Байден Ғазода ўт очишни тўхтатиш режасини эълон қилди
Олам
−
01 Июнь
6463Исроил Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш бўйича янги режани таклиф қилди. Бу ҳақда кеча, 31 май куни АҚШ Президенти Жо Байден маълум қилди.
Режа деэскалациянинг уч босқичи, асосан, доимий сулҳ ва Исроилнинг Фаластин ҳудудидан чиқиб кетишини ўз ичига олади.
Режага кўра, биринчи босқич олти ҳафта давом этиши керак. Унда тўлиқ ва якуний ўт очишни тўхтатиш, Исроил қўшинларининг Ғазо секторидаги аҳоли пунктларидан олиб чиқиб кетилиши ва юзлаб фаластинлик маҳбусларни озод қилиш эвазига бир қатор исроиллик гаровга олинганларни қайтариш амалга оширилиши керак.
Иккинчи босқич ҳарбий ҳаракатларни якуний тўхтатиш ва Исроил қўшинларини Ғазо секторидан олиб чиқиб кетишни ўз ичига олади. Бундан ташқари, бу босқичда қолган барча гаровга олинганлар Исроилга қайтарилиши керак.
Ниҳоят, учинчи босқичда АҚШ ва халқаро ҳамжамият кўмагида минтақани кенг кўламли қайта қуриш режаси бошланади, бу эса 3-5 йил давом этади.
Жо Байден ўт очишни тўхтатиш режаси Қатар воситачилари орқали ҲАМАС гуруҳи вакилларига берилганини айтди. Америка Президенти ҲАМАСни бу таклифни қабул қилишга чақирди. Шу билан бирга, у исроиллик сиёсатчиларга ҳам мурожаат қилди.
“Исроилда бу режага рози бўлмайдиган ва урушни чексиз давом эттиришга чақирадиганлар борлигини биламан”, деди Байден яхудий давлати ўз хавфсизлиги учун қўрқмасдан келишувга эриша олишини таъкидлаб.
Шу билан бирга, АҚШ Президенти агар ҲАМАС ўз мажбуриятларини бажармаса, Исроил ҳар доим ҳарбий амалиётларни қайта бошлаши мумкинлигини таъкидлади. Ўз навбатида, Жо Байден келишувга кўра, ҲАМАС Ғазо секторида ҳокимиятда қола олмаслигини тахмин қилди.
Байденнинг нутқидан сўнг Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг идораси баёнот бериб, Ғазо секторидаги уруш мақсадларини такрорлади. Ҳисоботда қайд этилганидек, Исроил барча гаровга олинганлар қайтарилмагунча, ҲАМАС етакчилиги ва ҳарбий салоҳияти йўқ қилинмагунча урушни тўхтатмоқчи эмас.
Шу билан бирга, Нетаньяху музокаралар гуруҳига ушбу мақсадларга эришадиган келишувни тақдим этиш ҳуқуқини берди. Бироқ баёнотда бу Жо Байден томонидан тақдим этилган режага тегишли ёки тегишли эмаслиги аниқ келтирилмаган.
Шу куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Саудия Арабистони, Туркия ва Иордания Ташқи ишлар вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилди. Давлат департаментига кўра, Блинкен Прагадан Вашингтонга қайтгач ўтказган музокараларида Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш таклифи муҳокама қилинган.
“Бу таклиф ҳам исроилликлар, ҳам фаластинликлар манфаатларига жавоб беради”, деди АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллер.
Шунингдек, АҚШ Сенати ва Вакиллар палатаси раҳбарлари Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни Конгресснинг қўшма мажлисига таклиф этгани хабар қилинган.
Айрим манбаларга кўра, ҲАМАС Байден тақдим этган келишувни олқишлаган. Гуруҳ вакилларининг сўзларига кўра, агар Исроил “бу борада аниқ мажбуриятини билдирса”, улар доимий ўт очишни тўхтатиш ва Исроил қўшинларини Ғазо секторидан тўлиқ олиб чиқишга асосланган ҳар қандай таклифга “конструктив муносабатда бўлишга” тайёр.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг айтишича, бу “таклиф Ғазо секторидаги уруш ва тинч аҳоли азоб-уқубатларини тўхтатиш йўлида ҳаракат қилиш учун жиддий имкониятдир”. У уч босқичли ёндашув “мувозанатли ва реалистик” ҳамда “барча томонларнинг қўллаб-қувватлашига муҳтож” эканини таъкидлади.
Ҳабиб Жўрабоев
LiveБарчаси