Байден Ироққа ёрдам таклиф қилди 

Олам 4173
image

АҚШ Президенти Жо Байден Ироқ Бош вазири Мустафо ал-Козимий билан Бағдоддаги вазиятнинг кескинлашувини муҳокама қилди ва унга можарони юмшатишда ёрдам таклиф қилди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати тарқатган баёнотда айтилади.

Президент ва Бош вазир кўчаларда тартиб ўрнатилишини олқишлаган ва Ироқдаги барча кучлар етакчиларини миллий мулоқотга чақирган.

Хабарга кўра, суҳбат чоғида Байден ал-Козимий маъмуриятини ва можаро авж олган пайтда Ироқ хавфсизлик кучларининг ҳаракатларини юқори баҳолаган, шунингдек тўқнашувларда ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган. 

“Байден диалог ва дипломатия йўли билан ал-Козимийнинг минтақадаги кескинликни юмшатиш борасида тўлиқ қўллаб-қувватлашни таклиф қилди. Етакчилар келгуси ҳафталарда алоқага чиқишга келишиб олдилар”, дейилади хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 август куни сиёсатдан кетишини эълон қилган шиа имоми Муқтадо ас-Садрнинг юзлаб тарафдорлари Бағдоднинг ҳукумат идоралари ва хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари жойлашган “яшил ҳудуди”ни эгаллаб, Республика саройини ўраб олиб, бинога киришди. Намойишлар садрчиларни қувиб чиқаришга уринаётган хавфсизлик кучлари билан қуролли тўқнашувларга айланган. Сўнгги маълумотларга кўра, шиддатли тўқнашувларда ҳалок бўлганлар сони 30 кишига етган, 300 дан ортиқ киши жароҳатланган. Намойишлар ва тўқнашувлар Ироқнинг бошқа ҳудудларини ҳам қамраб олди.

Ас-Садр ўз тарафдорларига республика парламентига туташ ҳудудни тарк этишни буюрганидан кейин вазият бироз тинчлана бошлади.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 85
Рейтинг: 3.1
t
×