Бағдодда вазият кескинлашяпти. Қурбонлар 30 нафарга етди
Олам
−
30 Август 2022
7024Ироқ пойтахти Бағдодда қуролли тўқнашувлар оқибатида ҳалок бўлганлар 30 нафарга етди. Бу ҳақда “Al Hadath” телеканали хабар берди.
Ироқнинг “Rudaw” телеканалига кўра, тўқнашувларда камида 380 киши жароҳатланган.
Бугун, 30 август куни эрталаб Бағдоднинг ҳукумат идоралари ва хорижий элчихоналар жойлашган “яшил зонаси”га ракета ҳужумлари содир этилгани ҳақида хабарлар келди. “Sky News” Arabia”нинг хабар беришича, тўртта ракета билан зарба берилган.
“Al Arabiya” телеканалининг сешанба куни хабар беришича, Ироқ парламенти биноси жойлашган ҳудудда RBG-6 гранатомётларидан фойдаланилган.
“Al Jazeera” телеканалига кўра, бугун кечқурун Ироқдаги ҳукумат вакиллари ва қатор сиёсий кучлар раҳбарлари “Яшил ҳудуд”да ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар ўтказган, бироқ эришилган келишувлар ҳақида маълумот берилмаган.
Маълумот учун, кеча, 29 август куни сиёсатдан кетишини эълон қилган шиа имоми Муқтадо ас-Садрнинг юзлаб тарафдорлари Ироқ пойтахтидаги “яшил ҳудуд”ни эгаллаб, Республика саройини ўраб олиб, бинога киришди. Бутун мамлакат бўйлаб жорий қилинган комендантлик соатига қарамай, Ироқ пойтахти ва қатор минтақаларида тўқнашувлар давом этмоқда. Бағдодга қўшин ҳам киритилган.
Эслатиб ўтамиз, июль ойи охирида Бағдодда Муқтадо ас-Садр тарафдорларининг норозилик намойишлари қайта бошланди. Намойишчилар бир неча марта парламент биносини эгаллаб олди. Август ойида ас-Садр мамлакат суд тизимини парламентни тарқатиб юборишга, мамлакат Президентидан эса қонун чиқарувчи органга муддатидан олдин сайловлар санасини белгилашни сўраган эди. Бироқ Ироқ Олий суд кенгаши буни рад этган.
LiveБарчаси