Автомобиль рақамини “жасад” сабабли яшириб олган шахс аниқланди

Жамият

image

Жиззах вилояти ҳудудида жойлашган автомобиль йўлида салонида инсон жасади борлигини айтиб, ёлғон гапириб, жарималардан қочиш мақсадида автомобиль рақамини яшириб олган ҳайдовчи аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ЙҲХББ хабар бермоқда.

Унга кўра, жорий йилнинг 7 январь куни Жиззах вилояти ҳудудида жойлашган “Манас-14” мунтазам ЙПХ масканида хизмат олиб борган ЙПХ ходимлари томонидан ушбу маскандан ҳаракатланиб ўтаётган давлат рақам белгиси устига “Груз-200” ёзуви ёзилган қоғозни ёпиштириб олган Cobalt русумли автомобиль тўхтатилганда, ҳайдовчи автомобилда инсон жасадини айрим сабабларга кўра олиб кетаётганини айтган.

Холислар иштирокида автомобиль салони ва юкхонаси текширилганда, ҳайдовчининг сўзлари ёлғон экани, ҳайдовчи йўллардаги фоторадарларга тушиб қолмаслик, тезликни меъёридан ошириб транспорт воситасини бошқариш мақсадида ана шундай ёлғонни ўйлаб топгани маълум бўлган.

Хабарга кўра, автомобиль ҳайдовчисига нисбатан Йўл ҳаракати қоидаларининг 3-иловаси, 7,15-банди (транспорт воситасида рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини кўринишини чеклайдиган, тўғри аниқланишига халақит берадиган ҳар-хил буюмлар ўрнатилган ва қопламалар билан қопланган бўлса)да белгиланган талабларни бузгани бўйича Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 127-моддаси 2-қисми (давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш) тартибида маъмурий баённома расмийлаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1367

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг