Байден Путинни туғилган куни билан табрикламади

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байден Россия Президенти Владимир Путинни туғилган куни муносабати билан табриклаб, телеграмма юбормади. Бу ҳақда РФ Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

“Байдендан телеграмма кўрмадим, йўқ”, деган Песков журналистларнинг шу мавзу юзасидан берилган саволига жавобан.

Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, Хитой етакчиси Си Цзиньпин 6 октябрдаёқ табрик телеграммасини юборган.

“Си Цзиньпиндан телеграмма бор. У, ҳатто, бир кун аввал келди”, деган Песков.

Президент матбуот котиби Путин телефон орқали ҳам хорижий давлатлар раҳбарларидан қутловлар олаётганини қўшимча қилган.

“Ҳар бир суҳбат, табиийки, фақатгина табрик билан чегараланиб қолмайди. Бу суҳбатлар серияси табрикдан ташқари, икки томонлама алоқалар муҳокамасини ҳам ўз ичига олади”, деган Песков.

Песковнинг сўзларига кўра, Путин аллақачон Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев ва Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Беларусь етакчиси Александр Лукашенко билан мулоқот қилган.

Шунингдек, Россия раҳбари Исроил Бош вазири Нафтали Беннет, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан суҳбатлашган.

Путин Япониянинг янги сайланган Бош вазири Фумио Кишида билан мулоқот қилиб, ўзаро табрик алмашган.

“Табиийки, Президент япониялик ҳамкасбини бундай масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклади”, деган Песков.

Қайд этиш керакки, АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп ҳам Владимир Путинни туғилган куни билан табрикламаган. Ўз навбатида Путин ҳам АҚШ раҳбарини таваллуд куни табрикламаган.

Маълумот учун, Путин кеча, 7 октябрь куни 69 ёшни қаршилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин

Баҳолаганлар

214

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг