Байден Қобулдаги терактнинг йиллиги муносабати билан “террорчилар ови” давом этишига ваъда берди

Олам 3270
image

АҚШ Президенти Жо Байден 2021 йил 26 август куни Қобул аэропортида юз берган ва 13 америкалик ҳарбийнинг ҳаётига зомин бўлган терактнинг йиллиги муносабати билан бутун дунё бўйлаб “террорчилар овини” давом эттиришга ваъда берди. Унинг баёноти матни кеча, 26 август куни Оқ уй матбуот хизмати томонидан тарқатилди.

“Қобул аэропортидаги ушбу даҳшатли ҳужумдан сўнг биз америкаликларга таҳдид қилаётган ИШИД ва бошқа террорчиларга қарши шиддатли глобал кампаниямизни икки баравар куч билан бошладик. Февраль ойида биз Суриядаги ИШИД етакчисини, ўтган ой эса Қобулда “Ал-Қоида” етакчисини йўқ қилдик”, дейди Америка Президенти.

Байденнинг айтишича, Вашингтон ҳозир “Афғонистондаги минглаб [АҚШ] аскарларига хавф туғдирмаган ҳолда терроризмга қарши курашни давом эттирмоқда”.

“Менинг маъмуриятим эса қаерда бўлишидан қатъи назар, Қўшма Штатларга зарар етказмоқчи бўлган террорчиларни овлашда давом этади”, деб ваъда берган Оқ уй раҳбари.

1 август куни Байден Қобулда “Ал-Қоида” етакчиси Айман аз-Завоҳирий ўлдирилганини эълон қилди. У ва бошқа АҚШ расмийлари томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, террорчи 31 июль куни Америка дронининг зарбаси оқибатида йўқ қилинган. 3 февраль куни Байден, шунингдек, АҚШ ҳарбийлари Сурия шимоли-ғарбида аксилтеррор операцияси ўтказгани, натижада ИШИД етакчиси Абу Иброҳим ал-Ҳошим ал-Қурайши ўлдирилгани ҳақида хабар берган эди.

Ўтган йилнинг баҳорида АҚШ ўз ҳарбий контингентини Афғонистондан олиб чиқиш қарорини эълон қилганидан сўнг, “Толибон” радикал ҳаракати мамлакат устидан назорат ўрнатиш учун кенг кўламли операция бошлади. 15 август куни радикаллар Қобулга жангсиз кирди, Афғонистон Президенти Ашраф Ғани эса мамлакатни тарк этди. 26 август куни Қобул аэропорти яқинида теракт содир бўлди, натижада 200 дан ортиқ одам, жумладан 13 нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 63
Рейтинг: 3.2
t
×