Баку Европага газ етказиб беришни кўпайтиришга тайёр

Олам 3955
image

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев  2021 йилда мамлакат Европа Иттифоқига 7 миллиард куб метрдан ортиқ газ  экспорт қилганини маълум қилди. 

Озарбайжон, керак бўлса, Европа давлатларига газ экспортини оширишга тайёр. Бу ҳақда Алиев бугун, 18 декабрь куни Италиянинг Il Sole 24 Оrе газетасига берган интервьюсида айтган.

“Ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш имконияти европалик истеъмолчилар талабига боғлиқ бўлади”, дейди у. 

Алиевнинг таъкидлашича, 2021 йил Озарбайжон Европа Иттифоқига 7 миллиард куб метрдан ортиқ газ экспорт қилган. 2022 йилда 9 миллиард куб метр, 2023 йилда эса 11 миллиард куб метр газ етказиб бериш режалаштирилган. 

"Ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун сармоя керак. Бизда улкан конлар ва Европанинг бошқа йўналишларига уланиш имкониятига эга замонавий инфратузилма мавжуд", дейди  Озарбайжон Президенти.

Маълумот учун, Озарбайжон 2020 йил 31 декабрдан Жанубий газ йўлагининг ажралмас қисми бўлган Транс-Адриатик қувур линияси орқали Европага  газ етказиб беришни бошлаган. 25 йилга мўлжалланган етказиб беришлар йилига 10 миллиард куб метрдан ортиқ газ экспортини назарда тутади. Озарбайжон гази Европа бозорига, шундан 8 млрд куб метр Италияга, 1 млрд куб метр - Греция ва Болгарияга етказиб берилади.

Жанубий газ йўлаги интеграциялашган қувур тизими бўлиб, Бакудан Грузия, Туркия, Греция ва Албания орқали Италия жанубигача  3,5 минг кмга чўзилган Жанубий Кавказ ва Транс-Анадолу газ қувурларини ҳам ўз ичига олади. Унинг ўтказиш қуввати 16 миллиард куб метрни ташкил қилади.  Жанубий газ йўлаги учун асосий хомашё манбаи 1,2 триллион куб метр захирага эга Шоҳденгиз кони ҳисобланади.

Шаҳло Орзиева

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 124
Рейтинг: 3
t
×