Автомобиль сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинади
Жамият
−
15 Ноябрь 2021
14818Ўзбекистонда 2022 йил 1 январдан автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев хабар берди.
Қайд этилишича, 2022 йил учун давлат бюджети лойиҳаси ва бюджетномага кўра, фуқароларга мулкий муносабатларни амалга оширишда давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларини енгиллаштириш ва мулк ҳуқуқини тўлақонли тасарруф этишга қулай шароитларни яратиш мақсадида 2022 йил 1 январдан бошлаб автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинади.
“Шунингдек, Молия вазирлигидаги манбаларга кўра, “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга киритилиши кутилаётган ўзгартиришга асосан автомобиль олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш учун ундириладиган давлат божи, транспорт воситасининг от кучи ва ишлаб чиқарилган санасидан қатъи назар, БҲМнинг 3 баробари (810 минг сўм) этиб белгиланади (солиштириш учун амалдаги тўлов миқдори БҲМнинг 2 баробари (540 минг) дан 10 баробаригача (2млн. 700 минг)”, дея ёзади депутат.
Депутатнинг фикрига кўра, “2022 йил учун Давлат Бюджети тўғрисида”ги қонунни қабул қилиниши ҳамда “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартириш киритиш ортидан иккиламчи бозордан сотиб олинган автомобилни расмийлаштириш харажатлари кескин камаяди.
Амалдаги тартибга асосан от кучи 105 бўлган ва ишлаб чиқарилган санаси 3 йилдан кўп бўлмаган Nexia автомобилини олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш учун ўртача 5млн 535 минг сўм харажат талаб қилинаётган бўлса, қонунчиликка юқоридаги ўзгартиришлар киритилгандан сўнг (2022 йилдан) бу харажатлар тахминан 4 млн сўмга камайиб, 1,6 млн сўм атрофида бўлади.
LiveБарчаси