Байден Ўзбекистонга келадими? Ёхуд кетаётган элчи Розенблюм билан сўнгги суҳбат

Интервью 18799
image

Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм Ўзбекистондаги миссиясини якунлаш ва вазифасини топшириш арафасида турибди. Шу муносабат билан QALAMPIR.UZ дипломат билан юзма-юз интервью ташкил этди ва элчининг мамлакатдаги фаолияти сарҳисоби борасидаги бир қатор қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди. 

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм билан интервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.

Шаҳзод Нусратуллаев, мухбир: — Муҳтарам элчи жаноблари! Ушбу интервьюни ўтказиш ҳақидаги таклифимизни қабул қилганингиз учун ташаккур. Биз учун бироз вақт ажратганингиздан ва саволларимиз жавобсиз қолмаслигидан жуда мамнунмиз. Ўзбекистондаги барча оммавий ахборот воситаларини қизиқтирган долзарб масалалар юзасидан сизга бир нечта саволларимиз бор. Биринчи саволим шуки, АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси лавозимига тайинланишингиздан олдин ва кейин Ўзбекистоннинг халқаро қиёфаси ҳақида қандай фикр билдира оласиз?

Дэниел Розенблюм, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси: — Аввало, ушбу интервью учун сизга раҳмат айтмоқчиман. Бу ерда сиз билан бирга эканлигимдан хурсандман.

Ўзбекистоннинг халқаро қиёфаси ҳақидаги саволга келсак, Президент Мирзиёев даврида – сўнгги олти йил ичида унинг қиёфаси бирмунча яхшиланганига шубҳа йўқ. Очиғи, мамлакат имиджи ўзгаришига мазкур сўнгги йилларда мамлакатда фаолият юритганимнинг алоқаси йўқ, чунки буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг ўзи томонидан ислоҳотлар ўтказиш бўйича ташланган қадамлар туфайлидир. Ўйлайманки, индекслар ва ҳисоботларда халқаро кўрсаткичларга катта эътибор қаратилган ва яна таъкидлаш жоизки, бу ижобий ҳодиса бўлиши мумкин, лекин очиғи унчалик ҳам улкан ижобий ўзгариш эмас. Ўзгариш кўлами ижобий, чунки у сизга бизнес муҳитида бўладими ёки бошқа соҳадами, шароитни яхшилаш учун маълум стандартлар ва мақсадлар беради. Масалан, жаҳон банки бизнес юритиш бўйича ҳисобот юритади ва мазкур ҳисоботдаги Ўзбекистоннинг мавқеи бироз яхшиланган. “Transparency international” нашри ҳам йиллик коррупция ҳисоботини маълум қилиб боради ва унда давлатлар рейтинги берилади. Бир томондан бу яхши бўлиши мумкин, аммо ёмон томони шундаки, баъзида бу ҳисоботларда мен юзаки деб ҳисобловчи нарсаларга эътибор қаратилади. Масалан, рейтингда қандайдир поғонага эришиш учун сиз қандайдир нормани ёритувчи қонунни қабул қилган бўлишингиз керак, лекин биз биламизки, кўпинча қонунларни қабул қилишнинг ўзи етарли эмас. Қонун қабул қилинсаю  риоя қилинмаса, у ҳеч нарсани ўзгартирмайди, шунинг учун юзаки жиҳатларга эътибор қаратиш баъзан муаммо туғдириши мумкин, бу эса яна бошқа бир муаммони келтириб чиқаради. 

Мен нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро миқёсда ҳам шуни кўп кузатганманки, агар бирор камчиликни кўришса, уни тузатиш ўрнига қоғозга ўрашади ва оқ бўёқ билан яширишга уринишади. Биз машҳур Потёмкин қишлоғи ҳақидаги ҳикояни биламиз ва афсуски, бундай ҳолатлар дунё бўйлаб кўплаб содир бўлмоқда. Мамлакат имиджи ҳақидаги бундай саволга жавобан, мен бошида айтганимдек, сўнгги олти йилда, ҳаттоки сўнгги уч йил ичида мамлакат халқаро қиёфасида жиддий ижобий ўзгариш рўй берганига шубҳа йўқ. Аммо, бу мўрт, айтмоқчи бўлганим шуки, Америка асосчиларидан бири Бенжамин Франклиннинг бир машҳур гапи бор: яхши мавқе орттириш учун кўплаб яхши ишлар қилиш талаб этилади, уни барбод қилиш учун эса биргина салбий хатти-ҳаракат кифоя. Шунинг учун менимча, Ўзбекистон бу муаммога эътиборли бўлиши керак. Ўзбекистон жиддий ўзгаришлар қилиш пайти келган бир пайтда, имиджга ошиқча эътибор қаратиш муаммосидан эҳтиёт бўлиши керак. 

Ш.Н.: — Биз бутун дунё бўйлаб кўплаб давлатлар айрим хавфсизлик муаммоларига дуч келаётганини кўришимиз мумкин. Дунё совуқ уруш давридагидек икки қутбга бўлиниб кетаётган бир пайтда Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиёда хавфсизликни сақлашга қай даражада ҳисса қўша олади?

Д.Р.: — Айтишим керакки, мазкур минтақадаги хавфсизлик масаласи биз ва ташқи сиёсатимиз учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Биз бу ерда минтақа давлатлари, жумладан, Ўзбекистон билан хавфсизликни кучайтириш борасида кўплаб ишлар қилишимиз мумкин, деб ўйлайман ва амалда буни қиляпмиз ҳам. Айни дамда олиб бораётган ишларимиз сиёсатимиз барқарор бўлиши учун мунтазам равишда мулоқот қилиш ва алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат. Ўзбекистон билан Афғонистонга нисбатан сиёсат масаласида доимий мулоқот олиб бордик ва умумий тил, умумий ёндашувни топишга муваффақ бўлдик. Мен мазкур ёндашувни бутун Марказий Осиёда давом эттириш хавфсизликни яхшилашга ёрдам беради, деб ҳисоблайман. Биз амалга ошира оладиган ва рағбатлантириб келаётган бошқа бир жиҳат – Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари хавфсизлик кучларининг салоҳиятини ошириш учун ўқитиш жараёнларини ташкил этиш ва баъзан жиҳозлар ҳамда ускуналар билан таъминлашдир. Албатта, биз буни мунтазам амалга оширамиз: агар бизга мазкур йўналишда сўров юборилса, шунда сўровларга жавоб берамиз. Лекин биламизки, Марказий Осиё мамлакатлари бизнинг хавфсизлик бўйича тажрибамиздан фойдаланишдан жуда манфаатдор эканликларини ҳис этишади. Биз мазкур тадбирларни хавфсизликни кучайтириш учун амалга оширяпмиз. 

Сиз дунёдаги сиёсий ёки геосиёсий муҳит ҳақида эслатиб ўтдингиз. Дунёнинг бошқа ҳудудларидан фарқли равишда, Марказий Осиё давлатлари кўплаб ҳамкорларга эга бўлишни истайди. Улар ўзларининг хавфсизлиги учун фақат битта ҳамкорга таяниб қолишни хоҳламайдилар. Улар диверсификацияни хоҳлашади ва Америка Қўшма Штатларини унинг бир қисми сифатида кўрадилар. 

Ш.Н.: — Халқаро муаммолар ёки воқеаларга ҳам бироз эътибор қаратсак. Шарқий Европа ва Тайвандаги можарога Ўзбекистоннинг позицияси Вашингтон ва Тошкент муносабатларига қанчалик таъсир кўрсатади?

Д.Р.: — Биласизки, биз сўнгги йилларда Ўзбекистон билан минтақавий ва халқаро хавфсизлик масалалари бўйича яхши мулоқот ва мунтазам маслаҳатлашувлар ўрнатишга муваффақ бўлдик ва бу жараённи давом эттиришни режалаштиряпмиз. Бир-биримизнинг позициямизни тушуниш – бу жуда муҳим нарса. Ўзаро кайфиятимизни тушунганимизда, бизни фарқлайдиган томонлардан кўра кўпроқ умумий томонларимиз борлигини ёки аксинча, бизни ажратиб турадиган жабҳаларни билиб оламиз. Масалан, сиз айтиб ўтган баъзи низолар нуқтаи назаридан, биз ўз қарашларимизни маълум қилиб борамиз. Бу можаролар россияликларнинг Украинага бостириб кириши, Хитойнинг Тайван бўғозларидаги сўнгги ҳаракатлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Биз конгрессменнинг Тайванга қилган сўнгги ташрифи ва унинг ортидаги воқеаларга нисбатан фаол муносабатимизни билдирамиз. Хитойнинг Тайвань бўғозларидаги ҳаракатлари минтақа хавфсизлигига таҳдид эканлигига ишонамиз. Шунинг учун биз жуда очиқ сиёсат юритамиз ва Ўзбекистондаги ҳамкорларимизга мазкур қарашларни ифода этамиз. Уларнинг ўз миллий манфаатларига асосланган қарашлари, ўз географик жойлашуви, иқтисодий ва бошқа манфаатлари мавжуд ва биз буни тушунишга ҳаракат қиламиз. Мен айтмоқчи бўлган асосий фикр шундаки, иккала давлат– Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон барқарор ва олдиндан тахмин қилинса бўладиган халқаро муносабатлар олиб бориш ҳақида чуқур мулоҳаза юритади. 

Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари мамлакатлар ўз суверенитетига эга бўлиши, унга ҳеч қандай таҳдид бўлмаслиги керак, деган тамойилни илгари суради. Мазкур тамойил мамлакатлар дунё майдонида қандай ҳаракат қилишни ўзлари ҳал қилишлари керак деган қоидага асосланган.  Ўйлайманки, бу Қўшма Штатлар учун жуда қимматли нарса, Ўзбекистон учун ҳам жуда катта аҳамият касб этади. 

Ш.Н.: — Ўзбекистоннинг Афғонистонда иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётни тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатлари АҚШнинг Афғонистондаги янги ҳукуматга нисбатан сиёсатига қай даражада мос келади?

Д.Р.: — Афғонистонга нисбатан сиёсат борасида, юқорида айтганимдек, биз Ўзбекистон ҳукумати билан тез-тез ва батафсил маслаҳатлашув ташкил этиб турамиз. Бу ўтган йили Афғонистондан  қўшинларимиз олиб чиқилишидан олдин ҳам давом этаётган эди. Биз Ўзбекистон билан жуда яқиндан ҳамкорликка эгамиз ва Афғонистонда хавфсизлик масаласида Ўзбекистон жуда қимматли иттифоқчимиз. Чунки Ўзбекистон Афғонистонга қўшни бўлиб, у ерда содир бўлаётган воқеаларни бевосита кузатиш имкониятига эга. Ўтган йилги воқеалар шундай хулоса бердики, позицияларимиз бир-бирига жуда яқин. Икки давлат ҳам Афғонистоннинг терроризм платформасига айланмаслиги, 1990-йиллардаги сингари жангари кучларга уй бўлмаслиги ва 11 сентябрь, шунингдек, бошқа мудҳиш жиноятларни содир этган террорчилар гуруҳлари учун бошпана бўлмаслиги тарафдоримиз.

Давлатларимиз ҳозир Афғонистон ҳукумати таркиби фақатгина битта тор доирадаги гуруҳни эмас, балки жамиятни ифодаловчи инклюзив ҳукумат бўлиши кераклигини маълум қилади. Мен мазкур йўналишдаги Ўзбекистон ҳукумати юритаётган сиёсат тўғри эканлигини ишонч билан айта оламан, чунки биз ҳукумат вакиллари билан инсон ҳуқуқлари ва айниқса, Афғонистондаги қизлар ва аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурлиги борасида мулоқотлар олиб борамиз. Мазкур масалада ҳамфикр бўлмасликнинг имкони йўқ. Аммо баъзида икки давлат ҳукумати илгари сураётган Афғонистоннинг  ҳозирги тузумига нисбатан муносабат бир-биридан бироз фарқланиши мумкин. Ўйлашимча, бу Ўзбекистоннинг Афғонистонга қўшни эканлиги ҳамда у ерда ким ҳокимиятда бўлишидан қатъи назар яхши муносабатда бўлиш кераклиги билан изоҳланади.  Ўзбекистон Афғонистон орқали Жанубий Осиёга кўприк қуришдан ниҳоятда манфаатдор.  Ўзбекистон Президенти ва бошқа вакиллар маълум қилганидек, бу ерда ҳукумат узоқ муддатли мақсадни кўзламоқда. Афғонистон орқали кўплаб савдо ва транспорт йўлаклари ўтишини биласиз. Биз буларнинг барчасини инобатга оламиз. Баъзида ёндашувларимиз бироз бошқача эканлигини ҳам тушунамиз, лекин энг муҳими, бизнинг асосий мақсад ва вазифаларимиз ўхшашдир. 

Ш.Н.: —Сизга маълумки, ҳукуматимиз мамлакатда янги ислоҳотлар лойиҳасини амалга оширмоқда. АҚШ билан юқори даражадаги ҳамкорлик Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг барқарорлигини таъминлайдими?

Д.Р.: — Ўзбекистон ҳукуматининг юқори бўғинларидаги давом этаётган кучли сиёсий ирода ва Ўзбекистон сўнгги беш-олти йил ичида олиб бораётган ёндашувнинг давом этиши ислоҳотларнинг барқарорлигини таъминлайди, деб айта оламан. Ислоҳотлар нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ва сиёсий соҳаларни ҳам қамраб олган кенг қамровли жараён эканлиги, ўз-ўзини танқид қила олиш ёндашуви, хатоларни тузатишдан қўрқмаслик ва бошқа жиҳатлар барқарор омиллар бўлиб хизмат қилади. Давом этаётган сиёсий жараён, шунингдек, халқаро ҳамжамиятдан маслаҳат ва техник ёрдам олишга очиқлик, тўғри ёндашувларни давом эттириш, ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилиш уларнинг барқарорлиги калити, деб бемалол айта оламан. Қўшма Штатлар бу борада ҳар доим ёрдам берган ва буни яна давом эттиради. 

Ш.Н.: — Президент Шавкат Мирзиёев бугунги ислоҳотларни орқага қайтариб бўлмаслигини тез-тез таъкидлайди. Нима деб ўйлайсиз, ислоҳотларда ҳақиқатан ҳам ортга қайтиш юз бермадими?

Д.Р.: — Президент бу ҳақида айтганини бир неча бор эшитганман ва мен бу сўзларни унинг ўз сиёсий мажбуриятини маълум қилиши сифатида қабул қиламан. Бу сўзлар қандайдир башорат ёки кузатув хулосаси сифатида қабул қилинмаслиги керак. Президент бу шунчаки содир бўлади деб айтмайди, у бу билан ўз мажбурияти ва унга содиқлигини ифода этади. Афсуски, биз дунё тажрибасига қарайдиган бўлсак, тарихда ислоҳотлар орқага қайтиш ҳолатлари кўп бўлган. Чунки ислоҳотларни фуқаролар ва жамиятнинг турли институтлари томонидан қўллаб-қувватланган сиёсий раҳбар бошлаган. Демак, фуқаролар томонидан қўллаб-қувватланмаган сиёсий раҳбарлар ортга силжиши ҳам мумкин. Мен шу каби ҳолатларга мисол бўлган давлатлар рўйхатини келтиришни истамайман, аммо кичик бир  мисол келтиришим мумкин. Мьянма ёки Бирма давлати бир қанча йиллар олдин ислоҳот йўлида бўлган ва одамлар буни улкан тараққиёт йўлидаги катта имтиҳон деб билишган. Кейин бу мамлакат бир юз саксон даражага ўзгариб кетди.  Дунёдаги энг репрессив мамлакатлардан бирига айланди. Шунга асосланиб айтишимиз мумкинки, ислоҳотлар ортга қайтувчи характерга эга бўлиши, аммо бунинг олди олиниши мумкин. 

Мамлакатга халқаро ҳамкорларнинг ёрдами давом этади ва мен илгари айтганимдек, мазкур ёрдамлар узлуксиз бўлади. Ислоҳотларда ортга қайтиш бўлган ёки йўқлиги қайси соҳани назарда тутаётганимизга боғлиқ. Ўз ўрнида, ислоҳотлар тўхтаб қолган ва ёки шунчаки, депсиниб турган бўлиши ҳам мумкин. Айрим ҳолларда биз аслиятдан ўзгача бўлган нарсани  кўраётган бўлишимиз ҳам мумкин. Умуман олганда бу аралаш тасвирга ўхшайди. 

Ш.Н.: — Ўзбекистон ҳукумати томонидан, айниқса, сизнинг фаолиятингиз давомида амалга оширилган қайси чора-тадбирлар икки давлатнинг Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларини мустаҳкамлаш ва кафолатлашнинг асосий омиллари бўлди, деб ҳисоблайсиз?

Д.Н.: — Ўйлашимча, фаолият давримда  муносабатларимизни мустаҳкамлашнинг калити, олдинроқ келтирган фикримдан иқтибос айтадиган  бўлсам, Ўзбекистон ҳукуматининг давлатларимиз ўртасидаги алоқаларга нисбатан ўзига хос муносабати ва ёндашуви бўлди. Биз ҳар қандай масалани муҳокама қилишимиз мумкин. Мавзу қанчалик қийин ёки нозик бўлмасин, ҳар икки томоннинг ҳам очиқлиги ва танқидни қабул қилишга тайёрлиги туфайли очиқ мунозара ташкил эта оламиз. Бизда қадриятлар ва мақсадларнинг алмашинуви мавжуд, бу эса ҳар қандай муваффақиятли дипломатиянинг калитидир. Ўзбекистон ҳукумати ислоҳотлар муваффақиятли бўлишини истайди, ислоҳот муваффақиятли бўлишини таъминлаш учун эса биз мақсадларни умумлаштирамиз. Биз ҳам Марказий Осиёда барқарорлик, хавфсизлик бўлишини хоҳлаймиз. Биласизки, ҳукуматимиз терроризм ва хавфсизликка раҳна соладиган бошқа таҳдидларга қарши курашади. Мазкур йўналишдаги ҳамкорлигимиз ҳам муваффақиятли бўлди, деб айта оламан.  Мен элчи сифатида фаолият юритган давримда ҳамкорлигимиз тараққиётини таъминлаган ёндашувлар сифатида шуларни келтира оламан.  

Ш.Н.: — Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон билан мунтазам алоқа ўрнатиш жараёнида АҚШ томонининг келгусидаги сиёсати бўйича асосий хулосалар қандай?

Д.Р.: — Фикрларимни хулосалаб шуни айтмоқчиманки, минтақавий даражадаги ҳамкорлик кўлами қанчалик кўп бўлса, ҳамма учун фойдалидир. Масалан, сўнгги етти йилдан бери фаолият юритаётган, биз томонимиздан ташкил этилган "C5+1" мулоқот форматида 2015 йилдан бери Ўзбекистон шунчаки иштирокчи бўлибгина қолмай, минтақавий ҳамкорлик ташаббускори даражасига кўтарилганини ҳам таъкидлаган бўлардим. Биз мутахассисларнинг мунтазам учрашувларини ўтказиш минтақавий лойиҳалар бўйича ҳамкорликни жонлантиришининг гувоҳи бўлдик. Масалан, мазкур учрашувларда ўрин олган савдо ва транспорт билан боғлиқ лойиҳалар минтақа учун нафақат иш ўринлари ва одамларнинг фаровонлигини оширгани, балки Марказий Осиёнинг давлатларига бошқа мамлакатлар билан муносабатларини мустаҳкамлаш имконини бергани учун ҳам муваффақиятли кечмоқда. Дунё мамлакатлари бир-бирларига нисбатан ишончга эга бўлганларида ўз манфаатлари ва ҳуқуқларини яхшироқ ҳимоя қилишлари мумкин. Биз бу тенденцияни қўллаб-қувватлаймиз. Ўтган ойда Марказий Осиё давлат раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди. Мазкур учрашув жараён жадаллашиб бораётганидан яна бир бор далолат беради. Шунинг учун мен “C5+1” форматини ёқлайман. Суверенитет ва мустақиллик, муҳим қадриятлар ва тамойилларнинг ҳимоя қилиниши Марказий Осиёнинг муваффақияти ва умумий манфаатларига хизмат қилувчи кўрсаткичлардир. 

Ш.Н.: — АҚШ Давлат департаменти йиллик ҳисоботларида Ўзбекистондаги сўз ва ОАВ эркинлиги, инсон ҳуқуқлари, терроризм ва экстремизм билан боғлиқ вазият борасида маълумот беради. Мамлакат ичидаги вазиятдан хабардор шахс сифатида асл вазиятни қандай баҳолай оласиз. 

Д.Р.: — Сиз йиллик ҳисоботларни айтиб ўтдингиз. Шуни таъкидлашни истардимки, баъзида бу ҳисоботлар олдинги йилда содир бўлган воқеаларга асосий эътиборни қаратади. Улар вақт ўтиши билан нисбий ўзгаришларни эътибордан четда қолдиришлари мумкин, мен бу ерда яшаб ва фаолият юритиб шунга амин бўлдим. Ўз ўрнида, бу ҳисоботлар маълум бир форматга мувофиқ ёзилади. Улар шундай ёзилиши керак аслида. Чунки улар Қўшма Штатларда қонунчилик нормалари жиҳатидан талаб қилинади. Баъзида расмийлар нисбий ўзгаришлар ҳақида тўлиқ маълумотни ошкор этмайдилар. Инсон ҳуқуқлари, диний эркинлик ва одам савдоси билан боғлиқ ҳолатлар сўнгги беш ёки олти йил ичида айрим ҳолларда сезиларли даражада яхшилангани,  ютуқларга эришилгани қайд этишга арзийди. Бизда кўпроқ вақт бўлганида, бунинг тафсилотларига чуқурроқ кира олган бўлардик. 

Ўзбекистон ҳукуматининг бу соҳада ижобий ўзгаришларни амалга ошириш йўлидаги иродаси бизда катта таассурот уйғотди. Биз жараёнларни синчиклаб кузатиб бордик ва шуни айтишимиз керакки, ҳали ҳам баъзи камчиликлар, устида ишлаш керак бўлган баъзи муаммолар мавжуд. Биз кўплаб бошқа соҳаларда сезиларли даражада ўсиш кузатганмиз, аммо кўпинча улар давомли бўлмаган. Қатор соҳаларда икки қадам олдинга, бир қадам орқага, баъзан икки қадам олдинга, икки қадам орқага каби тенденция бор. 

Шу ўринда, мавзуни сал ўзгартириб, оммавий ахборот воситалари, журналистларнинг ҳар қандай маълумот ҳақида хабар бериш эркинлиги борасида фикрларимни билдирмоқчиман. Буни олдин ҳам очиқчасига маълум қилганман. Одамлар кесиб ўтмасликлари кераклигини билишлари лозим бўлган қизил чизиқлар ҳали ҳам мавжуд. Бу ўз-ўзини цензура қилишнинг бир кўринишидир. Ҳаддан ташқари ҳиссиётгга берилувчан ва очиқ маълумот узатаётган айрим журналистлар ва блогерларга нисбатан жуда кўп таъқиблар мавжуд. Бизда шахсларни ҳибсга олиш ёки турли жиноятларга алоқадорликда ёлғон айблов ҳолатлари бўйича маълумотлар бор. Баъзан ҳатто ОАВ вакиллари қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Бундай ҳолатлар кўп эмас, аммо бунинг ёмон томони бунга ўхшаган ҳолат бошқа журналистлар учун сигнал бўлиб хизмат қилади. Соҳада ўсиш бор, лекин етарли ўсиш эмас. 

Мен қамоқхоналардаги маҳбусларга нисбатан муносабат борасида ҳам шуни айтмоқчиман. Умуман, яхшиланиш бор, лекин ҳали-ҳануз суиистеъмол ҳолатлари, камситиш ва таҳдидли муомаала, қийноқлар бўлганлиги тўғрисида ҳам маълумотлар талайгина. Бу аввалгидек тизимли муаммо кўринишида эмас, лекин ҳали ҳам ҳал қилиниши керак бўлган ишлар тўпланиб ётибди. Шу каби яна барча соҳаларда муҳим тизимли ўзгаришлар юз берди ва янги қонунлар қабул қилинди. Ўйлашимча, бу ерда ижобий томонга ўзгариш бўйича юқори даражадаги топшириқ ва масъулият катта роль ўйнади. Лекин ўзгариш баъзи ҳолларда секин, баъзан эса етарлича узоқ муддатли эмас. Фуқаролик жамияти ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг яратилиши ва фаолият юрита олиши, ташкилотларнинг рўйхатдан ўтиши ёки ўз фаолиятини сақлаб қолиши ҳали ҳам жуда қийин масала бўлиб турибди. Бу сиёсат орқали ҳал қилиниши керак бўлган мавзудир. 

Ш.Н.: — Икки давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва мувофиқлаштириш рамзи сифатида АҚШ Президенти Жо Байденнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи умид қилишимиз мумкинми?

Д.Р.: — Бугун бу ерда ўтирар эканман, афсуски, Президент Байденнинг ташрифи режалари ҳақида хабар бериш имконига эга эмасман. (ҳазил) Бу ҳақида менда ҳеч қандай янгилик йўқ, лекин шуни айта айтаманки, мен бу ерда фаолият юритган уч йил давомида ҳар икки йўналишда ҳам жуда юқори даражадаги ташрифлар доимий кузатилди. Сизга маълумки, вазифамда бўлган пайтимда АҚШ савдо-тижорат котиби, давлат котиби, давлат котибининг ўринбосари, марказий қўмондонлигимиз ёки сенткомнинг юқори даражали генерали бир неча марта ташриф буюрди. Бошқа йўналишларда ҳам шунга ўхшаш кўплаб юқори даражали амалдорлар алмашинуви бўлган.  Мазкур алмашинувлар афзалликларга эга, улар муносабатларимизнинг ҳозирги стратегик даражасини кўрсатади. Шунинг учун мен бу тенденция давом этиши ва кучайишига умид қиламан. Ҳар икки йўналишда ҳам юқори даражадаги ташрифлар, албатта, давом этади. 

Ш.Н.: — Кўп йиллардан буён фаолият юритиб келаётган вазифангиз ва жойингизни тарк этаётган инсон сифатида Ўзбекистон, ўзбеклар ва бу ердаги хотираларингиз ҳақида қандай якуний фикрлар билдира оласиз?

Д.Р.: — Бу ҳақда яна бир соат гаплашишимиз мумкин, лекин, афсус, бизда бундай вақт йўқ. Таассуротларим ниҳоятда кўп, бу ерда фаолиятим ва ўтказган вақтим ҳақида жуда кўп хотираларим бор. Уларнинг деярли барчаси жуда ижобий. Айтишим мумкинки, мен бу мамлакат ҳақида энг кўп соғинадиган нарса – бу унинг одамларидир, чунки Ўзбекистон халқи ниҳоятда сахий, самимий ва меҳмондўст. Мени мамлакатнинг ҳамма жойида илиқ кутиб олишган. Мен бутун мамлакат бўйлаб саёҳат қилдим, ҳар сафар иштиёқ ва ажойиб кайфият, самимият билан кутиб олиндим. Бу ерни тарк этганимда бу одамлар билан бўлган мулоқотимни жуда кўп эслайман. Ўйлашимча, бу мамлакат ниҳоятда улкан имкониятга, катта салоҳиятга эга. Чунки, мамлакат ёш, аҳоли қатламининг ҳам катта қисми ёшлардир. Сўнгги эшитган маълумотимга кўра, мамлакат аҳолисининг олтмиш фоизини ўттиз ёки ундан кичик ёшдагилар ташкил этади. Агар сиз буни дунёнинг бошқа давлатлари билан солиштирадиган бўлсангиз, бу жуда ажойиб кўрсаткич. Демак, мамлакатнинг интеллектуал салоҳияти, иқтисодий имконияти жуда кучли. Аммо, фикримча, мамлакат раҳбарияти буни яхши англайди, деб ўйлайман, ёшларнинг яхши таълим олиши, яхши иш ўринларига эга бўлиши ҳамда мамлакатдаги энг замонавий илғор технологиялар ва билимларни ўзлаштириб олишларини таъминлайдиган институтларни такомиллаштириш талаб этилади.

Бу албатта яхши самара беради. Ушбу мақсадларимиз сари олдинга силжиш бор, лекин бу жуда узоқ йўл ва кўп вақт талаб этади. Шу ўринда биз бу ерда амалга оширган ишлар ҳақида бироз мақтаниб қўйсам. Таълим ҳақида гапирадиган бўлсам, бу соҳага биз томонимиздан катта эътибор қаратилган, Халқ Таълими вазирлиги ҳамда Олий ва Ўрта махсус таълим вазирликлари билан алоқалар ўрнатилган. Бизда АҚШ университетларида ўқиш имкониятини берувчи ва амалий қўллаб-қувватловчи алмашинув дастурлари бор. Биз шунингдек, инглиз тилини ўқитиш устида ҳам ишлаяпмиз. Сўнгги уч йил ичида Ўзбекистонда ўн беш минг инглиз тили ўқитувчиларига улар яхшироқ фаолият юритувчи педагог бўлишлари учун малакасини оширишда кўмаклашдик. Биз таълим ҳар қандай давлат ва айниқса, Ўзбекистон муваффақиятининг калити, муҳим инвестиция эканлигини тушунамиз. Шунинг учун мен бу борада яхши кайфият билан мамлакатни тарк этаман. Лекин янада муҳими, мен олдин ҳам таъкидлаганимдек, бу ерда кўрганларимдан ва айниқса тараққиётингизнинг энг улкан манбайи бўлган мамлакатингиз аҳолисидан мамнунлик ҳисси билан кетаман. 

Shaxzod Nusratulloyev
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 122
Рейтинг: 3.1
t
×