Айрим озиқ-овқат маҳсулотлари учун ҚҚС имтиёзи 4 ойга узайтирилиши кутилмоқда
Жамият
−
23 Декабрь 2021
6002Ўзбекистонда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари импорти ва реализацияси учун қўшимча қиймат солиғидан (ҚҚС) берилган имтиёзлар муддати узайтирилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали маълум қилди. Депутатнинг қайд этишича, унинг имтиёз борасида Ҳукуматга киритган таклифи бугун, 23 декабрь куни маъқулланган.
Гап шундаки, жорий йилда Парламент томонидан 2021 йил 1 майдан 31 декабргача бўлган муддатда кунгабоқар ва соя уруғлари ҳамда ўсимлик ёғи импорти, шунингдек ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва ички бозорда реализация қилиш ҚҚСдан озод этилганди.
Бундан ташқари, икки ой аввал солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларга асосан 2021 йил 10 октябрдан жорий йил охиригача гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошка ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ҳам ҚҚСдан озод қилинганди.
“Яқинда бўлиб ўтган Бюджет лойиҳаси муҳокамаси доирасида 2022 йилда инфлация даражасини жорий йилга нисбатан пасайтириш, аҳолини харид қобилиятини ошириш ва энг асосийси истеъмол таркибидаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини барқарор сақлаш мақсадида Ҳукумат вакиллари, жумладан Бош вазир ўринбосари Жамшид Aнваровичдан озиқ-овқат маҳсулотлари учун жорий йил охиригача берилган ҚҚС имтиёзлари муддатини узайтириш масаласини кўриб чиқишни сўрагандим.
Бугун Парламентга Ҳукумат томонидан киритилган қонун лойиҳасида айнан шу таклиф инобатга олиниб, жорий йил охиригича берилган имтиёзлар муддати яна 4 ой муддатга чўзилиши назарда тутилмоқда”, деб ёзади Ғаниев.
Ушбу қонун лойиҳасига асосан 2022 йил 30 апрелга қадар қуйидагилар ҚҚСдан озод қилинади:
• Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагини олиб кириш;
• ўсимлик ёғини (пахта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма;
• гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек уларни мамлакат ҳудудига олиб кириш.
Қонун лойиҳаси келгуси парламент ялпи мажлисида депутатлар томонидан кўриб чиқилгач, маъқулланса, Сенатга юборилади. Шунга кўра, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари импорти ва реализацияси учун қўшимча қиймат солиғидан (ҚҚС) берилган имтиёзлар муддати узайтирилади.
LiveБарчаси