“Барселона” нима учун ютқазди?

Спорт

image

7 майга ўтар кечаси Европа Чемпионлар лигаси ярим финалининг жавоб баҳси доирасида “Барселона” “Интер” меҳмони бўлиб, 4:3 ҳисобидаги мағлубиятга учради. QALAMPIR.UZ ушбу ўйиннинг умумий таҳлилини ўз обуначиларига тақдим этади.

Кечаги ўйинда каталонияликлар мураббийи Ханси Флик таркибдаги йўқотишлар сабаб ротацияларга қўл уришга мажбур бўлди. Дастлаб, “кўк-анорранглилар”нинг алмаштирилмас футболчисига айланган Алехандро Бальденинг йўқлиги “Барселона”нинг зарарига ишлади. Чунки ҳар икки ўйинда ҳам “Интер” айнан рақибининг чап қанотидан ҳужумларни уюштирди ва бунинг натижасида бир нечта голли вазиятлар, ҳаттоки голлар ҳам ўша қанотдан уюштирилган ҳужумлар ортидан урилди. Яъни бу боксда рақибининг жароҳат олган жойига қайта-қайта уриб уни нокаут қилгандек гап.

Шунингдек, “Барселона”нинг ўнг қанотида ҳам камчилик Миландаги ўйинда яққол билинди. Ҳа, Гарсия гол урди, хавфли вазиятлар яратди, аммо ҳимояланишда анча оқсади. “Интер”нинг нисбатан тезкор ва жисмонан бақувват қанот футболчиларининг ҳужумлари рақиб ўйинчиларини эсанкиратиб қўйди. Айниқса, ўша Мартиннинг қанотидан олдинга борган Дюмфриснинг тўп билан ҳамда тўпсиз ҳаракатлари жамоасига фойда келтирди. Тезкор қанотлар ишга тушишига асосий сабаблар уларга етказиб берилган узатмалар. Яъни ҳимоя ва ҳужумни боғлаб берувчи ярим ҳимоя вакиллари. Ушбу позицияда биргина пас билан жамоадошларини бирга-бир вазиятга чиқариб юборган Хакан Чалхануглу ва Нико Барелланинг намойиш этган ўйини таҳсинга сазовор. Айниқса, Барелла, италикялик ярим ҳимоячи таянч зонасини ҳам, ҳужум ташкил қилиш борасида ҳам рақибига мастер-класс ўтаб берди. Ҳужумдагилар ҳам алоҳида мавзу. Лаутаро алдамчи тўққизликда ўйнаган бўлса, Тьюрам соф тўққизлик ҳужумчи позициясида ўйнади. Бу эса “Барселона” ҳимоячиларига икки ҳисса оғирлик қилди. Флик шогирдлари биринчи таймда кам ҳужум қилди, аммо сифатли ҳужум. Голли вазиятлар бўлди, лекин самарадорлик жуда паст. 

Германиялик мутахассиснинг камчилиги иккинчи тайм охирида билинди. Яъни сариқ карточкаси бор, аммо ўйнаб турган Иньиго Мартинеснинг ўрнига жароҳатидан тўлиқ фориғ бўлган, лекин спорт формасини тиклай олмаётган Рональд Араухони туширди. Бу эса хато қарор бўлганлиги асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларнинг сўнггисида урилган Ачербининг ва ўйин тақдирини ҳал қилган экстра-таймлар бошидаги киритилган Фраттезининг голида Араухониннг туширилганининг хатолигини яққол исботлаб берди. Чунки ҳар икки голда ҳам айнан уругвайлик ҳимоячининг позиция танлашдаги, ҳимояланишдаги камчилигини яққол кўрсатиб берди. 

Шунингдек, офсайд чизиғини ушлаш борасида мавсум давомида мастер-класс кўрсатиб бораётган “Барселона” ушбу баҳсда нўноқликка йўл қўйди. Лаутаронинг голидаги вазиятда Димарконинг Дюмфрисга узатилган пасида ҳимоячилар “ухлаб” қолди. Ушбу вазиятда Мартиннинг позиция танлашдаги ишончсиз ўйини оқибатида Иньиго қанотдан келаётган хавфнинг олдини олишга ҳаракат қилди. Шу заҳоти марказ очиқ қолди.

Мартиннинг катта ўйинларга тайёрмаслиги ва Бальденинг йўқлиги яққол билинган вазият голдан олдин Барелланинг йўллаган зарбаси. Бунда Мартин ҳужумга кетиб қолиб, позициясини йўқотди, унинг ўринини ёпишга интилган Иньиго Бареллага алданди ва италиялик хавфли зарба йўллади, Шесни қайтарди.

Иккинчи голда Мхитарияннинг узатмаси вақтида марказ ва ўнг қанотда коридор очиб берилди. Ҳа, ўнг қанотга туширилган Гарсия позицияни бой берди ва оқибатда Лаутаро деярли бирга-бир вазиятга чиқиб кетди. Лаутарони тўхтатиш эса нисбатан қалтисроқ ўйин кўрсатадиган Кубарсига қолиб кетди ва Кубарси ҳужумчини жарима майдончаси ичида йиқитди.  Бир қарашда тўпга ўйналгандек кўринди, аммо контакт ҳам йўқ эмасди.

Флик иккинчи таймда жамоани ўзгартира олди, натижада Эрик Гарсия ва Ольмонинг голлари эвазига ҳисобни тенглаштирди. Ҳисоб тенглашганидан кейин Флик шогирдлари ташаббусни қўлга олди. 87-дақиқада Рафинья гол уриб, ҳисобни 3:2 кўринишига келтириб қўйди.

Ҳисоб тенглашган вазиятда эса Дюмфрисга қадар тўп етиб келгани, Мартиннинг позициясини йўқотиб қўйгани, унинг ўрнини ёпишга келган Кубарси эса рақибини осонликча ўтказиб юборди. Узатмадан кейин Ачербини зарарсизлантира олмаган Араухо шунчаки қотиб қолди.

Экстра таймлар бошидаги “Интер”нинг илк ҳужуми гол билан тугади. Ушбу вазиятда Тьюрам “Барселона”нинг чап қанотида бемалол тўпга эгалик қилиб юрди. Хўш, қани Мартин? Яна ўша муаммо, позицяни йўқотиб қўйиш ва бунинг оқибатида Араухо Тьюрамни зарарсизлантириш учун марказдан қанотга ўтди. Тьюрамнинг Таремига узатган паси аниқ етиб борди. Кубарси уни тўхтатиб қолмади. Фраттезининг зарба йўллаётган вақтида Де Йонг, Кубарси, Араухо ва Фермин унга коридор очиб берди. 4:3 дан кейин “Барселона” руҳан синди. Ҳа, вақт бор эди. Эндигина қўшимча дақиқаларнинг биринчиси эди. Аммо Флик шогирдларини бу сафар уйғота олмади. Захирадан ўйинга қўшилган Левандовски эса шунчаки йўқолиб қолди. 

Хуллас, ушбу ўйинда “Барселона” таркибидаги йўқотишлар ва бунинг ортидан амалга оширилган ротациялар оқибатида мағлуб бўлди. “Интер” эса ўзи яратган вазиятлардан максимум фойдаланди ва ҳимояланишда ҳам камроқ хато қилди. Мезбонлар дарвозабони Янн Зоммер эса шунчаки даҳшат ўйин кўрсатди. Учрашувнинг энг яхши футболчиси совринини қўлга киритишга ҳақли ўйин кўрсатди. Гарсиянинг зарбаси, Ямалнинг зарбаси хуллас, “Барселона”нинг яққол 3-4 голли вазиятини йўққа чиқарди.

Муносиб жамоа финалга чиқди. Инзаги бир ўйин учун жамоани ажойиб тарзда тайёрлай оладиган мураббийлар қаторидан жой олди. Эндиликда “Интер” ЕЧЛ финалида ПСЖ - “Арсенал” ғолибига қарши майдонга тушади.


Мақола муаллифи

Теглар

Барселона Европа Чемпионлар лигаси Интер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг