Aйбим ҳокимиятга ишонганим – “Tashkent City”дан қувилганлар

Таҳлил

Ҳаммага яхши таниш бўлган “Tashkent City” бундан 7 йил аввал ҳовли уйлардан иборат эски маҳалла эди. Бу ерлар Тошкент шаҳрининг “Ўқчи Олмазор” массиви бўлиб, ундаги 556 та тураржойда 1297 та оила доимий яшаб келган. 2015 йилги хатловга кўра, яна 979 та оила доимий рўйхатда бўлган.

2017 йили давлат раҳбарияти томонидан ушбу ҳудудда “Тashkent City” халқаро ишбилармонлик маркази қурилиши муносабати билан Ўқчи массивидаги уйлар бузилди. Одамларга Яшнобод туманида янги қурилаётган уйлардан олиб бериш ваъда қилиниб, яшаб турган жойлари бўшатилди. Афтидан, ҳукумат берган ваъдасини бажармаган кўринади. QALAMPIR.UZ’га мурожаат қилган фуқаролар 7 йилдан буён бузилган уй ўрнига шаҳар ҳокимияти турар жой беришини кутиб яшамоқда.

“Мана шу Олмазор маҳаллада туғилиб ўсганман, ҳозирги “Таshkent City”. Менинг уйим аввалроқ бузилган. 2007 йилда Корея компанияси томонидан у ер бу ердан бузилиш бошланган. Ўша маҳалда бизга компенсация ажратмоқчи бўлишган. Компенсация масаласи ҳал бўладиган пайтда компанияни прокуратура “босган”. Шу билан тўхтаб қолди, пул берилмади. 5 йилдан кейин Корея компаниясидан Шайхонтоҳур туман ҳокимлиги ерни қайтариб олди. 2015 йилда яна бузилиш тўғрисида қарор чиқди. Шунда менга ҳокимият қайтадан ҳужжат тайёрлаш кераклигини, комиссия уни кўриб чиқишини айтишди, негаки менинг уйим олдинроқ бузилиб кетган”, дейди Баҳодир ака.

Худди шу ҳолат Исроил Шамсиматовда ҳам кузатилган. Унга ҳам масъуллар уй берилишини ваъда қилган.

“Олмазор маҳалласи Киевский кўчаси 21 уйда туғилганман, шу ерда яшаганман. Уйда энг катта ўғил бўлганим сабабли уйланганимдан кейин бир девор қўшни ҳовлига – давлат корхонасига кўчиб чиққанман, ўша ерда қоровул бўлиб ишлаб, ҳам яшаганман. 2018 йилга келиб уй бузиладиган бўлди, мен турган жой давлат корхонаси бўлгани учун олдинроқ бузилди. Менга айтишдики,  сизнинг масалангизни ижобий ҳал қилиб берамиз, ҳозир бу ердан чиқишга мажбурсиз, деб”, дейди Исроил Шамсиматов.

Маълумотларга кўра, кўчириб чиқарилган аҳолини уй билан таъминлаш икки босқичда амалга оширилган. Биринчи босқичда, Ўқчи маҳалласидаги 1334 оиладан 1279 тасига ихтиёрига кўра, Яшнобод тумани Обод макон ҳудудидан хонадонлар топширилган. Яна 55 та оилани уй билан таъминлаш ишлари амалга оширилаётгани айтилган эди. Иккинчи босқичда эса рўйхатда турувчи, аммо доимий яшамайдиган фуқаролар масаласи ҳал этилган. Уларнинг иши махсус комиссия томонидан кўриб чиқилиб, 31 та оилага уй-жой ажратиладиган бўлган. Комиссия уй-жой билан таъминлашни маъқуллаганларнинг кўпчилигига ҳали ҳам уй топширилмаган.

“Тошкент шаҳар ҳокимлигидан, кадастрдан яна баъзи ташкилотлардан ходимлар юрарди уйни бузиш учун. Маҳалладошларим ҳақиқатда шу ерда яшашимга гувоҳлик бергандан кейин улар маҳалла бузилишга тушганини, менинг масаламни комиссия кўриб чиқишини айтди. Ҳақиқатда комиссия кўриб чиқиб, менга уй-жой ажратишни маъқуллади.

“Комиссиядан ўтасизлар, негаки олдинроқ бузилиб кетган сизларники, дейишди. Қайтадан ҳужжат қилдик, топширдик. Орадан 3-4 ой ўтгандан кейин чақиришди, кўриб чиқди ва менга 2 хонали уй ажратишни маъқуллашди. 2 хона ажратилгандан кейин энди хурсанд бўлиб турганимизда 3-4 ойда уй берилишини айтишди. 3-4 ойда уй оласизлар дейишганди. 3-4 ой ҳам ўтди, 6 ой ўтди, 1 йил ўтди, уйдан дарак йўқ. Лекин бошида уй берилаётганини эшитгандик, пандемия сабабли тўхтаб қолди. Пандемиядан кейин ариза ёзамиз, нуқул ҳозирча бўш уй йўқ, сабр қилинглар дейди. Ҳар сафар ваъда беришади, лекин ваъданинг устидан чиқмайди”, дейди Тошмуҳамедов.

Шаҳар ҳокимияти ваъдасининг устидан чиқмади

2021 йилда Шайхонтоҳур тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаевнинг Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга юборган илтимосномасида келтирилишича, 31 нафар фуқаро уй-жой билан таъминланмасдан қолиб кетган. Шайхонтоҳур тумани ҳокими Тўхтаев Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан ушбу 31 нафар фуқарога тураржой ажратиш бўйича илтимоснома юборган.

2024 йилга келиб Тошкент шаҳар ҳокимлиги муниципал активларни бошқариш маркази ДУК барча масъулиятни “Таshkent City” ХИМ дирекциясига юклаб қўйди. Фуқаро Тошмухамедовга юборилган хатда шундай ёзилган:

Сотув менежерларига кўра, “Tashkent City”даги Boulevard мажмуасида қурилиши тугалланмаган уйларнинг 1 кв метри нархи 4000 минг доллар. 3 хонали қурилиши тугалланмаган уйлар нархи 340 минг доллардан бошлаб 420 минг долларгача, 4 хоналилариники эса 464 минг доллар. Эслатиб ўтамиз, бу қурилиши тугалланмаган, халқ тилида айтганда “коробка” уйлар нархи. Ҳар ҳолда улар даромад солиғи, қўшилган қиймат солиғи тўлаётган бўлса керак. Пойтахт ҳокимлиги эса “Tashkent City”даги аввалги уйларнинг эгаларидан қарздор.

Шу йилнинг июль ойида Адлия вазирлиги томонидан “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, муҳокамалар порталига жойлаштирилди. Жамоатчилик фаоллари қонун лойиҳасида камчилик ва “лазейка”лар жуда кўп экани, бу қонун қабул қилинса хусусий мулк хавф остида қолиши мумкинлигини айтмоқда. QALAMPIR.UZ суҳбатлашган урбанист Искандар Солиев ундаги қатор камчиликларни моддама-модда санаб берди. Адлия вазирлиги мутахассислар ва фаоллар фикрини инобатга олиб, қонун лойиҳасини қайтадан кўриб чиқиб, мукаммаллаштирадими ёки йўқ, буниси вақт ўтгач маълум бўлади. Аммо кўпчиликда ҳукумат хусусий мулк дахлсизлигини ҳимоялашига бўлган шубҳа кучайиб боряпти.

Ўзбекистон дунё ҳамжамияти нигоҳида ҳали-ҳануз хусусий мулк борасида адолатсиз мамлакат. 2023 йилда Ўзбекистон Американинг “The World Justice Project” ташкилоти томонидан тузилган “Ҳукумат суд қарорисиз ва адолатли товон пулисиз мулкни мусодара қилмаслик” рейтингида 142 мамлакат ичида 137-ўринни эгаллаган. Мамлакатнинг мулкчилик билан боғлиқ тизими жуда ёмон баҳоланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made