Балотелли Туркия клубига кўчиб ўтди
Спорт
−
15 Сентябрь 2023
2413Италиялик футболчи Марио Балотелли Туркиянинг "Адана Демирспор" клуби билан 1 йиллик шартнома имзолади. Бу ҳақда Туркия клуби матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун, 15 сентябрь куни ҳужумчи турклар сафига эркин агент сифатида кўчиб ўтган.
“Бизнинг клубимиз Марио Балотелли билан бир мавсумга мўлжалланган шартнома имзолади. Шунингдек, бизда келишувни яна бир йилга узайтириш имконияти бор”, деб ёзган клуб матбуот хизмати Х (Twitter)да.
Маълумот учун, кеча, 14 сентябрь куни 32 ёшли ҳужумчи Швейцариянинг “Сьон” клуби билан шартномасини бекор қилган. У 2022 йилнинг август ойида худди шу “Адана Демирспор”дан кўчиб ўтган эди. Балотелли ўтган вақт ичида “Сьон” учун 19 ўйин ўтказди ва 6 та гол урди.
Италиялик футболчи профессионал фаолияти давомида “Монца”, “Брешиа”, “Марсель”, “Ницца”, “Ливерпуль”, “Милан”, “Манчестер Сити” ва “Интер” каби клублар шарафини ҳимоя қилган. Шунингдек, Балотелли Италия терма жамоаси таркибида ҳам 36 ўйинда майдонга тушиб, унда у 14 та гол ва 5 та голли узатмага муаллифлик қилган.
LiveБарчаси