Байденга импичмент эълон қилиниши мумкин, агар...

Олам 20240
image

Агар АҚШ Демократик партияси 2022 йилги оралиқ сайловларда Конгресс устидан назоратни йўқотса, Президент Жо Байденга импичмент эълон қилиниши мумкин. Бу ҳақда “Newsweek” нашри хабар берди. 

Қайд этилишича, жорий йилнинг январь ойида республикачи сенатор Тед Круз Байденнинг импичменти учун "бир нечта асослар" борлигини, апрель ойида эса республикачи вакил Кен Бак Вакиллар палатасининг суд қўмитаси "импичментнинг мақсадга мувофиқлигини аниқлаш учун тингловлар ўтказишини" айтганди. 

"Биз импичмент бўйича овоз берамиз", дейди Бак.

Импичмент тўғрисидаги моддалар Вакиллар палатасида оддий тарзда кўпчилик овози билан қабул қилиниши мумкин, бироқ Президент фақат Сенатнинг учдан икки қисми овоз берсагина лавозимидан четлатилади.

АҚШнинг 45-Президенти Дональд Трампга икки марта, 2020 ва 2021 йилларда импичмент эълон қилинган ва ҳар икки ҳолатда ҳам давлат раҳбари Сенат томонидан оқланган.

Импичмент – бу муниципал ёки давлат ижро органлари ходимларини, давлат раҳбаригача бўлган мансабдор шахсларни кейинчалик лавозимидан четлатилиши мумкин бўлган жавобгарликка тортиш. Импичмент жараёнида ваколатли шахс мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ноқонуний хатти-ҳаракатлари, яъни қасддан содир этган жинояти учун айбланади.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 803
Рейтинг: 3
t
×