Бортида юздан ортиқ йўловчи, ўнлаб автомобиль ва мотоцикллар бўлган паром ёниб кетди (видео)
World
−
13:50 3878 1 minute
Бугун, 12 август куни Бали қирғоқлари яқинида йўловчи ташувчи паром ёниб кетди. Бортда 130 га яқин одам бўлгани хабар қилинмоқда. Ҳодиса жойида одамларни эвакуация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда “Синьхуа” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, “Putri Yasmin” йўловчи паромида ёнғин Бали оролидаги Падангбай портидан Ломбок оролидаги Лембар портига қараб сузаётган вақтда чиққан. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, бортда 114 нафар йўловчи ва 17 нафар экипаж аъзоси бўлган.
Воқеа жойида одамларни эвакуация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирча қурбонлар ҳақида маълумот йўқ. Ёнғин сабаблари ҳозирча аниқланмаган.
“Times of India” нашрининг аниқлик киритишича, қутқарувчилар ва яқин атрофдан ўтаётган кемалар 106 кишини қутқаришга муваффақ бўлган. Яна 25 кишини эвакуация қилиш операцияси давом этмоқда. Баландлиги 4 метргача етаётган кучли тўлқинлар қутқарув ишларини қийинлаштирмоқда.
Қайд этилишича, паромда шунингдек 44 та автомобиль ва 53 та мотоцикл ҳам бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Индонезиянинг Шарқий Ява провинциясидаги Сурабая шаҳридан Жанубий Сулавесидаги Макасарга йўл олган, бортида 271 киши бўлган йўловчи пароми ёниб кетганди. Оқибатда камида 5 киши ҳалок бўлиб, ўнлаб йўловчилар бедарак йўқолган эди.
Live
All