“Барса” деярли 210 миллион евролик шартнома имзолади

Спорт 3037
image

Испаниянинг “Барселона” клуби телевидение ҳуқуқларининг бир қисмини сотди. Бу ҳақда “кўк анорранглилар” матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Американинг “Sixth Street” инвестицион компанияси Испания клубининг Ла Лигадаги телевизион медиа ҳуқуқларининг 10 фоизини 207,5 миллион евро эвазига сотиб олди. Компания 25 йил мобайнида “Барса”нинг телевизион ҳуқуқларидан келадиган даромаднинг 10 фоизига эгалик қилади. Бу шартномага имзо чекиш орқали, “кўк анорранглилар”нинг жорий мавсумдаги умумий капитали 267 миллион еврога етди.

“Барса” раҳбарияти жамоадаги молиявий вазиятни барқарорлаштириш учун телевидение ҳуқуқларининг 25 фоизини ва мерчандайсинг бизнесининг деярли 50 фоизини сотишга қарор қилган эди. Шунингдек, Каталония клуби президенти Жоан Лапорта футболчиларнинг маоши кескин қисқартирилишини ва “Барселона” ҳеч қайси футболчига йилига 10 миллион евродан кўп пул тўламаслигини таъкидлаган.

Маълумот учун,“Sixth Street” инвестицион компанияси “Сан-Антонио” баскетбол жамоасининг 20 фоиз улушига эгалик қилади. Шунингдек, ушбу компания “Барселона”нинг ашаддий рақобатчиси “Реал Мадрид”га ҳам 380 миллион доллар сармоя киритади. Бу орқали Мадрид клуби стадиондан тушган даромаднинг 30 фоизини “Sixth Street”компаниясига ўтказади.

Маъруф Абдумаликов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 50
Рейтинг: 2.8
t
×