Банкротлик: бу йўналишда қандай ўзгаришлар кутиляпти?
Бизнес
−
24 Декабрь 2019
5170Банкротлик ишини қўзғатишда қарздорлик миқдори юридик шахсга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдори 500 баравардан 300 бараварга, якка тадбиркорларга нисбатан 30 баравардан 20 бараварга камайди. Бундан кўзланган мақсад кредиторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, банкротлик жараёнини тезлаштиришдан иборат.
Бу ҳақда “Банкротлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун кучга киргани муносабати билан Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан видеоконференция тарзида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди. Унда нафақат журналистлар, балки республиканинг барча ҳудудларида фаолият кўрсатаётган суд бошқарувчилари ҳам иштирок этди.
Агентлик бошқарма бошлиғи Жамшид Тоҳиров Қонуннинг ўзига хос янгиликлари ва аҳамиятига тўхталиб ўтди. Таъкидланганидек, Қонун билан энди тўлов қобилиятини тиклаш таомили амалиётга жорий этилади. Бу суд санацияси ва ташқи бошқарув таомилларини ўз ичига олади. Бунда асосий эътибор тўлов қобилиятини йўқотган корхонани соғломлаштиришга қаратилади. Илгари корхонани фақат банкрот деб топиш тўғрисида судга даъво аризаси киритилган ва айнан шу масала кўрилган бўлса, бундан буён мазкур ариза банкротлик ишини қўзғатиш учун берилади ва бунда суд санацияси, ташқи бошқарув тамойили ва тугатиш тўғрисидаги масалалар алоҳида кўрсатилади. Эндиликда кредиторлар овоз беришда бешта гуруҳга бўлинади. Қонун асосида кузатув таомили, яъни қарздорнинг молиявий аҳволи таҳлилини ўтказиш жараёни аввалги 4 ойдан 3 ойга қисқартирилди. Суд санацияси — қарздор ишларини бошқариш ваколатларини санация қилувчи бошқарувчига ўтказмаган ҳолда тўлов қобилиятини тиклаш 30 ойдан 24 ойга камайтирилди. Кредиторлар талабларини мутаносиб равишда қаноатлантириш, қарздорнинг мажбуриятлардан озод этилганлиги ҳамда тугатилганлигини эълон қилиш мақсадида қўлланиладиган таомил — тугатишга доир ишни юритиш олдинги 12 ой ўрнига 9 ойда амалга оширилади. Ушбу муддат кўпи билан 3 ойга узайтирилиши мумкин. Илгари бундай тартиб йўқ эди. Банкротлик соҳасида бешта таомилдан бири — келишув битими эса таомил қаторидан чиқарилди, энди у жараён сифатида ҳар қайси таомил доирасида амал қилади, яъни келишув битими тузилади.
Эндиликда корхона раҳбарига ёки муассисларига (иштирокчиларига) ёхуд мулкдорига нисбатан корхонани банкротликка олиб келган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун жиноят иши қўзғатилган тақдирда банкротлик тўғрисидаги ишни юритиш жиноят ишлари бўйича суд томонидан тегишли қарор қабул қилингунга қадар тўхтатиб турилади. Бу билан ҳозиргача муаммо бўлиб турган масалага ечим топилди.
Санация бошқарувчиси ва кредитор қарздорни банкрот деб топиш ҳақида ариза беришидан ёки банкротлик иши қўзғатилишидан 24 ой олдин тузилган (илгари бу муддат 6 ой бўлган) шартномаларни бир неча ҳолатда бекор қилиш ҳуқуқига эга. Яъни агар шартномани бажариш қарздорга зарар етказса ёки бошқа шундай шартномага нисбатан қарздор, кредитор қарз мажбурияти бажарилиши таъминловчи шахслар ҳуқуқларини бузса ёхуд шартнома бир йилдан ортиқ муддатга тузилган ва қарздор учун фақат узоқ истиқболда ижобий натижа олишга мўлжалланган бўлса мазкур шартнома бекор қилинади.
Суд бошқарувчиларининг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш мақсадида энди қонунда аниқ белгилаб қўйилганидек, суд бошқарувчиси кредиторнинг талабига кўра, қарздорнинг молиявий аҳволига оид ахборотни 10 кунлик муддатда тақдим этиши керак.
Матбуот анжуманида қайд этилганидек, яна бир янгилик ҳозиргача суд бошқарувчисига номзод бериш масаласи долзарб бўлиб келган. Бундай номзод солиқ органи, ҳудудий органлар, баъзида қарздорнинг ўзи томонидан берилган. Энди эса номзодни судга тақдим этиш Суд бошқарувчилари ассоциацияси томонидан бажарилиши тартиби жорий этилмоқда. Бунда албатта суд бошқарувчисидан банкрот корхонани тугатиш эмас, балки уни биринчи навбатда соғломлаштириб, фаолиятини тиклашга масъулият билан ёндашган ҳолда фаолият юритиш, шунга яраша чуқур билимга эга бўлиш талаб этилади.
Жаҳон банкининг Бизнесни юритиш бўйича 2020 йилги ҳисоботида тўловга қобилиятсизликни ҳал этиш индексида Ўзбекистоннинг ўрни билан боғлиқ маълумот таъкидланганидек, бизда тугатиш муддати 2 йил, бутун дунёда эса бу ўртача 1 йилдан иборат. Тугатишга кетадиган харажатлар миқдори қарздор мол-мулки яъни активининг 10 фоизини ташкил этади. Кўриниб турибдики, бу мамлакатимизнинг жаҳон миқёсидаги рейтингига салбий таъсир қилаяпти. Қарзни қайтариш коэффициенти 34,4 фоизда, ривожланган давлатларда (АҚШ, Япония) эса бу 60-80 фоизда. Демак, ушбу кўрсаткичларимизни яхшилаш олдимиздаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади дейди агентлик бошқарма бошлиғи Жамшид Тоҳиров.
Келгуси йил май ойигача “Банкротлик тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Унда банкрот бўлган корхоналарга солиқ имтиёзлари берилиши ва корхона тиклангач, бу солиқни қайтариш тартибини жорий этиш таклифи ишлаб чиқилмоқда. Бундан ташқари, жисмоний шахсларнинг банкротлигини жорий қилиш, соддалаштирилган тартиботни такомиллаштириш, қарздорликни ҳисобдан чиқариш ваколатини судга бериш амалиётини татбиқ этиш масалалари кўриб чиқилмоқда.
Илгари банкротлик жараёни корхонани тугатиш, унинг кредиторлар олдидаги қарзини кечиш, солиқдан қочиш йўли бўлиб келган. Кейинги 5 йил давомида банкрот бўлган корхоналар таҳлил қилинганда, 97 фоиз банкрот корхоналар тугатилиб, давлат реестридан чиқарилган, уларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалар олдидаги қарзларидан воз кечилган. Лекин бюджет олдидаги қарздорлик бу кўпчиликнинг ҳаққи, кўпчиликнинг манфаати. Шунинг учун корхонанинг қарзи кечилмаслиги керак. Бутун дунёда шундай. Ҳатто, баъзида қарздор билан суд бошқарувчиси ўртасидаги ўзаро келишув асосида ҳам корхонани тугатиш ҳолатлари кузатилган. Бунда суд бошқарувчиси ўз вазифасини талаб даражасида бажармаган, аслида эса у бундай корхона фаолиятини чуқур ўрганиб, уни тиклаш чораларини кўриши керак эди. Қонундаги янги нормалар билан бундай номақбул муносабатларга чек қўйилди. Энди дунёнинг бошқа давлатларида бўлгани каби бизда ҳам банкротликни тугатиш деб эмас, балки уни соғломлаштириш, иқтисодий фаолиятга қайтариш воситаси деб тушунсак, олдимизга қўйилган мақсадга эришамиз.
Маълумот учун: Сайт: www.davaktiv.uz
Telegram: https://t.me/DAVAKTIVUZ
Facebook: https://www.facebook.com/davaktiv.uz/
Реклама ҳуқуқи асосида
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь