Байрам бюджетга қанчага тушди? 

Таҳлил

2025 йил. Янги йил кириб келди. Сизни эса аллақачон байрам кайфияти тарк этиб улгургандир. Йўқ, шошилманг. Ҳозир сизга бу кайфиятни қайтарамиз. Сиз бу байрамга қанча пул сарфладингиз? 500 минг, 1 млн, ана боринг 2 млн дир. Давлат-чи? Бугунги кунда давлат қарзи 38 млрд долларга яқинлашиб қолган, бюджет тақчиллиги эса аллақачон 52 млн доллардан ошган Ўзбекистон баланд арчалар, ёрқин чироқлар, қорбоболар карвони билан ўтган Янги йил учун қанча пул сарфлади? QALAMPIR.UZ очиқ маълумотлар орасидан байрамга оид харажатларни излаб топди ва ҳисоблаб чиқди. Айни пайтда сиз томоша қилаётган суриштирувда эса булар ҳақида батафсил гапириб берамиз. Демак:

Арча, арча, жон арча, 

Япроқлари нинача,

Атрофингда айланиб, 

Пуллар соврилди қанча? 

1. Жиззах вилояти

Ҳисоб-китобни Жиззах вилоятидан бошлаймиз. Янги йил байрамига тайёргарлик кўриш, “Янги йил арчаси”ни ўрнатиш ва безатиш, марказий кўчалар, хиёбонлар ва боғларни байрамона безатиш ишларига вилоятнинг эски ҳокими Эргаш Салиев биргина Жиззах шаҳри учун нақ 860 млн сўм пул ажратиб кетган.

“Вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси (А.Мустанов)га вилоят маҳаллий бюджетининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан Жиззах шаҳрининг Мустақиллик майдонига “Янги йил арчаси”ни ўрнатиш ва безатиш, марказий кўчалар, хиёбонлар ва боғларни байрамона безатиш ишлари учун 860,0 (саккиз юз олтмиш) млн сўм маблағни шаҳар маҳаллий бюджетига ўтказиб бериш вазифаси юклатилсин”.

Бу эса кўриб қўйинг 860 млн сўмлик арча.

Ажратилган шунча пул фақат Жиззах шаҳрига эмасдир, бутун вилоят учундир, деб ўйлаётган бўлсангиз, адашасиз. Ҳар битта туман Янги йил учун алоҳида-алоҳида маблағ ажратган. Масалан, Жиззах вилояти Мирзачўл тумани “Янги йил арчаси”ни ўрнатиш, марказий кўчаларни байрамона безатиш ишлари учун 50 миллион, Пахтакор тумани ҳокимлиги 33 млн сўм, Бахмал тумани ҳокимлиги 50 млн сўм ва Жиззахнинг бошқа туманлари ҳам мана шулардан кам бўлмаган миқдорда пул сарфлаган.  

Харажатлар фақат арча билан боғлиқ эмас. Ҳали яна байрам пуллари ҳам бор. Жиззах вилояти ҳокимлиги Янги йил байрами муносабати билан вилоят ҳокимлиги, халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши котибияти ҳамда вилоят ҳокимлиги “Расмий қабуллар уйи” ходимларини рағбатлантириш учун жами 501 млн сўм мукофот пули ажратган. Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги ҳам улардан қолишмай дея ўз аппаратининг 4 нафар ходимини Янги йил баҳона сийлаб олган ва ўша 4 нафар ходимга 25 млн сўм мукофот берган.

Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши раиси Парда Шукуров имзолаган мазкур қарорда ёзилишича, бу пуллар маҳаллий бюджетнинг эркин қолдиқ ва даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳамда вилоят маҳаллий бюджетига ажратилган ссуда маблағлари ҳисобидан йўналтирилган.  

Қисқа қилиб айтганда, депутатлар давлат пули ҳисобидан байрам баҳонасида ўзини ўзи рағбатлантирган.

Жиззахда депутатларнинг ўзини ўзи сийлагани ҳам ҳеч нима эмас. Жиззах шаҳар ҳокими Холмуродов маҳаллий бюджетнинг захира жамғармаси ҳисобидан, шаҳар иқтисодиёт ва молия бўлими ходимларига жами 16 млн 250 минг сўм миқдорида маблағ ажратиб берган. Шунда иккала ходимга 8 млн дан байрам пули санаб берилган.

2.Сурхондарё

Янги йил учун пул сарфлашда Сурхондарё вилояти ҳам пешқадамлардан. Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовнинг 2024 йил 17 декабрь кунги фармойишига кўра, вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси вилоят бюджетининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан вилоят Маданият бошқармасига Янги йил байрами тадбирларини кўтаринки руҳда ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун 554 млн 870 минг сўм маблағ ажратиб берган. Бу маблағ сиз учун кўпдек туюлаётгандир. Аммо вилоят учун озлик қилди. Шу сабабли вилоятнинг ҳар бир тумани, шаҳри ўз маҳаллий бюджетларидан Янги йил тадбирлари учун яна маблағ ажрата бошлади. Масалан, Термиз шаҳри.

“Термиз шаҳрида электрон савдо майдончаси орқали ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотишдан тушган тушумлар ҳисобидан Термиз шаҳар Маданият бўлимига яқинлашиб келаётган Янги йил байрами тадбирларини юқори савияда ташкил этиш мақсадида шаҳардаги “Болажон” боғи ёнида жойлашган бадиий саҳнани безаш харажатлари учун 120 млн сўм маблағ ажратилсин”. Имзо Термиз шаҳар ҳокими Тўраёв.

Бу эса ўша пул эвазига ясатилган арча:

Бундан ташқари, Сурхондарё вилояти Қизириқ туман ҳокимлиги туманнинг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан – Янги йил байрами муносабати билан арча безаклари олиш ва ўтказиладиган байрам тадбири харажатлари учун 30 млн сўм қўшимча маблағ ишлатган. Хуллас, вилоят ҳокими айнан Янги йил учун ажратган 600 млн сўмга яқин маблағдан ташқари ҳар бир туман ва шаҳар беармон пул ишлатаверган.

3. Фарғона

Фарғона вилояти ҳам Янги йил харажатлари борасида бошқалардан қолишмайди. Вилоят ҳокимлиги 210 миллион сўм маблағни “Президент арчаси” дастурига тайёргарлик кўриш учун, 100 миллион сўмни эса Фарғона шаҳар “Янги Ўзбекистон” массиви ҳудудида “Янги йил” арчаси ўрнатиш ва безатиш билан боғлиқ харажатлар учун сарфлаган. Ўша 100 млн сўмлик арча эса мана бу.

Шунингдек, Фарғона вилояти Фурқат тумани Янги йил муносабати билан туман марказига янги 2025 йил арчасини ташкил этиш ва безатиш харажатлари учун 28 млн 322 минг сўм, Учкўприк тумани 20 млн сўм ишлатган. Фарғона вилоятининг кичиккина Риштон тумани эса маҳаллий бюджетнинг фойдаланмай қолган маблағлари ҳисобидан жами 73 млн 800 минг сўм мукофот пуллари ажратган. Буни қарангки Ўзбекистон бюджетида пуллар ишлатилмай қолаётган экан.  

4. Бухоро

Бухорода нима гап? Бухоро вилояти бутун ҳудуд бўйлаб қанча маблағни Янги йилга атаб юборгани ҳақида маълумотлар мавжуд эмас. Аммо айрим туманлар харажатларидан келиб чиқилса, бу вилоятнинг ҳам сарфлагани миллиардга яқинлаб қолганини сезиш мумкин.

Масалан, Бухоро вилояти Қоракўл тумани туманда кутилаётган Янги йил байрамига тайёргарлик кўриш ва уни кўтаринки руҳда кутиб олиш учун туман марказий кўчаларини ва байрам тадбири ўтказиладиган ҳудудни безатиш билан боғлиқ харажатлар учун 150 млн сўмни “шитир” санаган.


Когон тумани ҳам безаш ишлари ва совғалар учун 70 млн сўм, Олот тумани 45 млн сўм, Ромитан тумани эса 50 млн сўм пул ажратган.

5. Навоий

Навоий вилояти ҳокимликлари эса Янги йил арафасида асосан ўз ходимларини мукофотлаш билан банд бўлган.

Масалан, вилоят ҳокимлиги 1 январь “Янги йил куни” байрами муносабати билан вилоят ҳокимлиги, хўжалик ишлари бошқармаси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Навоий вилоятидаги Халқ қабулхоналари ходимлари ва ишчи хизматчиларини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида ўз маошларининг бир баравари миқдорида моддий рағбатлантирган.

Умумий сумма қанча экани ёзилмаган, аммо ўз маошларининг бир баравари дегани бу кам сумма эмас. Вилоят ҳокимлигидан ўрнак олган ҳолда Навоий шаҳар ҳокимлиги ҳам худди шундай мукофот пуллари ажратган. Шунингдек, Навоий шаҳрида мана бу узунлиги 29 метр бўлган арча қад ростлаган. Унга эса 360 дона шар ўйинчоғи, 1000 дан ортиқ LED IP чироқлари ўрнатилган. Хўш, мана шу битта арча ва унинг атрофидаги чироқли орнаментлар учун қанча маблағнинг боши ейилди деб ўйлайсиз? Ярим миллиарддан кўп. Яъни 560 млн сўм.

Шунингдек, Қизилтепа тумани 303 млн, Зарафшон шаҳри 11 млн, Конимех тумани 43 млн, Навбаҳор тумани 20 млн ни мана бу арчанинг каттароқ варианти учун ишлатиб юборди. Мени фақат танқид қилади деб, нохолисликда айбламанг. Харажат ҳужжатлари орасида ижобийлари ҳам бор. Ҳарқалай фақат Томди тумани ҳокимлигигина тумандаги 28 нафар чин етим болаларга янги йил байрами совғасини харид қилишга пул сарфлаган. Фақат бу пул бошқалар арча учун сарфлаган пуллардан 100 баравар кам. Яъни атиги 3 млн 200 минг сўм.

6.Самарқанд вилояти

28 нафар етим болага совға сотиб олиш учун 3 млн сўм сарфлаган бизнинг амалдорлар ўз ходимларига совға сотиб олиш учун 50 млн сарфлайди. Масалан, Самарқанднинг кичкинагина Пайариқ тумани ҳокимлиги Янги йил байрами муносабати билан ўз ходимларига озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш учун 52 млн 442 минг сўм пул сарф қилган. Шунингдек, Янги йил байрамига муносиб тайёргарлик кўриш ва юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун Самарқанд тумани 120 млн сўм, Нарпай тумани 55 млн, Булунғур тумани 50 млн сўм, Жомбой тумани 25 млн сўмлик харажат қилган. Самарқанд вилояти ҳокимлиги 15 та қорбобо ва 15 та қорқиз кийимини харид қилиш учун 246 млн ажратганига нима дейсиз? Бундан ташқари, Самарқандда ҳокимлик мутасаддиларига яхшигина мукофот пуллари ҳам тутилган. Масалан, Самарқанд вилояти Ургут туман ҳокимининг 2024 йил 26 декабрдаги фармойишига кўра, туман ҳокими ўринбосарларининг ҳар бири Янги йил муносабати билан 4 млн га яқин мукофот олган.

7. Қорақалпоғистон 

Қорақалпоғистонда ҳам Янги йил байрами билан боғлиқ харажатлар анча катта. Нукус шаҳрида қад кўтарган мана бу камтарингина арчанинг нархи 100 млн сўм.

Ҳарқалай, Нукус шаҳар ҳокимининг 2024 йил 18 декабрь кунги фармойишида шундай дейилган.

“Nókis qalalıq Abadanlastırıw basqarmasınıń 2024-jıl 17-dekabrdegi 01-03/1462- sanlı xatın esapqa alıp, qalalıq jergilikli byudjetiniń saqlawlı qorı esabınan Nókis qalası aymaǵında “Jańa jıl” shırshasın hám aymaqlardı bezew jumısları ushın qalalıq Abadanlastırıw basqarmasına 100 000 000 (júz million) swm qarjı ajıratılsın.”

Шунингдек, Тўрткўл туманида арча учун 49 млн, Хўжайли туманида “Президент арчаси” учун 33 млн, Элликқалъа туманида 32 млн сўм, Чимбой туманида 28 млн, Хўжайли туманида 33 млн, Қўнғирот туманида 16 млн сўм сарфланган. Қолаверса, туман ҳокимликлари байрам баҳонасида ўз ходимларини маошининг 1 бараваридан 50 фоизигача миқдорда сийлаган ҳам.

8. Хоразм вилояти

Хоразм вилояти Янги йил бўйича деярли барча харажатларини яшириб қўйган.Фақатгина Ҳазорасп туманининг маҳаллий бюджетнинг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан туманда Янги йил байрамига тайёргарлик кўриш ва кўтаринки рухда ўтказиш учун безатиш мақсадида 25 млн сўм ажратилганини инобатга олсак, Хоразмда ҳам Янги йил учун бошқа вилоятлардагидан оз пул ишлатилмаганини тахмин қилса бўлади.

9. Наманган

Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Янги йил байрами арафасида тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли холидан хабар олиш учун байрам совғаси сотиб олиш харажатларига 79 млн сўм ишлатган. Бу байрам совғалари ўз эгаларига етиб бордими йўқми, бу вилоятнинг Янги йил билан боғлиқ бошқа харажатлари қанча, бу номаълум.

10. Қашқадарё вилояти

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳам Янги йил харажатларини бутунлай яширган. Андижон ҳам.

11. Тошкент шаҳри

Аммо ҳужжатларни яшириш бўйича Тошкент шаҳрига тенг келадигани йўқ. Э-қарор порталидан Тошкент шаҳрига оид бўлимни танлар экансиз, фақат қип-қизил ёзувларга кўзингиз тушади. “Ушбу ҳужжат мазмунида шахсга доир маълумотлар, васийлик ва ҳомийлик ёки амалдаги қонунчиликка мувофиқ бошқа турдаги фойдаланиши чекланган ахборот мавжудлиги туфайли яширилган” деган баҳона билан яширилган ҳужжатлар орасида пойтахтнинг Янги йил байрамига оид харажатлари ҳам борлиги табиий. Давлат пулини пойтахт ҳокимлиги қандай ишлатаётганини текшириш эса шаҳар ҳокимлиги таъбири билан айтганда “чекланган маълумот”.

12. Сирдарё 

Сирдарёнинг Хавос тумани Янги йил байрами харажатлари учун 25 млн, Оқолтин тумани 40 млн сўм, Гулистон тумани 53 млн, Мирзаобод тумани байрамда рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлар учун 18 млн ажратган.

13. Тошкент вилояти 

Тошкент вилоятида Зангиота туман ҳокимининг 2024 йил 3 декабрь кунги қарорига кўра, Тошкентда ҳам арча учун бошқа туманлардан кам бўлмаган маблағ ажратилган.

“Туман захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан туманда “Янги йил арчаси” байрам тадбирини ўтказиш учун Янги йил арчасини таъмирлаш ва безатиш харажатлари учун 30 000 000 (ўттиз миллион) сўм маблағ Маданият бўлимига йўналтирилсин”.

Шунингдек, Чирчиқ шаҳар ҳокимлигининг Янги йил харажатлари анча юқори. 

“Чирчиқ шаҳар маҳаллий бюджетининг захира жамғармасига ажратилган маблағлари ҳисобидан, шаҳар ҳокимлигига 250 (икки юз эллик) миллион сўм маблағ ажратилсин”. 


Бундан ташқари, биргина Чирчиқ шаҳар ҳокими ўз ходимларини байрам муносабати билан рағбатлантириш мақсадида бюджетдан “ишлатилмай қолган” маблағлар ҳисобидан 224 млн сўм ажратган. “Ишлатилмай қолган” маблағлар ҳисобидан.

Бўстонлиқ тумани мансабдорлари ҳам жами 324 млн пулни мукофот қилиб олган. Зангиота тумани 600 млн, Тошкент тумани ҳокимлиги мансабдорлари 125 млн сўм мукофот олган. Ҳокимлар фармойишларида ёзилишича, бу мансабдорлар 2024 йилда лавозим вазифаларини сидқидилдан ва виждонан бажариб, меҳнатда натижадорликка эришган ходимлардир.

Оҳангарон шаҳар ҳокими ҳам Янги йил байрами ҳамда 2024 йил давомида самарали меҳнат қилганлиги учун ўзининг 4 нафар ўринбосарининг ҳар бирига 6,5 млн сўмдан, жами 26 млн сўм билан рағбатлантириш учун пул ажратган.

Шунингдек, Олмалиқ тумани 40 млн, Ангрен шаҳри 70 млн, Паркент тумани эса 87 млн сўмни арча ва унинг безаклари учун сарфлаган.

Ўзбекистонда ҳар йили Янги йил нишонланади. Ҳар йили туман, шаҳар марказларида бир хил арчалар қад ростлайди. Яъни арчаю унинг ўйинчоқлари сотиб олинмайди, қайта ўрнатилади холос. Шундай экан, ҳар йили миллионлаб, миллиардлаб маблағ арчанинг нимасига сарфланади, бу таажжубли. 

Хуллас, биздаги рақамларни ҳисоб-китоб қилсак, 2025 йилги Янги йил учун давлат бюджетидан 7 млрд 169 млн сўм кетган. Бу аслида бир кичик туманнинг бир йиллик бюджетига тенг сумма. Ҳалиям бу биз топа олган харажатлар. Э-қарор сайтида қип-қизил қилиб яширилган ҳужжатлар, айниқса, Тошкент шаҳрига оид ҳужжатлар қўшилса борми, бу миқдор икки бараварга ошиши аниқ.

Хўш, бу мавзуни нега кўтардик? Сабаб мана бу.

“Исроф ва қадрсизлик энг катта мусибатларимиз бўлса керак. Соғлик, қадр, имконият ва маблағни игнада йиғиб, белкуракда совурадиган миллатга айланиб қолаётгандекмиз…

Янги йилда итальянлар эски мебелларини янги йилга ўтказмасликка ҳаракат қилишса, биз пулимизни келгуси йилга ўтказмасликка ҳаракат қилаётгандек ҳаракат қиламиз. Бозорга кирган ҳамма нарса сотилади, яна икки карра қимматига. 1 январь кунидан янги пул муомалага киритиладигандек…”

“Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров одамларнинг Янги йил байрамида қиладиган харажатларини танқид остига олган, исрофгарчиликка йўл қўймасликка чақирган. Аслида давлат харажатлари билан қизиқиши, ҳокимликларнинг байрамга оид харажатларини очиқлашни талаб қилиши, исрофгарчиликка йўл қўйма дея мулозимларни тергаши керак бўлган депутатларнинг назари токи халқнинг дастурхонида экан, мансабдорлар байрам баҳона давлат пулини совураверади, сочаверади. Нима ҳам дердик?

Арча, арча, жон арча,

Япроқларинг нинача,

Атрофингда айланиб,

Пуллар соврилди қанча?


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг