Бангладеш армияси муваққат ҳукумат тузилганини эълон қилди
Олам
−
05 Август
5279Бангладеш армияси бошлиғи генерал Вақер уз-Замон мамлакатда муваққат ҳукумат тузилишини маълум қилди. Бу ҳақда маҳаллий матбуотда хабарлар тарқатилди.
Бу баёнот Бош вазир Шайх Ҳасина норозилик намойишлари остида расмий қароргоҳини тарк этганидан кейин янгради.
“Барча сиёсий партиялар вакиллари билан самарали музокаралардан сўнг, биз муваққат ҳукумат тузишга қарор қилдик. Энди вазиятни ҳал қилиш учун Бангладеш Президенти Муҳаммад Шаҳобиддин билан учрашув ўтказамиз”, деди армия бошлиғи матбуот анжуманида.
Вақер уз-Замоннинг қайд этишича, агар намойишлар ва зўравонликлар тўхтаса, мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этишга ҳожат қолмайди. У тартибсизликлар иштирокчиларининг ўлими юзасидан тергов олиб боришга ваъда берди.
Шунингдек, генерал норозилик марказларидан бирига айланган Дакка университетининг профессори Осиф Назрулни талабаларга мурожаат қилиб, намойишларни тўхтатишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Бош вазир Ҳасина тартибсизликлар вақтида истеъфога чиқиб, синглиси билан мамлакатни тарк этгани хабар қилинганди.
Зебо Туробжонова
LiveБарчаси