“Аёллардан гўнг ҳиди келяпти”. Сенатор газ етишмовчилиги ва одамлар тезак ёқаётгани ҳақида

Жамият

image

2020 йил 30 октябрь куни Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда табиий газ қувурлари тизимининг ҳолати ва ушбу соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Сенат Матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланганидек, парламент сўровида кўтарилган муаммолар бўйича ёқилғи-энергетика тармоғидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, шу жумладан, истеъмолчиларнинг тобора ошиб бораётган табиий газга бўлган эҳтиёжини қондириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган.

Бироқ аҳоли билан мулоқотлар, жойлардаги ўрганишлар, табиий газ қувурлари тизими аҳволи, тармоққа оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили ушбу соҳада қатор тизимли муаммо ҳамда камчиликлар ҳали ҳам сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда.

Йиғилишда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов жойларда аҳолини газ билан таъминлаш йилдан йилга салбий томонга қараб ўзгараётганини танқид қилди.

“Ўртачирчиқ туманидаги бўлган ҳолатни айтиб берай. Бир ёши катта онахон келиб айтяпти: “яқинроқ келиб, мени ҳидланг, биздан – аёллардан гўнг ҳиди келяпти. Тезак ёқяпмиз. Хоҳлаган хонадонингизга кириб, кўринг”. Мингдан ортиқ одам билан учрашув ўтказаётгандик. Трубалар бор, илгари газ бўлган. Мурожаат қилса, “Ҳудудгазтаъминот” нима деб жавоб беряпсизлар: газ мабодо узилиб қолса, бир неча йилдан бери газ ўзи умуман йўқ , суюлтирилган газ билан таъминлаймиз, деб 12 килодан газ бериб, мана ҳалигача йўқ. одамлар ёзиб ётибди”, деган сенатор "Mening yurtim" телеканали лавҳасида.

Муҳокамалар вақтида бугунги кунда “Худудгазтаъминот” АЖ тасарруфида республика бўйича жами 89 172,1 км газ қувурлари мавжуд бўлиб, ушбу газ қувурларининг 20 525,3 км қисми 10 йилгача, 25 729,2 км қисми 10-25 йилгача, 42 917,5 км қисми эса 25-30 йиллар ва ундан ортиқ муддат фойдаланиб келинаётгани таъкидланди.

Шулардан 766,4 км газ қувурлари ўз вақтида алмаштирилмаганлиги сабабли мукаммал таъмирталаб, яъни тўлиқ янгилаш холатига келиб қолган. 

“Қайд этиш лозимки, ушбу қувурларни зудлик билан алмаштириш чоралари кўрилмаган тақдирда табиий газ исрофгарчилиги кундан-кун ортиб бориши, турли авариялар ва бахтсиз ҳодисалар содир бўлиши мумкин”, дейилади Сенат хабарида.

Билдирилишича, бу борада “Худудгазтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан эса 2020 йилда бор йўғи 68,4 км. газ тармоқлари мукаммал таъминланган ва 49,2 км. реконструкция қилинган.

Компания тасарруфидаги 16 757,6 км ер ости пўлат газ қувурларини электро-кимёвий химоя учун  фақатгина 1305 та электр кимё химоялаш воситалари ишлатилмоқда. Ушбу воситаларни лойиҳа асосида тахминан ҳар 2-3 км га ишлатилишини ҳисобга олсак ер ости пўлат газ қувурларининг бор йўғи 2610 км қисми, яъни 16 фоизи электро-кимёвий химояланган. 14 147,6 км ер ости пўлат газ қувурлари эса умуман химояланмаган.

“Ўзтрансгаз” АЖ тасарруфидаги магистрал газ қувурларининг лойиҳаларида кўзда тутилган 2 117 та электро-кимёвий ҳимоя станцияларидан, бугунги кунда фақатгина 1 097 таси, ишчи ҳолатда, 761 таси эса белгиланган талабларга умуман жавоб бермайди.

Энг ачинарлиси, 25-30 йиллик газ қувурларини алмаштириш имкони бўлмаётган пайтда, фойдаланувга яроқли бўлган газ қувурларини асраш чоралари кўрилмаган.

"Яна бир жиҳат. Бугунги кунда “Худудгазтаъминот” АЖ тасарруфидаги газ ростлаш пунктларининг сони 80 334 тани ташкил этади. Улардан 40 минга яқини 20-30 йилдан ортиқ муддат фойдаланиб келинмоқда. Чилангарлар штати қисқартилиши натижасида эса газ ростлаш пунктларига ўз вақтида техник хизматлар кўрсатилмаяпти", дейилади хабарда.

Шу билан бирга, “Худудгазтаъминот” АЖга қарашли шаҳар, тумангаз филиалларининг айрим ишчи ходимлари билим савияси ҳозирги талаб даражасида эмаслиги ва ўз вазифаларини тўлиқ бажармаётганликлари сабабли республика газ тизимида мавжуд бўлган техник қурилмаларга сифатли хизмат кўрсатилмаяпти.

Қўмита томонидан навбатдаги ялпи мажлис кун тартибига аҳолини газ билан таъминлаш масаласини ҳам киритиш белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

газ Қутбиддин Бурҳонов

Баҳолаганлар

184

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг