Бахтиёр Саидов ШҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлисида қатнашди

Олам

image

Жорий йилнинг 4-5 май кунлари Ҳиндистоннинг Панажи шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳам иштирок этди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Айтилишича, Ташқи ишлар идоралари раҳбарлари 3-4 июль кунлари Нью-Деҳли шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг бўлажак мажлиси мазмун-моҳиятини, жумладан, давлат раҳбарлари кўриб чиқиши учун тақдим этилиши мўлжалланган ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилган.

Мажлисда нутқ сўзлаган ШҲТ Бош котиби Чжан Мин ШҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашида илк бора қатнашаётган Бахтиёр Саидов (Ўзбекистон), Мурат Нуртлеу (Қозоғистон) ва Цинь Гангни (Хитой) қутлаб, уларнинг иш фаолиятида омад тилаган.

Вазирлар ташкилот таркибини кенгайтириш масаласига эътиборни кучайтирган. Бўлажак саммитда Эрон ШҲТга тўлақонли аъзо бўлиши кутилмоқда. Беларусни қабул қилиш учун зарур бўлган тартиб-қоидалар ҳам фаол давом этмоқда. Баҳрайн, Қувайт, Малдив ороллари, Мьянма ва Бирлашган Араб Амирликлари ШҲТ ҳамкорлигига янги мулоқот ҳамкорлари сифатида қўшилмоқда.

ШҲТга аъзо давлатларнинг терроризм, экстремизм, наркотрафик ва трансчегаравий уюшган жиноятчиликка қарши биргаликдаги чора-тадбирлари контекстида Афғонистондаги вазиятнинг ШҲТ маконига “ўтиб кетиши” таҳдидини жиловлаш мақсадидаги масалалар ҳам муҳокамадан ўрин олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон ШҲТ Бахтиёр Саидов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг