Трампнинг Кубага қарши чеклови Байден даврига келиб бекор қилинди
Олам
−
02 Июнь 2022
5308АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти ўзидан олдинги Президент Дональд Трамп томонидан Вашингтон ва Куба ўртасидаги парвозларга қўйилган чекловларни бекор қилди. Бу ҳақда АҚШ Транспорт департаменти баёнот берган.
Қайд этилишича, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен вазирликка Кубага парвозларга қўйилган чекловларни бекор қилиш ҳақида сўров билан чиққан. У Транспорт вазирлигидан Давлат департаментининг 2019 йил октябрь, 2020 йил январь ва 2020 йил август ойларидаги сўровига биноан Куба ва АҚШ ўртасида фуқаро авиациясига қўйилган чекловларни бекор қилишни сўраган.
Давлат котибининг сўзларига кўра, бундай қадамни ташлаш Куба халқини қўллаб-қувватлаш бўйича 16 май куни эълон қилинган чора-тадбирлар, шунингдек АҚШ ташқи сиёсати манфаатлари учун жуда зарур.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил октябрь ойида Вашингтон мунтазам рейсларни амалга оширувчи Америка авиакомпаниялари учун Кубага (Гаванадан ташқари) парвозларни тақиқлади. Кейинчалик, 2020 йил январь ойида бу чекловлар кенгайтирилган ва АҚШ ҳукумати Америка авиакомпанияларига Гаванадан ташқари барча Куба аэропортларига чартер рейсларини амалга оширишни ҳам тақиқлади. Шу билан бирга, Куба пойтахтига чартер рейслари сонига ҳам чекловлар киритилди. 2020 йил август ойида эса Вашингтон Кубага деярли барча чартер рейсларни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.
2022 йил 16 май куни Давлат департаменти кубалик оилаларга пул ўтказмалари бўйича чекловларни олиб ташлаш, “мустақил бизнесни” ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш учун пул жўнатиш имконини бериш ҳамда визаларни тақдим этиш учун Гаванадаги элчихонани кенгайтириш тўғрисидаги қарорини эълон қилди. Куба Ташқи ишлар вазирлиги бу қарорни тўғри йўналишдаги қадам деб атади.
LiveБарчаси