Автобус йўлаклари махсус тўсиқлар билан ажратилади
Олам
−
11:52 1190 1 дақиқа
Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракатини янада самарали ташкил этиш ва автобус йўлакларини махсус тўсиқлар билан ажратиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳрида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази хабар берди.
Мазкур янгилик орқали автобуслар учун мўлжалланган алоҳида йўлакларни аниқ ажратиш, ушбу ҳудудларга бошқа транспорт воситаларининг ноқонуний кириб кетишини чеклаш ҳамда жамоат транспорти ҳаракат тезлигини ошириш кўзда тутилган.
Мутахассислар фикрича, бундай амалиёт шаҳарда тирбандлик шароитида автобуслар ҳаракатининг барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Чунки амалда автобуслар учун ажратилган йўлакларга енгил автомобиллар ва бошқа транспорт воситаларининг кириб қолиши жамоат транспорти ҳаракатида кечикишларга сабаб бўлмоқда.
Ушбу ташаббус бу муаммонинг олдини олиш, ҳайдовчиларни йўл қоидаларига қатъий амал қилишга ундаш ва автобуслар ҳаракати учун устуворлик яратишга хизмат қилади.
Ҳозирча мазкур тизим қайси кўчаларда жорий этилиши юзасидан аниқ манзиллар очиқланмаган. Масъуллар бу ҳақдаги батафсил маълумот яқин кунларда эълон қилинишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳридаги 3 та чорраҳада “ақлли” светофорларни ўрнатиш учун ер қазиш, асфальт кесиш ва кабель ўтказиш ишлари бошлангани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси