Азим Муллахонов онаси ишлаган театрга директор этиб тайинланди

Маданият-санъат

image

Ўзбекистон ва Қозоғистонда хизмат кўрсатган артист Азим Маллахонов Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри директори лавозимига тайинланди. Тайинлов бугун, 22 февраль куни амалга оширилган. 

Бугуннинг ўзиида Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги вакиллари ва театр жамоаси иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган. Унда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири ўринбосари Баҳодир Аҳмедов иштирок этиб, жамоага Азим Муллахоновни таништирган. 

Шунингдек, йиғилишда жамоага театрнинг янги бош режиссёри этиб Достон Ҳақбердиев таништирилган. 

Азим Муллахонов санъаткор ўлароқ театр ва актёрликдан узоқ бўлсада, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри унинг ҳаётида муҳим ўринга эга. У умрининг сўнггига қадар Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида ишлаган Ўзбекистон халқ артисти Фароғат Раҳматованинг яккаю ёлғиз ўғли. Фароғат Раҳматова 2014 йил 88 ёшида вафот этган.

Маълумот учун, Азим Муллахонов 1960 йилнинг 17 февраль куни Тошкентда туғилган. Унинг санъат соҳасига кириб келиши ёшлик кезларига бориб тақалади. 15 ёшида у Муқимий театрига овоз муҳандиси сифатида ишга қабул қилинган. Ундан сўнг Ўзбекистон халқ артисти Наби Халилов дирижёрлигидаги оркестрга гитарачи сифатида ишга олинган. 1990 йили ўтказилган Ботир Зокиров номидаги танловда олий ўринни қўлга киритгач, қўшиқчиликка бўлган эътиборини янада кучайтирган. Шунингдек, у “Шайтанат” телесериали учун ижро этган қўшиғи туфайли халқ эътиборига тушган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг