Баку Қорабоғ арманларига қарши геноцид сиёсатини давом эттиряпти – Ереван
Олам
−
15 Декабрь 2022 2320 2 дақиқа
Лочин йўлаги билан боғлиқ вазият Баку Тоғли Қорабоғ арманларига қарши геноцид сиёсатини давом эттираётганини кўрсатади. Бу ҳақда кеча, 14 декабрь куни Арманистон Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян БМТ Хавфсизлик кенгашининг “Ислоҳот қилинган кўп томонлама муносабатларнинг янги йўналиши” мавзусидаги йиғилишида маълум қилди.
“Мана учинчи кундирки, Озарбайжон халқаро мажбуриятларини қўпол равишда бузган ҳолда, ягона “ҳаёт йўли” бўлган Лочин йўлагини тўсмоқда, шу орқали Тоғли Қорабоғни Арманистон ва ташқи дунёдан узиб қўйди. Озарбайжон раҳбарияти арманларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлиги кафолатларини таъминлашга тайёр эканини, ҳеч қандай халқаро механизм ёки ҳозирлик талаб қилинмаслигини билдиради. Ҳозир бизда мавжуд бўлган нарсалар бу кафолатларни қандай тасаввур қилишларини кўрсатади. Озарбайжоннинг Степанакерт билан ҳуқуқ ва хавфсизлик масалалари бўйича мулоқот қилишдан бош тортиши билан бир қаторда, бу позиция Баку Тоғли Қорабоғ арманларига қарши геноцид сиёсатини давом эттираётганидан далолат беради”, дейди Мирзоян.
Арманистон ТИВ раҳбарининг таъкидлашича, Озарбайжон Арманистон-Озарбайжон муносабатларини нормаллаштириш жараёнида ҳам, Тоғли Қорабоғ масаласида ҳам турли кўп томонлама форматларда эришилган ўз мажбуриятларини бажаришдан бош тортмоқда.
“Озарбайжон раҳбариятининг ҳаракатлари, жангари риторикаси ва экспансионистик ёндашуви минтақада тинчлик ва барқарорликка эришиш имкониятига жиддий таҳдид солмоқда. Тоғли Қорабоғ аҳолисининг ҳуқуқлари ва хавфсизлиги масаласи ҳал қилиниши керак. Тоғли Қорабоғ халқи ўз ватанида муносиб, тинч-тотув яшаши керак”, дейди вазир.
Жорий йилнинг 12 декабрь куни ўзини экологлар деб таништирган бир гуруҳ озарбайжонликлар Арманистон ва Тоғли Қорабоғни боғловчи ягона йўл бўлган Лочин йўлагини тўсиб қўйди. Ереван бу қадамни расмий Баку томонидан тан олинмаган республикада гуманитар фалокат яратишга қаратилган провокация сифатида баҳолади.
Озарбайжон нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) вакиллари Қорабоғ вилоятидаги Шуша-Лочин йўлида россиялик ҳарбийларнинг вақтинчалик назорати остидаги ҳудудларни кузатиш тақиқланганини қоралаган митингни ҳамон давом эттирмоқда.
Фаоллар экологик террор, конлардан ноқонуний фойдаланишга қарши шиорлар айтмоқда, Россиянинг Қорабоғдаги ҳарбий контингенти қўмондони Андрей Волков билан учрашишни талаб қилмоқда.
Live
Барчаси