Маргарет Тэтчер–Баққоллик дўконининг томида улғайган темир ирода

Таҳлил

Робертснинг кўриш қобилиятида муаммо бор эди. Тирикчилик дардида ҳар ишга қўл ураётган бола шу камчилиги туфайли пойабзал тикиш билан шуғуллана олмади. Бироқ барибир нима билан бўлса-да оиласига ёрдам бериши лозим эди ва шунинг учун у 13 ёшида мактабни тарк этди. У Норҳамптонширнинг Оундл шаҳрида жойлашган баққоллик дўконига ёрдамчи сифатида ишга кирди. Кейинчалик Робертс Линколнширдаги Грантҳамга кўчиб ўтди ва у ерда ҳам озиқ-овқат дўконида шогирд бўлиб ишлади. Бу орада Биринчи Жаҳон уруши бошланди. Феъл-атвор жиҳатидан ўта ватанпарвар бўлган йигитча кўнгиллилар қаторида урушга бориш учун нақд 6 мартта ариза топширади. Бироқ унинг кўриш қобилияти пастлиги учун барча мурожаатлар Британия армияси томонидан рад этилади. Грантҳамга кўчиб келганидан 4 йил ўтиб Робертс Беатрис исмли қизни учратади. Улар 1917 йилда турмуш қуришади.

Вақт ўтиб у шогирд бўлиб ишлаган озиқ-овқат дўконини сотиб олади ва 1923 йилда ўзининг иккинчи дўконини очади. Турмушнинг дастлабки йилларида эр-хотин икки қиз фарзандли бўлишади. 1921 йилда оиланинг биринчи қизи туғилди. Орадан 4 йил ўтиб эса дунё Маргарет юзини кўради. Шундай қилиб бир пайтлар Робертсда мавжуд бўлган кўз билан боғлиқ муаммо уни уруш ва катта эҳтимол билан ўлимдан қайтариб қолган ҳолда жаҳон сиёсатига ўта кучли шахсият, темир ирода, юқори салоҳият ва асов табиатга эга Маргарет Тэтчерни тақдим қилади.

Кимёгарликдан сиёсий даҳоликка қадам

Бўлажак Бош вазир отасининг баққоллик ишлари аста-секин ривожланаётган бўлишига қарамай, оиладаги яшаш сифати ҳавас қиларли даражада эмасди. Улар ўзларига қарашли баққоллик дўконининг устидаги жуда тор уйда истиқомат қилишарди. Уйда сув ва марказий иситиш тизими билан бир қаторда ҳатто ёпиқ ҳожатхона ҳам бўлмаган. Бироқ тақдир барибир бу оилага кулиб боққан ва Маргаретнинг отаси тадбиркорлик фаолияти билан бир қаторда сиёсий майдонда ҳам омади юришиб кетганди. У ҳатто 1940 йилларнинг ўрталарида Грантҳам шаҳри мери лавозимини эгаллайди.

Маргарет сиёсатчи бўлишни ёшликдан орзу қилган. Бироқ навбат таълим олишга келганда у Оксфорд университетининг кимё факультетини танлади. Шундай бўлса-да, кўнгил сиёсатда фаол бўлишни талаб қилишдан тўхтамади. Бўлажак “темир хоним” Оксфорд университети консерватив ассоциациясининг биринчи аёл президентларидан бирига айланди. Бу лавозим жуда ҳам расмий бўлмаса-да, бошқарув ҳавосидан нафас олиш учун яхши дастлабки қадам эди. Бироқ айнан шу омил ёш Маргаретнинг кейинчалик Консерваторлар эътиборига тушиши ва сайловларда уларнинг партиясида қатнашишда муҳим роль ўйнаган.

Гарчи у сиёсий доирада шуғулланишни режалаштирган бўлса-да, 1947 йилда ўқишни тугатгандан сўнг тўрт йил давомида турли жойларда кимёгар олим сифатида фаолият юритди. Дастлаб пластмасса компаниясида тадқиқотчи кимёгар сифатида ишлаганидан сўнг, Тэтчер “Ж. Lyons and Co.”да озиқ-овқат олими бўлиб ишлади ва у ерда музқаймоққа юбориладиган ҳаво миқдорини кўпайтириш усулини ўйлаб топди. Бу эса кейинчалик кам харажат ва кам ингредиентлар билан ишлаб чиқарилиши мумкин бўлган “Whippy” музқаймоқ брендининг яралишига олиб келди. Маргарет ушбу йилларда сиёсатга кириш учун ўзининг дастлабки жиддий қадамини ташлади. У биринчи марта 1950 йилда парламентга номзодини қўйган ҳолда сайловда қатнашди, аммо ушбу ҳаракат якунда муваффақиятсиз тарзда тугади. Бироқ бу ҳали бошланиши эди. Уни олдинда турмуш ва ишда ўта омадли даврлар кутаётганди.

Бахт қуши

Кунлардан бир кун ёш олиманинг бошини жуда улкан бахт қуши чангаллаб олди. У 1951 йилда бой ва биринчи турмушидан ажрашган тадбиркор Денис Тэтчерга турмушга чиқади. Барчаси аслида шу лаҳзалардан бошланган. Бу воқеадан сўнг Маргарет дарҳол илмий фаолиятдан воз кечади. Кейинчалик “темир хоним” ўзининг телевизион интервьюларидан бирида ҳаётининг ушбу бурилиш нуқтасини “мен лабораторияда узоқ вақт қолишни ёқтирмасдим, мени одамлар билан ишлаш кўпроқ қизиқтирарди” дея эслайди.

1953 йилда эндиликда Тэтчер фамилиясини қабул қилган ёш Маргарет эгизак фарзандларни дунёга келтиради. Она бўлганидан бир йил ўтиб у ўзи хоҳлаган “одамлар билан ишлаш” истагини амалга оширишни бошлайди. Бироқ бу фаолият ҳали сиёсий майдонда эмас, балки юридик соҳада олиб борилди. Тэтчернинг янги иши солиқ қонунчилигига ихтисослашган адвокатлик эди. Маргарет Тэтчернинг турмуш ўртоғи Денис унинг сиёсий амбицияларини қўллаб-қувватлади. Бизнесмен ўз рафиқасини парда ортида турган ҳолда унга ўта мустаҳкам суянчиқ вазифасини ўтади. Бу жараён уларнинг бутун турмуши ва  Тэтчернинг сиёсий фаолияти ҳамда унинг Бош вазирлик курсисида ўтирган йилларида ҳам давом этди. Бутун дунё Маргарет ва унинг сиёсий фаолиятини муҳокама қилар экан, “темир хоним”нинг асл чилангари бўлган Денис Тэтчерни кўп ҳолларда мавзудан четда қолдиришади.

Бироқ ҳақиқат шуки, Маргаретнинг ҳокимиятга келиши, ХХ асрда кетма-кет уч муддатга ғалаба қозонган ягона Британия бош вазири бўлгани, 1827 йилдан бери Британиянинг энг узоқ вақт давомида доимий Бош вазирлик курсисида қолгани ва Уинстон Черчиллдан кейинги мамлакатнинг энг машҳур сиёсий раҳбари сифатида тарихда қолишида Денис Тэтчер ҳал қилувчи ролни ўйнаган. Буни Тэтчер хоним ҳам ўз мемуарида тан олган. У агар Денис ёнида бўлмаганида ҳеч қачон 11 йил давомида Бош вазирлик мақомида мустаҳкам тура олмаслигини ўзининг таржимаи ҳолида ёзиб ўтган. Шунингдек, Маргарет ушбу таржимаи ҳолида ўз жуфтини “ақлли маслаҳатлар фонди” дея таърифлаган. Лекин катта эҳтимол билан Денис Тэтчер “темир хоним” учун нафақат маслаҳатлар фонди вазифасини бажарган, балки унинг сайлов компанияларида асосий молиявий донор ҳам бўлганлиги эҳтимоли юқори. Хулоса қилиб айтганда, тадбиркор эр сиёсатчи хотин учун ҳокимият тепасига чиқиш учун мустаҳкам нарвон вазифасини ўтаган.

Бошқарувга келиш

Турмушдаги барча масалаларни тахт қилган Тэтчер хоним парламентга киришга қаттиқ бел боғлайди. Ва ниҳоят, ўзининг дастлабки уринишидан 9 йил ўтиб, 1959 йилда Жамоалар палатасига киришга муваффақ бўлди. Бунгача бўлган вақт давомида Маргарет икки бор сайловда ўз номзоди билан иштирок этган ва иккисида ҳам имкониятни бой берган. Бироқ бунда асосий сабаб ҳудуд билан боғлиқ эди. Хусусан, у 24 ёшида 1950 йилги сайловлар чоғида Жамоатлар палатаси депутатлигига номзод бўлган энг ёш номзод эди. Тэтчер бу масалада кескин курашга дуч келди. У қатнашган сайлов округида овоз берувчилар мухолифатдаги Лейбористларга мойил бўлганлиги сабабли Маргаретга омад бироз етишмади. Шундай бўлса-да, у оммавий ахборот воситаларининг эътиборини тортди. Бир йил ўтиб бўлажак сиёсий даҳо Дартфорд округида яна ютқазди. 

Турмуш ва юридик соҳадаги фаолияти туфайли сиёсий майдонда бироз тин олган темир хоним ўз орзусидан воз кечмади. У аввалги хатоларидан хулоса қилган ҳолда сайлов округини алмаштирди ва юқорида таъкидлаганимиздек 1959 йилда Лондоннинг шимолидаги Финчли консерватив округида ўз номзодини қўйганидан сўнг ниҳоят парламентдан ўрин эгаллади.

У партия ичида барқарор ўсиш кўрсатган ҳолда бир қанча лавозимларда фаолият юрита бошлади. “Темир хоним” 1961–64 йиллар мобайнида Нафақа ва миллий суғурта вазирлигида парламент котиби бўлиб ишлади. Кейинчалик маълум танаффусдан сўнг 1969–70 йилларда мухолифатнинг таълим бўйича бош вакили, ундан сўнг бир йил давомида таълим ва фан бўйича давлат котиби лавозимларида фаолият олиб борди. Ва ниҳоят, Тэтчер 1975 йилдан бошлаб Консерваторлар партиясига раҳбарлик қилишни бошлади. Бу унинг сиёсий юришларидаги янги босқич эди. Сабаби партия раҳбари сифатида бир кун келиб бош вазирлик курсисига номзод сифатида тақдим қилиниш эҳтимоли юқори ҳисобланади. Шундай ҳам бўлди ва 1979 йилда грантҳамлик баққолнинг қизи яқин ўтмишда сайёранинг энг қудратли давлати мақомини узоқ вақт ўзида сақлаб келган Буюк Британиянинг сиёсий раҳбари лавозимига сайланди. Энг қизиғи, у бундай сайловларда умумий ҳисобда яна икки маротаба 1983 ва 1987 йилларда ҳам ғалаба қозонган ҳолда Бирлашган Қироллик ва унинг мамлакат ҳудудидан ташқаридаги ҳудудларини бошқарди.

Унинг бу ютуғида кўплаб омиллар муҳим роль ўйнаган. Хусусан, Тэтчер бош вазир этиб сайланишидан олдин жуда кучли антикоммунистик қарашларга эга эканлиги билан қолган оппонентларидан ажралиб турарди. Ушбу мавзудаги кескин нутқлари унинг сиёсий имижига анча ижобий таъсир қилди. Бундан ташқари, у Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилотини (НАТО) ва Британиянинг мустақил ядровий сиёсатини қатъий қўллаб-қувватлади. Бу позиция сайловчилар орасида жуда ижобий қабул қилинди ва келгусида “темир хоним”нинг муваффақиятларини таъминлаб берди.

Ўжар ислоҳотчи

Маргарет Тэтчер ҳокимият тепасида турган 11 йил давомида бир қатор ислоҳотлар ўтказган ва унинг ўша даврда ҳам ҳозир ҳам энг кўп тилга олинадиган таҳсинга сазовор иши бу давлатнинг иқтисодиётга аралашувини кескин даражада чеклаш бўлди. У давлатнинг иқтисодиётга, жумладан, давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва давлат уй-жойларини ижарачиларга сотишидаги ҳаддан ташқари ортиқча аралашувига чек қўйди. Бу бозор иқтисодиётининг энг асосий талабларидан бири эди. Капиталистик дунёда Тэтчернинг бу ҳаракати иқтисодиётда статизмдан либерализмга ўтиш деб номланади. Мазкур ислоҳот зўриқишларсиз ўтмади. Давлат бюджетига канадек тирмашиб олган қатор боқимонда корхоналардан воз кечилди. Оқибатда эса ишсизлик икки баробарга кўпайди. Шу ўринда инфляция ҳам бор-йўғи 14 ой ичида икки баробарга ошган ҳолда, ишлаб чиқариш саноати кескин пасайди. Гарчи биринчи муддат тугагунга қадар инфляция пасайган ва ишлаб чиқариш кўпайган бўлса-да, ишсизлик ўсишда давом этди ва 1986 йилда уч миллиондан ошди.

Бироқ бу каби орқага кетишлар Тэтчерни ўз йўлидан қайтармади. Унинг даврида ички сиёсатда асосий эътибор хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилди. Бундан ташқари, у инфлацияга қарши курашишни ўзининг асосий вазифаси этиб белгилаганди. Тэтчер иккинчи мандати давомида Буюк Британиянинг Европа ҳамжамияти билан муносабатлари бўйича жуда ҳам принципиал қарама-қаршилик билан ажралиб турди. 1984 йилда у қаттиқ қаршиликлар остида Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи бюджетига қўшган ҳиссасини кескин камайтиришга муваффақ бўлди. 1987 йилдаги учинчи сайловдаги ғалабасидан сўнг у Европа интеграциясига нисбатан тобора душманона муносабатда бўлди. Тэтчер доимий равишда ягона валютага ва чуқурроқ сиёсий иттифоққа қаратилган “федералистик” континентал тенденцияларга қаршилик кўрсатди.

Тэтчернинг касаба уюшмалари билан кечган ўзаро жанги эса бу алоҳида мавзу. Тэтчер 1978-79 йиллар қишидаги олти ҳафталик ишташлашлар давомида мамлакатни тўхтатиб қўйган касаба уюшмаларини жиловлашга ваъда бериб, лавозимга кирди. Унинг ҳукумати касаба уюшмаларининг ишташлашларни ташкил этиш ва уюштириш қобилиятига путур етказиш учун бир қатор чора-тадбирларни жорий қилди. Чунки касаба уюшмалари жуда кенг кўламдаги ишташлашларни ташкил қилиш орқали мамлакат иқтисодиётини “кома” ҳолатига тушириб қўяётганди. Унинг бу соҳадаги ислоҳотлари касаба уюшмаларидан иш ташлашни буюришдан олдин унда қатнашувчи аъзолар рўйхатини сўраш, ҳамдардлик ишташлашларини тақиқлаш ва касаба уюшмалари томонидан етказилган зарар учун унинг аъзоларини жавобгарликка тортиш кабилардан иборат эди. Бу ислоҳот Тэтчернинг қатъиятлилиги туфайлигина ўз самарасини берди.

Хусусан, 1984 йилда кончилар миллий уюшмаси ҳукумат самарасиз деб даъво қилган 20 та кўмир конларининг ёпилишига йўл қўймаслик учун умуммиллий ишташлашни бошлади. Тахминан бир йил давом этган ишташлашлар кўп ўтмай консерватив ҳукумат ва касаба уюшмалари ҳаракати ўртасидаги ҳокимият учун курашнинг тимсолига айланди. Тэтчер иттифоқ талабларини қондиришдан қатъий бош тортди ва охирида у ғалаба қозонди. Бу эса кончиларни бирорта ҳам имтиёзга эга бўлмай, ўз иш жойларига қайтишига сабаб бўлди.

“Чеклов хоним”

Темир хоним иқтисодий реформалар билан бир қаторда ижтимоий соҳани ҳам унутмади. Лекин бу соҳадаги у томонидан қилинган янгиликлар омма учун салбий аҳамиятга эга чеклашлар билан эсда қолди. Соғлиқни сақлаш, таълим ва уй-жой каби ижтимоий хизматларга харажатлар қисқарди. Кейинги чеклов шубҳасиз катта таваккалчилик эди. Хусусан, у касаба уюшмаларига нисбатан бир қанча ҳуқуқий чекловлар ўрнатгани ҳақида айтгандик. Бу эса аҳолининг энг катта қисмини ташкил қилувчи оддий ишчи қатлам билан тўғридан тўғри тўқнашув бўлишини англатарди. Бироқ бу ҳолатда Тэтчер ўзининг ҳақиқий темир иродасини намойиш қилди.

Бош вазир лавозимига келмасидан олдин ҳам Тэтчер камчиқимлик ва лимитлар борасида сиёсий элита орасида ном қозонган. Бундай ҳаракатларидан бири унга ҳатто ўзига хос лақаб ҳам олиб келган. Совет газетаси уни 1976 йилда коммунизмга қарши чиққан кескин нутқидан кейин “Темир хоним” деб атагунига қадар Тэтчер ғалати лақаб билан танилган эди. У таълим бўйича котиб бўлиб хизмат қилганида, бюджет харажатларини қисқартириш учун 7 ёшдан 11 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари учун бепул сут дастурини тугатади. Бу ишидан сўнг сиёсий мухолифлар ва оммавий ахборот воситалари уни “сут ютувчи” деб аташган, “The Sun” газетаси эса унга “Британиядаги энг номақбул аёл” деган тамға босганди.

Тэтчерга ҳокимиятни қайтариб берган уруш

Мамлакат аҳолисининг катта қисмини ташкил қилувчи ишчилар манфаатларини ҳимоя қилувчи касаба уюшмаларига қарши кураш Тэтчерни ҳокимиятдан қулатишга бир бахя қолганди. Бунга эса ишсизлик сонининг ортиши ва инфлациянинг юқорилаши ҳам қўшилганди. 1983 йилги умумий сайловлардан олдин, Тэтчерда ўз легитимлигини сақлаб қолиш муаммоси пайдо бўлди. Сайлов йили етиб келмасдан бу масалани зудлик билан ҳал қилиш лозим эди. Тез орада муаммонинг ечими ҳам топилди. Бу ечим эса Фолкленд оролларида эди.

Британиянинг ўша пайтдаги сиёсий характерига мутлақо зид бўлса-да, улар ўша пайтда ўзларининг эски ва қадрдон мустамлакачилик тузумларини қўмсаб қолишди. Тўғри, Фолкленд масаласи шунчаки ўйлаб топилган эмас ва бу келишмовчилик анча олдин мавжуд бўлган. Бироқ айнан сайловдан бир йил олдин ушбу можарони ҳал этиш хоҳиши пайдо бўлганлиги бир томондан жуда қизиқ. Нима бўлган тақдирда ҳам, 1982 йилда Аргентина билан олиб борилган урушда Британия ўзининг тарихдаги колониал тафаккурини намойиш қилган ҳолда урушда ғалаба қозонди ва мазкур натижа кейинги сайловларга ўз таъсирини ўтказмай қолмади.

Чўққидаги сўнгги нафас

Бошқа сиёсатчилар сингари Маргарет Тэтчернинг ҳам фаолияти оқ ва қора саҳифаларга бўлинади. Тэтчер ҳукмронлик йилларида Британия учун ўзи тўғри деб билган ва қўлидан келган барча ишни амалга оширди. Хусусан, у ҳукумат раҳбарлигига келмасдан олдин мамлакатдаги ўртача умр кўриш ёши эркаклар учун 70 ва аёллар учун 76 йилни ташкил қилган бўлса, 1990 йилга келиб ҳар икки жинс вакиллари учун ўртача умр кўриш 3 йилга кўпаяди. Аҳоли умрининг узайиши тиббиёт яхшилангани ва иқтисодиёт ўсиши билан боғланишини ҳисобга оладиган бўлсак, Тэтчер 11 йилни бекор ўтказмаган. Аммо унинг ислоҳотлари ҳар доим ҳам самара беравермаган ва ўзи билан жиддий оқибатларни етаклаган. Масалан, Британия фуқаролари ўртасидаги тенгсизлик ва қашшоқликнинг ўсишини “темир хоним”нинг гарданига юкласак муболаға қилмаган бўламиз. Масалан, Фискал тадқиқотлар институти маълумотларига кўра, Тэтчер даврида қашшоқлик ошган. 1979 йилда паст даромадли аҳоли 13 фоизни ташкил қилган бўлса, 1990 йилга келиб бу кўрсаткич 22 фоизга етади.

Шундай қилиб, ҳокимиятдаги дастлабки йилларда солиқларни туширган Тэтчер, кейинчалик бу масалада тўнини тескари кийди. 1989 йилда сўров солиғининг жорий этилиши кўча зўравонликларининг авж олишига олиб келди. Бу солиқ мамлакат аҳолисининг овоз бериш ёшига етган аҳолисидан ундириладиган тўлов эди. Мазмунан жуда ажабланарли ва шаклан сайловда қатнашиш учун мулк цензини эслатиб юборувчи қарорнинг қабул қилиниши “темир хоним”нинг тагига сув қуйди. Оммавий сўровнинг маъқулламаганлиги ва Тэтчернинг тобора кескин оҳанги туфайли парламентнинг консерватив аъзолари 1990 йил ноябрь ойида унга қарши чиқди. Гарчи у ўзининг энг катта рақиби, собиқ мудофаа вазири Майкл Хеселтинни 204 овоз билан мағлуб этган бўлса-да, ҳокимиятдаги умри ўз ниҳоясига етиб бораётганини ич-ичидан ҳис қилган Тэтчер 22 ноябрь куни Консервативлар партияси раҳбари ва бош вазир лавозимидан истеъфога чиққанини эълон қилди. Шундай қилиб, баққоллик дўконининг устида дунёга келган ва ўз ишини кимёгар олималикдан бошлаб, кейинчалик 11 йил давомида ўша даврда дунёнинг энг кучли уч давлатидан бири сифатида кўрилган мамлакатнинг сиёсий раҳбари ҳақидаги ҳикоя ўз ниҳоясига етди. Нима бўлган тақдирда ҳам Тэтчер аёл боши билан сиёсий иқтидорда жуда узоқ қолди. У бу мавқеда шунчаки турмади, балки фаолияти давомида дунё сиёсатининг об-ҳавосига анча таъсир ҳам қилди. Аммо ҳар бир стартнинг ўз финиши бор. Бошқарув тепасидаги курсининг эса доимий эгаси йўқ. Тэтчер ҳам сиёсат ўрмонидаги ушбу олтин қоидалардан мустасно эмасди.


Мақола муаллифи

Теглар

Маргарет Тэтчер Сиёсий даҳо “темир хоним” Денис Тэтчер Британиянинг сиёсий раҳбари “сут ютувчи”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар