Ажабо! “Netflix" “Кальмар ўйини”ни ҳаётда ўтказмоқчи

Олам 7625

Американинг “Netflix” стриминг платформаси Жанубий Кореянинг “Кальмар ўйини” сериалидаги воқеалар асосида махсус реалити шоу ўтказмоқчи. Ушбу шоу учун кастинг аллақачон эълон қилинган. Бу ҳақда компания расмий хабар берган.

Жанубий Корея сериалидаги каби, янги лойиҳа муаллифлари 4,56 миллион доллар мукофот учун курашадиган 456 нафар иштирокчини бир том остида тўпламоқчи.

“Мукофот катта, лекин бу ўйинда энг ёмон тақдир уйга қуруқ қўл билан қайтишдир”, дейилади хабарда.

Реалити шоунинг шартлари сериалдаги каби бўлади. “Netflix” шоу иштирокчиларининг ҳаёти ва соғлиғи, сериалдан фарқли ўлароқ, хавф остида қолмаслигига ишонтирмоқда. 

Иштирокчилар учун кастинг эълон қилинган. Бунинг учун ҳатто махсус веб-сайт ҳам ишга тушган. Номзодларга қўйиладиган асосий талаб – инглиз тилини билиш.

Реалити шоунинг биринчи мавсуми “Squid Game: The Challenge” номи билан тақдим этилади ва 10 та эпизоддан иборат бўлади.

“Кальмар ўйини” сериали “Netflix”нинг энг муваффақиятли лойиҳаси сифатида тан олинган. Сериал кинорежиссёр Хван Дон Хёк томонидан ишланган. Унинг премьераси 2021 йилнинг 17 сентябрь куни Netflix платформасида бўлиб ўтган. Сериал 25 кун давомида 111 миллиондан ортиқ томоша қилиниб, дунёнинг 94 давлатида топ-10 таликда биринчи ўринни қўлга киритган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 0
Рейтинг: 3
t
×