Австриянинг 35 ёшли канцлери истеъфо берди 

Олам

image

Кеча, 9 октябрь куни Австрия канцлери Себастьян Курц истеъфога чиққанини эълон қилди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги ёзмоқда.

Қайд этилишича, у ўзида Австрия халқ партиясида раҳбарликни ҳамда мамлакат парламентига аъзоликни сақлаб қолган.

Сиёсатчи ўз қарорини “тартибсизликлар келиб чиқишини олдини олиш ва барқарорликни таъминлаш” истаги билан изоҳлаган.

“Ҳозир ишончни тиклаш муҳим. Ватаним мен учун шахсиятимдан устун”, дейди у. Курц канцлер вазифасини бажаришга мамлакат Ташқи ишлар вазири Александр Шалленбергни тайинлашни таклиф қилган.

Маълумот ўрнида, Австрия прокуратураси Курцни порахўрлик ва қонунбузарликда айблаб, унга нисбатан тергов бошланган. Унинг идорасида, партиянинг штаб-квартирасида ва Молия вазирлигида тинтув ўтказилди. Тергов ҳаракатлари, хусусан, Курцнинг расмий вакили Ёханнес Фришманн, оммавий ахборот воситалари комиссари Геральд Флейшман ва маслаҳатчи Штефан Штайнер офисларида ўтказилди.

Курцдан ташқари яна тўққиз киши ва учта ташкилотга нисбатан тергов олиб борилмоқда. “Die Presse” нашрининг ёзишича, канцслер атрофидагилар Австрия халқ партияси ҳақида ижобий шарҳлар берилган сўровларни нашр қилиш учун “Österreich” (Австрия) газетасига пора берганликда гумон қилинган. Тергов маълумотларига кўра, қонунбузарлик 2016 ва 2018 йиллар оралиғида содир этилган. Мамлакат Молия вазирлиги партия ҳақидаги ижобий материалларни жойлаштириш эвазига нашрдаги рекламаларни молиялаштириш учун бюджет маблағларидан фойдаланган.

Жорий йилнинг 6 октябрь куни кечқурун Курц унга нисбатан қўйилган айбловларни рад этган баёнот билан чиққанди: 

“Молия вазирлигининг реклама ёки сўровнома буюртма қилиши менинг кўрсатмам билан амалга оширилгани бўйича ҳеч қандай далил йўқ”.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

123

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг