“Барса” 100 миллион евролик келишув имзолди

Спорт 2338
image

Испаниянинг “Барселона” клуби “Barca Studios”нинг (жамоанинг медиа хизмати) 24,5 фоиз ҳуқуқларни “Orpheus Media”га 100 миллион еврога сотганини эълон қилди. Бу ҳақда жамоанинг расмий сайтида хабар берилган.

“Barca Studios”нинг стратегик ҳамкорлари ушбу сармоя билан лойиҳанинг қийматига ва спорт оламидаги рақамли контент келажагига ишончларини намойиш этадилар”, дейилади “кўк анорранглилар” матбуот хизмати хабарида.

Бундан олдин,“Барселона” телевизион ҳуқуқларининг 25 фоизини Америка Қўшма Штатларининг “Sixth Street” сармоявий компаниясига сотганди. Дастлаб, америкаликлар клуб теле-ҳуқуқларининг 10 фоизини сотиб олганди. Кейинчалик “кўк анорранглилар” яна 15 фоиз ТV намойишлар эгалигини “Sixth Street”га сотди. Ушбу иккита битимнинг умумий қиймати қарийб 600 миллион еврони ташкил этди. Шунингдек, каталонияликлар  “Barca Studios”нинг 24,5 фоиз улушини “Socios”га 100 миллион еврога сотди. 

Қайд этилишича, юқоридаги тўртта иқтисодий дастак ишга туширилганидан кейин ҳам “Барселона” футболчиларининг маошини 30-40 миллион еврога камайтириши керак. Серхио Бускетс ва Жерар Пике маошлари камайтирилишига розилигини билдирган бўлса, Френки де Йонг билан боғлиқ вазият чигаллигича қолмоқда. “Барса” юқоридаги учта футболчидан пандемия даврида қарз бўлиб қолган. Яъни, улар маошларининг катта қисми пандемия якунлангач, тўлаб берилишига рози бўлган. Аммо ҳозирда “Барса” бу футболчилар олдидаги мажбуриятини бажаролмайди.

“Барса”нинг икки “қария” футболчиси Пике ва Бускетс раҳбарият билан маошларни камайтириш бўйича келишувга эришгани ва юқоридаги тўртинчи иқтисодий дастакнинг ишга тушиши клубга янги келган футболчиларни Испания чемпионати учун рўйхатдан ўтказишга ёрдам беради.

Маълумот учун, ёзги трансфер ойнасида Франк  Кессье ва Андреас Кристенсен эркин агент сифатида “Барселона” билан шартнома имзолади. Шунингдек, “Лидс” ярим ҳимоячиси Рафинья Диас 58 миллион еврога ва Роберт Левандовски “Бавария”дан 45+5 миллион евро эвазига харид қилинди. Қолаверса, “Севилья” футболчиси Жюль Кунде 50 миллион евро эвазига сотиб олинди.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 26
Рейтинг: 3.3
t
×