“Барчаси қўрқинчли тушга ўхшайди” — Грецияда сайёҳлар эвакуация қилинди (видео)

Олам 4522
image

Ўрмон ёнғинлари туфайли Грециянинг Афина шаҳри атрофидан 300 киши эвакуация қилинди, яна 85 киши Эгей денгизидаги Эвбея оролини қайиқда тарк этди. Бу ҳақда RBK ёзмоқда.

Қайд этилишича, у ерда камида 150 уй ёниб кетган. Умуман олганда, охирги 24 соат ичида Грецияда 80 дан ортиқ ёнғин содир бўлган. Глобал иқлим ўзгариши ва ҳаво ҳароратининг кўтарилиши ортидан бир қанча Европа давлатларида ўрмонлар ёнмоқда. Ушбу ҳолат қадим тарихга эга бўлган Грецияда ҳам кузатилмоқда. 

Сўнгги хабарларга кўра, Грецияда ўт ўчирувчилар 56 та ёнғин содир бўлган ҳудудда оловга қарши курашмоқда.

“Бугун биз учун охирги ўн кундан бери давом этаётган ёнғинли кунлар ичида энг оғирроғи. Ҳозирги вақтда бизда 56 та очиқ ёнғин ҳудуди бор. Улардан энг жиддийлари: Аттика, Эвбея, Мессиния, Шарқий Мани, Фтиотидадаги Толофон, Гревена ва Илёс ҳудудларида юз бермоқда”, дейди Греция Фуқаролик муҳофазаси ва инқирозларни бошқариш вазирининг ўринбосари Никос Ҳардалиас. 

Ёнғинга қарши четдан ёрдам

Фуқароларни ҳимоя қилиш вазирининг ўринбосари маълум қилишича, Греция ёнғинларни ўчиришда ёрдам сўраб бошқа давлатларга мурожаат қилган. Франция 82 нафар ўт ўчирувчи ва иккита самолёт, Кипр 40 нафар ўт ўчирувчи ва иккита самолёт, Хорватия битта самолёт, Украина 100 ўт ўчирувчи, Исроил 16 та, Швеция иккита самолёт, Руминия 112 ўт ўчирувчи, 23 та махсус техника ва Швейцария учта вертолёт ажратади.

Грецияда аномал иссиқ 10 кундан ошиқ давом этмоқда. Термометр жойларда 47 даражагача кўтарилди. Миллий метеорология хизмати мамлакатда иссиқ ҳаво яна беш кун давом этишини тахмин қилмоқда.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 109
Рейтинг: 3
t
×