Байден эртага Исроилга боради
Олам
−
17 Октябрь 2023
3571АҚШ Президенти Жо Байден эртага, 18 октябрь куни Исроилга боради. Бу ҳақда Давлат котиби Энтони Блинкен Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяху билан музокарадан сўнг маълум қилди.
“Президент АҚШнинг Исроил билан бирдамлигини ва унинг хавфсизлигига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди”, деган Блинкен матбуот анжуманида.
Унинг аниқлик киритишича, Исроил томони ўзининг ҳарбий режалари ҳақида АҚШ Президентини хабардор қилади.
Бундан ташқари, Блинкеннинг айтишича, томонлар Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамининг етиб бориши режасини ишлаб чиқишга келишиб олган.
"Қўшма Штатлар ва Исроил Ғазодаги тинч аҳолига донор давлатлар ва ташкилотлардан инсонпарварлик ёрдамини етказиш имконини берадиган режани ишлаб чиқишга келишиб олди", деган дипломат.
Блинкеннинг таъкидлашича, АҚШ Исроилнинг режани ишлаб чиқиш устида ишлаш ваъдасини олқишлайди ва АҚШ Президенти чоршанба куни уни муҳокама қилишини интиқлик билан кутяпти.
Кейинроқ Оқ уйнинг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби Президент Байден Исроилга ташрифидан сўнг Иорданияга боришини маълум қилган. У ерда Иордания, Фаластин ва Миср раҳбарлари билан учрашувлар режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Яқин Шарқ бўйлаб сафарини Исроилдан бошлаб, Иордания, Қатар, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Мисрга ҳам борган ва шу давлатларнинг расмийлари билан Исроил-Фаластин масаласини муҳокама қилганди. Араб давлатларига қилган сафаридан сўнг, Энтони Блинкен кеча, 16 октябрь куни Исроилга қайтиб келди.
LiveБарчаси