултум ичгани, шундан сўнг уни Мадьяр турган томонга сепиб юборгани акс этган. Шундан кейин қора кийимдаги хавфсизлик ходими эркакни дарҳол воқеа жойидан олиб чиққан.

Петер Мадьяр эса ҳодисага қарамай, фестиваль иштирокчилари билан суҳбатлашиш ва суратга тушишда давом этган. Воқеадан сўнг у Facebook саҳифасида ҳодиса юзасидан муносабат билдирган.

“Бу жанобни ҳамма яхши вақт ўтказаётгани, бизни юзлаб одамлар билан суҳбатлашиб, суратга тушаётганимиз жуда безовта қилган бўлса керак. У ёнимга келиб, кўзимга қарашга унчалик журъат қилмади. Мазали Сексард (Szekszárd) виносига ачиниб кетдим”, деб ёзган Петер Мадьяр.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эроннинг сўнгги шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг ўғли Ризо Паҳлавий Берлинда кўчага чиққанида унинг устига қизил суюқлик сепилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг