Байден Россиянинг ёнини олаётган Си Цзиньпин билан гаплашиб олмоқчи

Олам 6325
image

АҚШ Президенти Жо Байден ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин яқин ҳафталарда телефон орқали мулоқот қилиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ раҳбарининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан маълум қилди.  

Ундан Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси ташқи ишлар комиссияси девонхонаси раҳбари, Сиёсий бюро аъзоси Ян Цзечи билан суҳбат чоғида икки давлат раҳбарлари ўртасида бўлиши мумкин бўлган телефон суҳбати муҳокама қилинган-қилинмаганлиги сўралган. 

“Бу содир бўлмади. Лекин Президент Байден ва ХХР раиси Си Цзиньпин келгуси ҳафталарда яна телефон орқали гаплашсалар, ҳайрон бўлмайман”, деган Салливан. 

Салливан Ян Цзечи билан музокаралар чоғида АҚШ Шимолий Кореянинг ядровий ва баллистик ракета дастуридан  ташвишда экани ҳақида очиқ гапирган.

“Бу Хитой манфаатларига мос келмайди. Бу Америка манфаатларига мос келмайди. Хитой провокацион ҳаракатлар эҳтимолини камайтириш учун барча мумкин бўлган чораларни кўриб чиқиши керак”, дея қўшимча қилган Салливан.

Ундан нега сўнгги пайтларда АҚШ маъмурияти расмийлари хитойлик ҳамкасблари билан камдан-кам мулоқот қилаётгани сўралган. Байденнинг маслаҳатчиси жорий йилнинг 18 май куни Ян Цзечи билан “яхши, узоқ суҳбат” ўтказганини ва “етти ёки саккиз ҳафта олдин” улар Римда учрашганини айтган. 

“Оқ уй Хитой билан юқори даражадаги дипломатик алоқаларни секинлаштирмаяпти ёки чекламаяпти”, деган Салливан. 

Маълумот ўрнида, ўтган йилнинг 16 ноябрь куни Байден ва Си Цзиньпин онлайн учрашув ўтказди ва унда ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари муҳокама қилинди. Хитой ТИВ маълумотларига кўра, маслаҳатлашувлар якунлари бўйича икки давлат раҳбарлари қатор масалалар бўйича консенсусга эришган ва алоқаларни мустаҳкамлашга ўзаро тайёр эканликларини билдирган. Бу Байден 2021 йил январида лавозимга киришганидан бери икки етакчи ўртасидаги биринчи учрашув бўлган. Байден ва Си Цзиньпин ўртасидаги охирги телефон суҳбати 10 сентябрь куни бўлиб ўтган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 119
Рейтинг: 3
Теглар
t
×