“Bayraktar” энди Озарбайжонда ҳам ишлаб чиқарилади
Олам
−
26 Декабрь 2022
5410Туркиянинг “Bayraktar” дронлари ишлаб чиқарувчиси “Baykar Makina” Озарбайжонда ҳам ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда “Report” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Озарбайжон Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Давлат солиқ хизмати томонидан “Bayraktar Technology Azerbaijan” МЧЖ давлат рўйхатидан ўтказилган.
Нашр янги компаниянинг устав капитали 1,7 миллион манатни ташкил этгани, қонуний вакили Туркиянинг “Baykar Makina” компанияси координатори Ҳусайн Топуз бўлгани ҳақида хабар бермоқда.
Компания Баку шаҳри, Нариманов тумани, Аҳмад Ражабли кўчасида жойлашган.
“Baykar Makina” "Байрактар" учувчисиз учиш воситаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Озарбайжон армияси томонидан 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этган иккинчи Қорабоғ урушида кенг қўлланилган ушбу дронларнинг муаллифи туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг куёви Селчук Байроқдор.
2000 йилдан бери “Baykar Makina” самолётсозлик соҳасида, хусусан, учувчисиз учиш аппаратларини яратиш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
Компания 2007 йилда Туркиянинг биринчи учувчисиз разведкачи “Kale-Baykar Mini”дронини ишлаб чиқди. Туркия қуруқликдаги қўшинлари қўмондонлиги компания билан 19 та дрон тизимларини сотиб олиш бўйича шартнома тузди.
“Baykar Makina” ўзининг дронларини хорижлик мижозларга экспорт қилишни бошлаган биринчи турк компанияси бўлди. “Bayraktar Mini”нинг биринчи харидори Қатар эди. Шундан сўнг, компания 2014 йилда “Bayraktar TB2”, 2019 йилда “Bayraktar Akıncı” ҳаво воситаларини тақдим этди. Жорий йилнинг декабрь ойи ўрталарида компания учувчисиз қирувчи самолёти “Bayraktar Kızılelma” илк парвозини муваффақиятли тугатди.
LiveБарчаси