Байден Сурияга қарши санкцияларни узайтирди
Олам
−
10 Май 2022
5028АҚШ Президенти Жо Байден Сурияга қарши бир томонлама санкцияларни яна бир йилга узайтиришга қарор қилди. Бу ҳақда Оқ уй хабар берган.
Гап 2004 йилдан 2012 йилгача бўлган даврда Вашингтон томонидан Дамашққа қарши изчил жорий қилинган турли чекловчи чораларни кучда сақлаш ҳақида бормоқда. Бу чекловлар, хусусан, АҚШ юрисдикцияси остидаги айрим жисмоний ва юридик шахсларнинг активларини блокировка қилишни, шунингдек, Америка товарлари ва хизматларининг айрим тоифаларини Сурияга экспорт қилишни тақиқлашни назарда тутади.
Ҳужжатга кўра, Сурия режимининг ҳаракатлари “АҚШ миллий хавфсизлиги, ташқи сиёсати ва иқтисодиётига” таҳдид солади. Таъкидланишича, шу муносабат билан 2004 йил 11 майда фавқулодда ҳолат эълон қилинган ва бу борада кўрилаётган чора-тадбирлар 2022 йил 11 майдан кейин ҳам амал қилиши керак.
“Шунинг учун Сурия ҳукумати ҳаракатлари туфайли эълон қилинган фавқулодда ҳолатни бир йилга узайтираман”, деган Байден.
АҚШ маъмуриятига кўра, Сурия раҳбарияти “зўравонлик ва инсон ҳуқуқлари бузилишига” йўл қўймоқда.
Хабарда таъкидланишича, Қўшма Штатлар Сурия ҳукумати ва уларнинг тарафдорларини “ўз халқига қарши шафқатсиз урушни тўхтатишга, бутун мамлакат бўйлаб ўт очишни бекор қилишга, барча муҳтож сурияликларга гуманитар ёрдамнинг тўсиқсиз етказилишини таъминлашга ва Сурияда сиёсий келишувни муҳокама қилишга чақиради.”
Ҳужжатда, шунингдек, “Қўшма Штатлар Сурия ҳукумати сиёсати ва ҳаракатларидаги ўзгаришларни бундан буён ҳам амалдаги бир томонлама санкциялар режимини сақлаб қолиш-қолмаслик тўғрисида қарор қабул қилишда эътиборга олиши” айтилади.
LiveБарчаси