Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонда янги халқаро телеканал очишни таклиф қилди

Жамият 5225
image

Ўзбекистонда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар – Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини намоён этувчи алоҳида телеканални ишга тушириш режалаштирилмоқда. Ушбу таклиф Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов томонидан кеча, 23 июнь куни ташкилотга аъзо давлатлар Туризм вазирларининг V йиғилишида илгари сурилди. 

Абдуҳакимов томонидан Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши туризм салоҳияти ва бошқа йўналишлар тарғиботи учун хизмат қилувчи алоҳида телеканал яратиш таклифи берилди. Ушбу йўналишдаги ҳамкорлик иштирокчи мамлакатлар орасида эфир вақтини тақсимлаш орқали амалга оширилади. 

“Биз туркий тилли давлатлар маданияти ва анъаналарини намойиш этувчи турли фестивалларни ташкил қилиш ҳамда уларнинг ўтказилишини  иштирокчи мамлакатларнинг маданий тадбирлар ягона тақвимини шакллантириш орқали биргаликда тарғиб қилишни таклиф этамиз”, дейди Абдуҳакимов 

Бош вазир ўринбосари иштирокчиларга Ўзбекистонда ўтказилаётган “Мақом”, “Бахши”, Халқ амалий санъати фестивали каби йирик маданий-оммавий фестивалар ҳақида маълумот берган. 

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 14 сентябрь куни “Ўзбекистон Республикаси томонидан Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг тузилиши тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилиш тўғрисида”ги Қонунни имзолаган эди. 2019 йил 15 октябрь куни Озарбайжон Республикасининг Баку шаҳрида бўлиб ўтган ТТДҲК саммитида Ўзбекистон Республикаси тўлақонли аъзо сифатида қатнашган ва унда Ўзбекистон раҳбари иштирок этган. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 81
Рейтинг: 3
t
×