Байдендан “бомба айблов”: У “қора шаҳзода”ни Қошиқчининг “қотили” деб атади

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байден Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан кеча, 15 июль куни бўлиб ўтган учрашувда уни журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилишида жавобгар деб ҳисоблашини айтди. 

Байден Жиддада Саудия Арабистони раҳбарияти билан музокаралар ўтказди, унда, хусусан, мамлакатнинг бўлажак қироли иштирок этди.  

“Биз инсон ҳуқуқлари ва сиёсий ислоҳотлар зарурлигини муҳокама қилдик. Ҳар доимгидек, мен бу мавзу мен учун ҳам, Америка Қўшма Штатлари учун ҳам жуда муҳим эканлигини аниқ айтдим. Қошиқчининг ўлдирилишига келсак, мен бу масалани учрашув бошидаёқ кўтариб, ўшанда бу ҳақда нима ўйлаганимни ва ҳозир нима деб ўйлаётганимни аниқ тушунтирдим”, дейди Байден журналистлар билан мулоқотда.  

Шунда журналистлардан бири Саудия валиаҳд шаҳзодаси унинг сўзларига қандай муносабат билдирганини сўради.  

“У, асосан, бунинг учун шахсан жавобгар эмаслигини айтди. Мен нима деб ўйлаганимни таъкидладим. У шахсан жавобгар эмаслигини такрорлаб, айбдор шахсларга нисбатан чора кўрганини ҳам айтди”, деб жавоб берди Байден. 

Бундан аввалроқ, марҳум журналист Жамол Қошиқчининг қаллиғи Ҳадича Ченгиз Байден ва валиаҳд шаҳзода учрашувига муносабат билдириб, шаҳзоданинг навбатдаги қурбони қони Байденнинг қўлида бўлишини айтганди. Президент бу гапга қуйидагича мунобат билдирди. 

“Агар у шундай деб ўйласа, афсусдаман. Мен ўшанда ҳам ростгўй бўлганман, ҳозир ҳам шундай. Мен бу ерга валиаҳд шаҳзода билан учрашиш учун эмас, Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши саммитида қатнашиш, хавфсизлик масалалари ва эркин дунё эҳтиёжларини муҳокама қилиш учун келганман”, дейди Байден.

Кейинроқ АҚШ Президенти Саудия Арабистонини Қошиқчининг ўлдирилиши муносабати билан “ғайриоддий давлат”га айлантириш ҳақидаги илгари қилган таҳдидларидан афсусланмаслигини таъкидлади.

"Мен айтганимдан афсусланмайман", дейди Вашингтон маъмурияти раҳбари. 

Матбуот анжумани якунида Байден журналистлардан бирини Қошиқчининг ўлдирилиши каби воқеа бошқа такрорланмаслигига қандай ишонч ҳосил қилиш мумкинлигини сўрагани учун танқид қилди.

“Қандай аҳмоқона савол! Бунга қандай ишонч ҳосил қилишим мумкин? Шунчаки, шунга ўхшаш нарса яна такрорланса, улар бир хил ва ундан ҳам кўпроқ жавоб олишлари аниқ”, дейди Президент.

Қайд этилишича, Оқ уй раҳбари инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақида гап кетганда, жим туролмайди. 

Маълумот ўрнида

Ар-Риёд сиёсатига оид танқидий мақолалари билан танилган Қошиқчи 2017 йилдан бери АҚШда яшаб, “The Washington Post” газетасида ишлаган. У 2018 йилнинг 2 октябрь куни ўз мамлакатининг Истанбулдаги бош консулхонасига ташриф буюрганида ғойиб бўлган. 20 октябрь куни Саудия расмийлари журналист тўқнашув натижасида дипломатик ваколатхона биносида ўлдирилганини хабар қилди. 

Саудия Арабистони Бош прокурори 2018 йил 15 ноябрда терговнинг дастлабки натижаларини эълон қилди: қиролликнинг 11 фуқароси қотилликка алоқадорликда айбланиб, улардан беш нафари ўлим жазосига маҳкум этилди. 

Ўтган йилнинг декабрь ойида Саудия Арабистонида яна уч кишига жами 24 йиллик қамоқ жазоси тайинланган эди. 

Истанбул прокуратураси эса Қошиқчини ўлдиришда гумон қилинган 20 кишига қарши даъво аризасини тайёрлади. Унда уларга умрбод қамоқ жазоси талаб қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жо Байден

Баҳолаганлар

341

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг